Энди сиз билан бошқарув санъати, раҳбарликнинг одоблари ҳақида гаплашамиз. Агар омадингиз чопиб, бир идорага раҳбар этиб тайинлансангиз, ишни нимадан бошлаган бўлардингиз, деган саволга бирга жавоб қидирамиз.
Таниш манзара кўз олдимизга келади. Дўстлар, биродарлар сизни телефонда табриклашга тушмоқда. Яқин кишилар кабинетингиз олдида аллақачон пайдо бўлишган.
Дўстим, сиз мақтовларга асло берилманг ва кўпроқ идоранинг ҳал этилмаган муаммолари ҳақида бош қотиринг.
Сиз раҳбарлик курсисига ўтиргандан кейин ишни жамоанинг ҳар бир ходими билан яккама-якка суҳбат қуришдан бошланг. Кадрларнинг туғилган жойи, келиб чиқиши, оилавий шароитини алоҳида ўрганинг. Махсус билими ва ҳаётий тажрибаси ҳақида ҳам маълумотга эга бўлсангиз, фойдадан холи бўлмайди.
2
Шахсан ўзингиз бошқалардан фарқ қиладиган бошқарув услубини қўллашни бошланг. Одамлар ишлаш принципингиз – қаттиққўл, талабчан, айтганини қилдирадиган ёки юмшоқ киши эканлигингизни англагач, шундай “шароит”га мослашишни ўйлаб қолишади.
3
Ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг билим савияси, ишчанлиги, имон-эътиқоди ва ички маданиятига ҳам эътибор беринг.
Таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик – раҳбарнинг ишдан кетишини тезлаштиради, холос. Олдинги тузумларга хос бўлган иллатга урғу бериб, яна панд еб қолманг.
4
Қўрқитиш, пўписа усулларини ишлатманг. Бу ҳам эскирган, истиқболсиз иш услуби. Ҳар ишда оқибатни ўйланг.
Ҳар кунги ишингизни ширин муомала, такаллуф билан бошланг. Қобилиятли кишиларни топиб, уларни қўлланг, аммо истеъдодсиз, саводи йўқ, дангаса, сафсатабоз кадрларни тарбиялашга уринманг.
5
Идорангиз молиявий жиҳатдан бақувват бўлса, ходимларни рағбатлантириб туринг. Эскидан келаётган шу усул қўлланилса, ишингизда самара кўрина бошлайди.
6
Беш бармоқ баравар бўлмаганидек, ходимлар ичида мулойим, шартаки, хушомадгўй, инжиқ ва худбин кишилар учрайди. Сиз уларни феъл-хўйи, характерига қараб ишлатинг.
7
Топшириқни аниқ ва тушунарли ифода этинг. Ишхонада бу жуда муҳим омил. Агар самарани тезроқ кўришни истасангиз, ходимларга ўз шартларингизни дангал айтинг ва гапларингизни блокнотга ёздиринг. Нимани кутишингиз ва яхши уддалашса, ҳатто рағбатлантиришингиз мумкинлигини айтинг. Шунда ходимлар жонини жабборга бериб ишлайди.
8
Сиз ўзингиз учун қисқа (минимум) ва узоқ муддатли (максимум) режа дастурларни тузинг.
Уларни муовинлар ва жамоа аъзолари билан муҳокама қилиб, “пишитгандан” сўнггина, дадил ҳаракатни бошланг. Маслаҳат ва кенгаш ишда кўп асқотади.
9
Шарқона дипломатияга кўра, ходимларни мулойимлик, “устамонлик” билан ўз тарафингизга “оғдириб” олинг. Билимдон, шижоатли кишилардан жанговар “команда”ни тузинг.
Хушомадгўй, қуллуқ қилувчи одамлардан қочинг. Агар фидойи, садоқатли ходимлардан жамоани шакллантира олсангиз, ишларингиз силлиқ, самарали ва сифатли кечади.
10
Буйруқ, фармойишлар тайёрлаганда, қисқа муддатларни қўйинг. Унинг натижасини олдинроқ кўришни хоҳласангиз, муовинлар билан ишларнинг назоратини тўхтатманг.
11
Жамоа аъзолари руҳини кўтаришга ҳаракат қилинг. Ходимлар орасида аҳил, дўстона муҳитни яратинг. Айниқса, байрам кунлари бундай имкондан унумли фойдаланинг. Байрамлар ва зиёфатларда жамоа билан бирга бўлинг.
12
Тажрибали, ишчан ходимларнинг ютуғини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишни одат қилинг. Жамоа қўлга киритган улкан ишларни эътироф эта бошласангиз, одамларнинг руҳи кўтарилиб, меҳнатга иштиёқи ошади.
13
Ҳар бир ходимнинг рейтинг даражаси ва маълумот-харитасини тузиб чиқинг. Уларда жамоа аъзоларининг шахсий лаёқати, хислатлари, ички имкониятини қайд этиб боринг.
Қарс икки қўлдан чиқади, дейишади. Сиз ходимлардан билими, хоҳиш-истаги, шароитига қараб ишни талаб этсангиз, ишхонага қут-барака ёғилади.
14
Одамларнинг истеъдоди, касб-ҳунарини бемалол, бехижолат намоён эта олишига шароит туғдиринг. Иш вақтида тепасига бориб ўтирманг. Чунки инсон ўзини четдан кузатиб туришганини сезса, ишлагиси келмайди.
15
Кексаларга ва ёшларга ҳар бирига ўзига хос услубда иззат-икром, ғамхўрлик кўрсатинг. Ўзингиз ҳам бошқаларга ўрнак бўлинг. Раҳбарнинг шахсий ибрати ва гўзал муомаласи ишхонага хайру барака келтиради, деган гап бежиз айтилмаган.
16
Тепадан тезкор топшириқлар бўлган пайтларда жамоа бирлашади, жипслашади. Уларни бажариш чоғида жамоа аъзоларининг фикрлари, таклифлари инобатга олинса, ходимлар: “Бошлиқ биз билан ҳисоблашади”, деган хулосага келади.
17
Ишхонада янги ғоялар, таклифлар берган ташаббускор, ақлли ходимларни эшитинг. Аммо бундайларни қўллаб-қувватлаб туришни ҳам унутманг.
Раҳбарлик – масъулиятли вазифа. Унинг қуёшли, қор-бўронли, тўполонли кунлари бўлади. Соҳасини яхши билган, ташкилотчи раҳбар эса қоқилмайди.
Сиз ҳам уларга ўхшаб, қийинчилик ва синовларга чиданг. Шу билан бирга, ютуқлардан кўп ҳам шодланманг. Оғир, вазмин бўлинг, пастга тойиб кетишдан ўзингизни асранг.
20
Юксак орзуларга интилиб яшанг. Бошқалардан ҳам шундай оптимист бўлишни талаб қилинг. Аммо ишни қойилмақом адо этаётган ходимларнинг марра “нарвонча”сини сал кўтариб қўйинг, токи тўхтаб қолишмасин.
21
Касбингизга қаттиқ меҳр қўйинг! Чунки шу касб-ҳунар оилангизни боқиб турган экан, кундалик иш-юмушларни завқ-шавқ билан бажаришдан толманг. Бу хатти-ҳаракатингизни кўрган ходимлар сиздан андоза олади.
22
Ходимларга барча шароитни яратиб қўйсангиз, тилингиз узун бўлади. Телефон, интернет, факс сингари замонавий техникаларни улаб беринг, Бундай муҳим омиллар, шубҳасиз, ишга ижобий таъсир этади.
23
Турли-туман тадбир, туғилган кун, байрамларда ёки ҳар чорак ва йилнинг якуний йиғилишларида энг яхши ишловчи ходимларни мукофотлаш, совға-саломлар, раҳматномалар топширишни канда қилманг. Бундай рағбатланиш одамларда ишонч, умидни уйғотади.
24
Ходимлардан ҳар доим зерикарли, бир хил тарздаги ишларни бажаришни талаб этманг. Ишхонада ранг-баранглик, янги фикрлар, инновациялар бўлгани тарафдоримиз. Имкон топилса, жамоангиз билан табиат қўйнига сайр-у - саёҳатлар ташкил этинг. Ўша кунги ҳордиқдан кейин ходимларингиз ўз таассуротларини узоқ вақт гапириб юришади. Булар ҳаммаси ишхонада ижодий муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Ишонч қозонган ёшларни янги лавозимларга тайинланг. Айрим шогирдларни давлат органларидаги муносиб ишларга тавсия этинг. Уларнинг униб-ўсишига кўмаклашинг.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар ва одамларга яхшиликлар, албатта, бир куни натижасини беради.
Бахтиёр Омон. Имконларим. Тошкент, Global Books, 2018. китобидан олинган.