ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study

ЛИ ЯКОККА – ҚОБИЛИЯТЛИ МЕНЕЖЕР!
Лидо Энтони «Ли» Якокка ҳақида эшитганмисиз. Ли Якокка қобилиятли, самарали ва омадли менежерлардан ҳисобланади. Унинг ишни ташкил этиш ва бошқариш қобилиятини кўпчилик тадбиркорлар чуқур ўрганиб ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилишади. Биз йирик тадбиркор, омадли менежер,  Ford компаниясининг президенти, Chrysler корпорациясининг бошқарув кенгашининг раиси лавозимларида самарали меҳнат қилган ва бир неча автобиографик китоблар муаллифи Ли Якокка ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик.
Ёшлиги.
Лидо Якокка 1924 йил 15 октябрь куни АҚШнинг Пенсильвания штатининг Аллентаун шаҳрида асли италиялик муҳожирлар оиласида туғилган. Оиланинг ўзига яраша бизнеси бўлган. Бир неча кинотеатр ва қаҳвахоналарга эгалик қилишган. Шунингдек автомобильларни ижарага бериш билан шуғулланишган.
Умуман олганда Якоккалар оиласи моддий томондан ёмон ҳаёт кечиришмаган. Аммо, ХХ- асрнинг 30- йилларида АҚШда юзага келган иқтисодий инқироз кўп оилалар қатори уларнинг оиласига ҳам салбий таъсир этди. Якоккалар оиласи моддий даромад олиб келувчи барча манбаларидан айрилишди. Оила учун моддий тарафдан оғир дамлар бошланди. Шу даврда Ли Якокка 6 ёшда эди. Йиллар ўтган сари Ли ҳаётга ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмаслигини тушунди. Отаси ўғлига муваффақиятга эришиш учун тинмасдан меҳнат қилиш кераклигини таъкидлар эди.
Ли Якокка ўзининг биринчи даромадини 10 ёшда ишлаб топган. Ли аёллар, ёши катта инсонлар ва қарияларга дўкондан харид қилган маҳсулотларини уйларигача олиб бориб беришга ёрдам берган. Бунинг эвазига кўп бўлмаса ҳам ўзига етарли пул ишлаб топган. Ли Якокка 16 ёшга тўлганда маълум миқдорда маош эвазига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконга ишга қирди. 
Мактабда ўқиб юрган вақтида маҳаллий бўлган ўқувчилар, асли муҳожир бўлган Ли ва яна икки нафар ўқувчини ёқтиришмас эди. Ли аъло баҳоларга ўқишига қарамасдан аксарият синфдошлари билан дўстлашиб кета олмади. Шу даврда Ли Якокка ҳеч қачон одамларни келиб чиқиши, миллати ва ирқига қараб эмас, балки инсонийлиги ва қобилияти қараб баҳо беришга аҳд қилди. 
Автомобилга муҳаббат.
Ли соғлиғи туфайли ҳарбий хизматдан озод этилганидан кейин, Лихай университетининг муҳандислик факультетига ўқишга кирди. Ўқиш даврида Автомобильга қизиқиши ортди ва ўқишни тугатиб Ford компаниясига ишга киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ва мақсадига эришди. Американинг бир неча штатларидан Ford компаниясида ишлаш учун танлаб олинган эллик нафар иқтидорли талабалар орасида Ли Якокка ҳам бор эди.
Ford компаниясидаги фаолияти.
Ли Якокка Ford компаниясида ўз меҳнат фаолиятини конструкторликдан бошлади. Аммо, куни билан чизма ва макетлар билан овора бўлиш унга ёқмас эди.  Лининг илтимосига биноан компания раҳбарияти уни автомобиллар савдоси бўйича менежер лавозимига тайинлади.
Ли лавозим ваколати бўйича мижозлар билан кўп мулоқот қилиши керак эди. Аммо, у табиатан уятчан ва кам гап бўлгани учун лавозим ваколатларини бажариш аввалига қийин бўлди. У отаси ўргатганидек бир нарсани яхши биларди, мақсадга эришиш учун тинмай меҳнат қилиш ва билим савиясини ошириш керак. Якокканинг ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини берди. У малакали мутахассис бўлиб етишди. Аксарият инсонлар савдо билан шуғулланиш учун туғма қобилият бўлиши керак деб ҳисоблайдилар, аммо, Ли буни аксини исбот қилди. У меҳнатсеварлиги ва тиришқоқлиги сабабли савдо соҳасида етук мутахассис бўлиб етишди.
Тез кунларда Ли Якоккани тажрибаси инобатга олиниб ёш ходимларни ўргатувчи мутахассис лавозимига тайинланди. Кейинчалик Ли Ford компаниясининг Филадельфиядаги корхонасига савдо бўлимини бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Иккинчи жаҳон уришидан кейинги даврда одамларнинг яшаш шароити мақтагудек эмас эди. Аксарият одамларнинг автомобиль сотиб олиш учун етарли маблағи бўлмаган. Шундай иқтисодий қийин вақтда Ли Якокка мижозларга автомобильларнинг нархининг 20 фоизини тўлаб, қолган 80 фоизини хар бир ойга тенг тақсимлаб бир неча йилга тўлашни таклиф этди. Бошқача айтсак, ишлаб чиқарилган автомобильларни фоизсиз кредитга сотиш жорий этилди. Лининг таклифи натижасида автомобиль сотуви кескин ошди ва компания даромади ўсди. Ford компаниясининг барча савдо бўлимларида Лининг таклифи бўйича савдо ташкил этилди. Бундай муваффақиятдан кейин Ли Якокка компаниянинг бош офисининг сотув бўлимига бошлиқ этиб тайинланди. 
Йиллар ўтган сайин Ли Якоккани лавозими кўтарилиб борди. У компания вице-президенти ва иш бошқарувчиси лавозимида фаолият олиб борган даврда автомобиль бозорини таҳлил қилди, мижозларнинг истак ва таклифларини чуқур ўрганиб чиқиб асосан ёшларга мўлжалланган нархи унча қиммат бўлмаган спорт автомобилини ишлаб чиқаришни таклиф этди. Лининг таклифи инобатга олиниб Ford Мustang автомобили ишлаб чиқарилди. Ушбу Автомобильга талаб шунчалик катта эдики, ҳаттоки компания бир неча заводларини фақат шу русумдаги автомобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштиришга мажбур бўлди. Бир йилда 420 минг дона Ford Мustang автомобили сотилди, буни натижасида компания бир миллиард доллар даромад олди.
Ли Якокка Ford компаниясининг президенти лавозимига тайинлангандан кейин компанияни янада юқори чўққиларга олиб чиқишга ҳаракат қилди. Унинг даврида компания даромади бир неча баробар ошди, ишлаб чиқарилган автомобильларга талаб кўпайди. Аммо, 1978 йил Ли Якокка Ford компанияcидан кетди. Таҳлилчиларнинг фикрича бунинг асосий сабаби компаниянинг ўша даврдаги эгаси Генри Форд II (компания асосчиси Генри Форднинг невараси) Ли Якоккани ходимлар орасида обрўси жуда юқори эканлигидан қўрққан.
 Chrysler компаниясидаги фаолияти.
Ли Якокка Ford компанияcидан кетганидан кейин инқироз кўчасига кириб қолган Chrysler компаниясининг бошқарувчиси лавозимига тайинланди. Шу даврда Chrysler компанияси оғир даврни бошидан кечираётган эди. Жамоада интизом оқсаган, аксарият ходимларнинг малакаси паст, компания бюджети тўлиқ назорат қилинмас ва ишлаб чиқарилган автомобильларга талаб йўқ эди.
Ли Якоккага Chrysler компаниясини янги чўққиларга олиб чиқиш вазифаси юклатилди. Ли ушбу вазифани бажариш учун енг шимариб ишга киришди. Аввалам бор, ҳамфикрлар жамоасини тузишдан бошлади. У Ford компаниясида бирга ишлаган малакали мутахассисларни, шунингдек General Motors ва Volkswagen компанияларида меҳнат қилаётган шогирдларини Chrysler компаниясига ишга таклиф этди. Тез орада қатъий интизом ўрнатилди, раҳбар лавозимларга малакали ва қобилиятли ходимлар тайинланди, бўлимлар орасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди ва бозор талабини инобатга олиниб янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилди. 1983 йилга келиб компания ишлаб чиқарган автомобильларга талаб ошди ва бунинг натижасига даромад ҳам ўсди.
1987 йил Chrysler компаниясига Lamborghini ва AMC (American Motors Corporation) компаниялари қўшиб олинди. 1985 йилдан —1989 йил орасида Chrysler Mitsubishi Motors ва Renaul компаниялар билан ҳамкорликда янги русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарди.
Ли ният қилганидек  Chrysler компаниясини янги чўққиларга олиб чиқди. Истеъдодли менежер Ли Якокка 1995 йил 71 ёшда нафақага чиқди ва 2019 йил 2 июль куни 94 ёшда Лос-Анджелесда вафот этди.
 «Қайғу нималигини билмаган инсон бахтни қадрига етмайди». Ли Якокка
Манба: dengodel.com

Report Page