8-синф ўқувчи фирибгарликда гумон қилинмоқда

8-синф ўқувчи фирибгарликда гумон қилинмоқда



15 ёшли бола фуқароларни алдаб, пулларини қўлга киритиб, пулларни “PUBG” онлайн ўйинига тикиб келгани маълум бўлди. Бу ҳақида ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Фарғона вилоятида яшовчи 1991 йилда туғилган Д.И. ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилиб, фирибгар туғоғига тушганлигини ва пулларидан айрилганини маълум қилган. Жабрланувчининг билдиришича, ноъмалум шахс телеграм мессенжери орқали унга “Омад шоу” дастурида пул ютуғини ютиб олганлиги тўғрисида хабар юборган. Хуллас, унинг ишончига кириб, ютуқ пулларини банк пластик картасига ўтказиб беришини айтган. Ўз навбатида фуқаро унга ўз пластик рақами маълумотларини берган. Лекин ютуқ пулларидан умид қилиб ўтирган Д.И. бироз ўтиб, бор пулидан ҳам айрилган. Пластик картасидаги бир миллион сўмга яқин пуллар ечиб олинган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, ушбу жиноятни Андижон вилоятида яшовчи, 2007 йилда туғилган 8-синф ўқувчиси О.Х. содир этганлиги аниқланиб қўлга олинган.

Ўрганишлар натижасида О.Х. шу усул билан ўнлаб фуқарони алдаб, пулларини қўлга киритгани, жиноий йўл билан топган пулларни эса “PUBG” онлайн ўйинига тикиб, сарфлаганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Фозилжон Мамашарипов,

“Postda” мухбири.

Report Page