8 МАРТ санасига назар

8 МАРТ санасига назар

Jalol BOLTAYEV


Кўкламнинг иккинчи ҳафтасида — 8 мартни нишонлаймиз. Хўш, мунис оналаримиз, хотин-қизлар байрамини нишонлашимизнинг сабаби нимада? Нега аёллар бунчалик улуғланади? Худди шу куни бутун дунё аёллари байрам қиладиларми ёки... Бу саволларга жавоб топиш учун тарихга назар ташлаймиз.

Бу сананинг ислом ва унинг ҳуқуқи бўлган шариат билан алоқаси йўқ (1-январ ва 21-март сингари). Бу сананинг тарихи ХIХ асрга бориб тақалади.

Бу кун ўтмишига назар ташлайдиган бўлсак, хотин-қизлар байрами уларнинг ўз ҳуқуқлари учун курашиш кунидан келиб чиққанига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Яъни, 1857 йил 8 март кунида Нью-Йоркнинг пояфзал ҳамда тикув фабрикаси ишчи хотин-қизлари манифестга йиғиладилар. Улар 10 соатлик иш куни, ёруғ ва қуруқ иш хоналари ҳамда эркаклар билан бир хил маош олишларини талаб қилиб чиқадилар. Худди шу кунда Нью-Йоркдаги юзлаб аёллар намойишларга чиқиб, сайлаш ҳуқуқини ҳам талаб қиладилар. Чунки ўша пайтларда жуда кам маош олувчи аёллар кунига 16 соат ишлаганлар. Эркаклар эса турли чиқишлари орқали 10 соатлик иш кунини қўлга киритганлар. 8 мартдаги худди шу воқеадан сўнг аёллар ташкилоти тузилади ва биринчи марта хотин-қизлар унга аъзо бўладилар. Бироқ бу кун биринчи марта 1891 йил 19 мартда Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда хотин-қизлар байрами сифатида нишонланди. Ўшанда миллиондан ортиқ эркак ва аёллар манифестларда иштирок этадилар. Сайлаш ва жойларни бошқариш ҳуқуқидан ташқари, аёллар эркаклар билан бир қаторда тенг ҳуқуқли бўлишга ҳаракат қиладилар. Биринчи Миллий Аёллар куни 1909 йил 28 февралда Қўшма Штатларда нишонланди. 1910 йил Копенгагенда ўтган халқаро конференцияда Клара Цеткин аёлларнинг эркинлик, тенгликни тарғиб қилиб, ҳар йили 8 март санасида бу каби тадбирларни бутун дунёда ўтказишни таклиф қилди. Шундан сўнг кўпгина мамлакат аёлларининг жамиятда фаоллашуви бошланади. Улар камбағалликка қарши, меҳнат ҳуқуқига, ҳурматига эга бўлиш, тинчлик учун кураш олиб борадилар.

Россияда эса халқаро хотин-қизлар куни биринчи марта 1913 йил Петербургда байрам қилинди. Россия Думасига аёллар муаммоси бўйича ариза берилди ва ҳукумат аъзолари 1913 йил 2 мартда бир ярим минг аҳолини йиғиб, бу масалани ҳал этишга рухсат берди. Унда аёлларнинг сайлаш ҳуқуқи, оналикни давлат томонидан таъминлаш ва муҳофаза қилиш масалалари кўриб чиқилди. Кейинги йилда эса Европанинг кўпгина мамлакатларида аёллар урушга қарши намойишлар уюштирадилар.

1917 йил феврал ойининг охирги якшанбасида Россия аёллари “Нон ва тинчлик” шиори остида кўчага чиқдилар. Тўрт кундан кейин эса Николай II аёлларга сайлаш ҳуқуқини беришни ваъда қилди. Бу кун Юлиан календарида 23 феврал ҳамда Григориан календарси бўйича 8 мартда нишонлана бошланди.

8 март халқаро хотин-қизлар куни 1965 йилдан бошлаб дам олиш куни деб белгиланди. Шу кунда ҳукумат тантанали тадбирларда аёлларга нисбатан давлат сиёсатининг амалга ошираётган ишлари тўғрисида ҳисобот берарди. Аста-секин халқаро хотин-қизлар куни аёлларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилганликлари учун эмас, балки уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш ва эъзозлаш куни сифатида нишонлана бошланди. БМТ Умумий кенгаши 1977 йилнинг 16 декабр кунги йиғилишида 8 мартнинг Халқаро хотин-қизлар куни сифатида қутланишини қабул қилган. Бу эса, хотин-қизлар кунига бўлган эътиборни янада кучайтирди.

Собиқ шўро иттифоқи барҳам топгандан сўнг 8 март — халқаро хотин-қизлар байрами МДҲ давлатлари: Озарбойжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдавия, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Белоруссия, Ўзбекистонда байрам қилинади. Агар эътибор берган бўлсангиз, МДҲдан ташқари ушбу байрам асосан Ғарб давлатларида нишонланади. 

«Ma’rifat» газетасидан олинди.

@TESTLIDER – Тарихшунослар учун

Report Page