684 нафар энг муносиб ёшлардан иборат “Келажак лидерлари” клублари ташкил этилди

684 нафар энг муносиб ёшлардан иборат “Келажак лидерлари” клублари ташкил этилди

Расмий хабарлар

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Закирова маълум қилди.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантириш ташаббусини амалда жорий этиш мақсадида 6246 нафар иқтидорли ёшлар орасида ўтказилган 4 босқичли танлов натижаларига кўра республика бўйича жами 684 нафар энг муносиб ёшлардан иборат “Келажак лидерлари” клублари ташкил этилди.

Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик учун танловнинг барча босқичлари “Youtube” платформасида тўғридан-тўғри трансляция қилинди ва жараённи онлайн кузатиш имкони яратилди.

“Келажак лидерлари” клублари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириб бориш мақсадида Агентликнинг масъул ходимлари ҳамда олий таълим муассасаларининг психологлар жамоаси билан биргаликда “Лидерлик”, “Жамоани шакллантириш” ҳамда “Бошқарув қарорларини қабул қилиш” мавзуларида тренинглар ўтказилмоқда. Республиканинг 14 та ҳудудида клуб аъзолари ilm.argos.uz таълим платформасидан фойдаланиб, янгича талаблар ва замонавий ахборот технологиялари асосида самарали ишлашга ўргатилиб, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида хабардор қилиниб борилмоқда.

Шунингдек, халқчил янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли ёш давлат хизматчиларига республикани жадал ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар моҳиятини етказиш мақсадида "Келажак лидерлари" махсус малака ошириш дастурининг 2-мавсуми учун ўрта бўғин бошқарув мутахассислари саралаб олинган.

Республиканинг 90дан ортиқ давлат органи ва ташкилотларидан тавсия этилган ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган телеграмм-бот орқали ариза топширган 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган 1 862 нафар давлат хизматида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув мутахассислари ва раҳбарлари орасидан тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш кўникмасига эга, стратегик фикрловчи, кенг қамровли ислоҳотлар ва имкониятларни олдиндан кўра оладиган 50 нафар ёшлар танлаб олинди.

Саралаш ишлари давомида шахсий маълумотномани баҳолаш тизими орқали 294 нафар номзод, давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули ёрдамида тест синови орқали 194 номзод саралаб олинди. Агентлик ходимлари томонидан амалга оширилган суҳбат-ассессмент босқичи якунларига кўра 50 нафар ёш кадрларнинг номзоди дастур тингловчилигига қабул қилинишга тавсия этилди.

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Дастур давомида Давлат фуқаролик хизмати ҳуқуқий асослари ва кадрлар сиёсати, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, глобал бошқарув, сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий билимлар, бошқарув ва лидерлик асослари, замонавий бошқарув технологиялари, компетенцияларни бошқариш йўналишларида ноодатий шаклдаги дарслар, маҳаллалардаги амалиёт ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарларига стажировка-дублёрлик билан уйғунликда олиб борилди.

Тингловчилар профессор-ўқитувчилар ва ўз соҳасининг етук мутахассисларидан билимларини олиб, соҳалари бўйича юзага келаётган қийинчиликларни ечимини биргаликда топишлари учун майдон яратилди. Аҳамиятлиси, 14 та ҳудудда, турли хил соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тажриба алмашиш ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан таклиф билдириш имкониятига эга бўлдилар.

Ўқув дастури босқичлари талабларини муваффақиятли бажарган, мақсадли битирув лойиҳа тақдимотини намунали амалга оширган тингловчиларга белгиланган шаклда Сертификатлар топширилиб, улар Миллий кадрлар захирасига киритилади.



Report Page