5х5 футбол бўйича илк бор ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ғолиби – Қашқадарё вилояти жамоаси!

5х5 футбол бўйича илк бор ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ғолиби – Қашқадарё вилояти жамоаси!


Хабар берганимиздек, шу йилнинг 16-20 июнь кунлари Жиззах шаҳрида Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кўзи ожиз спортчилар ўртасида 5х5 футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Илк бор бўлиб ўтган мамлакат биринчилигида мамлакатимиз ҳудудларидан 10та жамоа қатнашди. Иштирокчилар сони эса қарийб 100 нафарни ташкил қилди.


Қизиқарли ва муросасиз кечган учрашувлар якунига кўра, Қашқадарё ва Самарқанд вилояти жамоалари финалга етиб келишди. Ўйиннинг асосий бўлимларида ҳисоб очилмади ва ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. “Омад лотореяси”да эса омад қашқадарёлик спортчиларга кулиб боқди ва улар биринчи Ўзбекистон чемпионлари сифатида тарихга киришди.


Мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими эса Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғи амфи-театрида юқори савияда ташкил этилди. Тадбир аввалида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари – Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Синдор Раҳмонқулов сўзга чиқиб, илк бора ўтказилган Ўзбекистон чемпионати иштирокчиларини самимий муборакбод этди.


Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Шариф Мўминжонов ўз нутқида мусобақани юқори савияда ташкил этишда кўрсатган амалий ёрдами учун Жиззах вилояти ҳокимлигига миннатдорлик билдирди.


Шундан сўнг энг ҳаяжонли лаҳзалар – 5х5 футбол бўйича тарихда илк маротаба ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш жараёни бошланди. Дастлаб мусобака ҳакамлари, сўнгра мамлакат чемпионатини ўтказишда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан тақдирланди.


Тарихий биринчи Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали билан Бухоро вилояти, кумуш медали билан Самарқанд вилояти жамоалари тақдирланган бўлса, олтин медаль ва кубокни қашқадарёлик матонатли спортчилар боши узра баланд кўтаришди.


Тақдирлаш маросими тантаналари концерт дастурига уланиб кетди. Унда элимизнинг суюкли санъаткорлари ўз чиқишлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.


Report Page