500 МИНГ СЎМДАН ПУЛ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

500 МИНГ СЎМДАН ПУЛ ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ


   Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4815-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг сентябрь ойида   боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларининг ҳар бирига қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 500 минг сўмдан пул тарқатилиши белгиланган.

Туманимизда ана шундай оилаларнинг  2582 нафар  16 ёшга тўлмаган болаларига жами 1 млярд, 291 миллион сўм пул тарқатилиши кўзда тутилган.

Бугун туманимиздаги 4 та сектор раҳбарлари иштирокида  "Темир дафтари"га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган ҳар бир фарзадлари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пуллари тарқатилди.

Хусусан, туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Беҳзод Ибрагимов бугун Шўр МФЙда бўлиб 32 та оиланинг 70 нафар 16 ёшга етмаган фарзандларининг ҳар бирига 500 минг сўмдан пул тарқатди.

-Оиламиз эҳтиёжмандлар қаторида туради. Мана бугун 3 нафар фарзандим учун 1 миллион 500 минг сўм пул олдим. Бунинг учун шахсан юртбошимизга, қолаверса шу ишни бошида турган мутасаддиларга минг раҳмат-дейди қўз ёшларини яширолмай Шўр МФЙда истиқомат қилувчи Фотима Жўраева.

-Биринчи гуруҳ ногирониман. Турмуш ўртоғим ҳам ҳеч қаерда ишламайди. Берилган бу пулга фарзандим учун турли китоблар, қишга кийим-бош сотиб оламан. Бизга ўхшаган эҳтиёжманд, имконияти чекланган инсонларга ва фарзандларимизга ғамхўрлик қилган Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман-дейди Шуҳратилла Абдувалиев.


Шунингдек,туман ҳокими Қоратепа, Бувайда, Бувимозор, Ўрта қўнғирот МФЙларда ҳам бўлиб ,  кам таъминланган оилалар фарзандларига бир марталик моддий ёрдам пулларини топширди.

Бувайда тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page