5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади

5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълум қилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.

Глобал форум Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациянинг 10 йиллигига бағишланади. Мазкур Декларация 2011 йил декабрида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча инсонлар, айниқса, ёшларни кенг қамраб оладиган ҳаётий жараён ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларация ана шу эзгу мақсадларни глобал кўламда амалга оширишга қаратилган.

Шу мақсад йўлида – 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини ҳам эълон қилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг бажарилишини мувофиқлаштириб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ўтган даврда Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар учта босқичда бажарилди ва 2024 йилга қадар давом этадиган тўртинчи босқич изчиллик билан амалга оширилмоқда.

«Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумда, жумладан, Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу омил, бир томондан, Самарқанд Глобал форумининг қанчалик долзарблигини кўрсатса, иккинчи томондан, халқаро анжуманда том маънода умумбашарий масалалар кўриб чиқилишини яна бир бор тасдиқлайди.

Самарқанд Глобал форумининг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат.

Шунингдек, айни соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашилади ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Форумнинг Миллий ташкилотчиси – Ўзбекистон Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.

Самарқанд анжумани:

·  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси;

·  Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси;

·  БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси;

·  Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар Бошқармаси;

·  ЮНИСЕФ;

·  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси;

· ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси;

·  Европа Кенгаши;

·  Фридрих Эберт жамғармаси каби халқаро ҳамкорлар билан ҳамжиҳатликда ташкил этилмоқда.

Глобал форум БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилади. Бу, албатта, бутун дунёдан янада кенг аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради.

Глобал форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, хорижий ва халқаро экспертлар, давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар – жами 120 дан ортиқ хорижлик меҳмон иштирок этиши мўлжалланмоқда.

Глобал форум ишида Ўзбекистон томонидан – ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис палаталари ва қўмиталари раҳбарлари, вазирлик ва ташкилотлар, илмий-маърифий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашади.

Глобал форумга тайёргарлик доирасида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” туркумида бир қанча китоблар нашр этилди. Ушбу янги нашрлар тадбир иштирокчиларига тақдим этилади.

Report Page