40 та фуқаролик иши сайёр судда кўрилди

40 та фуқаролик иши сайёр судда кўрилди

Андижон вилояти суди матбуот хизмати


Фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро суди раиси Эркинжон Собиров 40 та даъво ариза юзасидан юритилган ишларни туман Халқ қабулхонасида сайёр мажлисда кўриб чиқди. Жараён доирасида ташкил этилган қабулда ўнга яқин фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Халқда бирни кўриб фикр қил, деган гап бор. Таъбир жоиз бўлса, бугун сайёр судлардан кўзланган мақсад-муддао айни нақл моҳиятига ҳамоҳанг, токи жамоатчилик гувоҳлигида кўриб чиқилаётган ишлардан ўзгалар ҳаётий сабоқ олсин, низолашаётган оилалар қисматидан, хатоларидан хулоса чиқарсин. Турган гапки, оилавий ажримдан сўнг икки эшик орасида сарсон бўлгувчи болалар, фарзандининг таъминоти учун алимент дардида судга чопаётган аёллар тақдири ҳар қандай виждони уйғоқ инсонни ўйга толдиради, уларнинг дардини ҳис этишга мажбур қилади. Ахир шу каби жараёнлардан тўғри хулоса чиқариб, низодан воз кечган, ярашиб кетган оилалар кам дейсизми? 

Зотан, зикр этилаётган сайёр суд мажлисида ҳам даъволарнинг нақд 25 таси никоҳдан ажратиш билан боғлиқ эдики, суд имкон қадар ҳар бир ҳолатда тарафларни яраштириш пайидан бўлди. Шунингдек, моддий таьминот ундириш билан боғлиқ 8 та, юридик фактларни белгилаш ҳақидаги 7 та иш ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

 

Шу куни даъво аризаларнинг 20 таси қаноатлантирилган бўлса, 10 таси рад этилди, бундан ташқари 10 та иш юзасидан тарафларга ярашиб олишлари учун муҳлат берилди.


Report Page