4-сектор ишчи гуруҳи такрорий экин экиш билан шуғулланаётган аҳолига даладан ҳосилни йиғиб олиш жараёнигача кўмак беради
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ашуров Қоракўл туманидаги “Янги-Турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи аҳоли билан учрашув ўтказди.
Ўтказилган учрашувда аҳолидан моддий ёрдам олиш, электр энергияси таъминотини яхшилаш, саломатликни тиклаш, бандлик ва ер ажратиш масалалари юзасидан жами 21 та мурожаатлар қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг 18 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган 3 та мурожаатларга ҳам тез кунларда қонунда белгиланган тартибда ижобий ечим топиш бўйича масъулларга вазифалар юкланди.
Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сайёр қабул жараёнида ғалладан бўшаган ерларни аҳолининг кам таъминланган қисмига такрорий экин экиш учун ажратиш масаласига ҳам эътибор қаратиб, бунда уларга ҳар томонлама кўмак берилиши ҳатто бепул уруғлик тарқатилишини билдирди.
Эътиборлиси, шу куни учрашув жараёнида “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”да рўйхатда турувчи 12 нафар фуқарога мавсумий даромад манбаи яратиб берилди. Таъкидланишича, уларга сектор ишчи гуруҳи ва ҳудуддаги фермерлар даладан ҳосилни йиғиб олиш жараёнигача кўмак берадилар.
Шу куни ҳудуд аҳолиси учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати.