“3ETARSU Muhandislik A.S.” ҳамда “BioART — Biologik Tasarimlar” компаниялари Бухорода бир нечта лойиҳа ташаббуси билан чиқди

“3ETARSU Muhandislik A.S.” ҳамда “BioART — Biologik Tasarimlar” компаниялари Бухорода бир нечта лойиҳа ташаббуси билан чиқди

Buxoro.uz

Қардош Туркия Республикасининг Адана шаҳрида фаолиятига асос солинган “3ETARSU Muhandislik A.S.” ҳамда Анқара шаҳридаги “BioART–Biologik Tasarimlar” компаниялари Кўҳна Қитъа ва океанортида ўз филиалларига эга йирик тадбиркорлик субъектлари бўлиб, гидромелиорация, қишлоқ хўжалигида ирригация ва мелиорация тизимини такомиллаштириш, шаҳар ичида эса турли замонавий ечимга эга, мафтункор фавворалар қуриш ва бошқа фаолият билан шуғулланиб келади.

Мазкур корхоналар мутасаддилари ўз таъбирлари билан айтганда, ота юртда, хусусан, Бухорои шарифда ўз лойиҳаларини амалга ошириш ташаббуслари билан чиқишган ва бир неча ойдирки, маҳаллий шарт-шароит ва инвестициявий муҳитни ўрганиб келишмоқда. Шу мақсадда “3ETARSU Muhandislik A.S.” нинг раҳбари Юнус Эмре Североглу ҳамда менежери Камуран Амасялу жаноблари, худди шундай, “BioART–Biologik Tasarimlar” компаниясининг техник координатори Экрэм Булут ҳамда пейзаж меъмори Мурадбэй Дэниз жаноблари  вилоят ҳокими Ботир Зарипов қабулида бўлдилар.

Туркиялик инвесторларнинг лойиҳалари қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарда бошланган янгиланиш ва бунёдкорликларга ўз ҳиссасини қўшиш. Масалан, Бухоронинг эски шаҳар қисмида, “Лаби ҳовуз”, “Пойи калон” мажмуаларида, шунингдек, кенг кўламда қурилиши бошланган “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказида, бундан ташқари, магистрал каналларга туташ ҳудудларда замонавий ландшафт меъморчиликларини қўллаган ҳолда тематик хиёбонлар, маҳаллий микроиқлимни яхшилаш мақсадида бир-биридан фарқланувчи ва асл кўринишга эга, мафтункор фаввораларни бунёд этишдир. Рангли ва мусиқали фавворалар айни қуруқ иқлимли шаҳримиз учун айни муддао эканлигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ, албатта.

Бундан ташқари, қардош сармоядор ҳамкорлар турли ҳажмдаги пластмасс қувурлар воситасида экин ерларини томчилатиб суғориш, ариқ, канал ва латокларда сув сарфини йўқотмаслик, “оби ҳаёт”ни максимал даражада тежаб ишлатишда қўлланиладиган плёнка усулини ҳам таклиф этдилар. Бунда гидроиншоотлар, сув йўлларига тўшаладиган чидамли хом ашё–плёнканинг кафолат муддати узоқ йиллик эканига эътибор қаратилди. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга аграр мажмуанинг пахта ва ғаллачиликда экинларни “оби ҳаёт”га қондиришда бу услубнинг афзаллик жиҳатлари тажриба-синов тариқасида таклиф қилинди.

Туркиялик сармоядорлар ҳар бир лойиҳани видеослайд кўринишида тақдим қилганликлари ҳам ўз лойиҳалари амалиётига пухта тайёргарлик кўрганликлари далолати, албатта. Ўз ўрнида, вилоят ҳокими хориж инвесторларининг бу ташаббусларини қўллаб-қувватлагани ҳолда уларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидан, шунингдек, “Bukhara City” ишбилармонлик марказидан, қолаверса, Бухоро тумани экин ерларидан тажриба-синов тариқасида ер майдонини таклиф этиб, улар лойиҳалари мутахассислар томонидан пухта ўрганилиши ва тез кунда ижобий ечимини топишига ишонч билдирди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page