30 июль - 7 август кунлари юртимизда “Дўстлик” фестивали доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтади

30 июль - 7 август кунлари юртимизда “Дўстлик” фестивали доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтади

https://t.me/aoka_uz

Бугун АОКАда 30 июль — «Халқлар дўстлиги куни» муносабати билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов ва мутасаддилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

30 июль – 7 август кунлари “Дўстлик” фестивали доирасида юртимизда турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар режалаштирилган.  

Хусусан, 31 июль – 3 август кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб байрам сайллари, концерт дастурлари ташкил қилиниши белгиланган.

4 август куни пойтахтимиздаги “Cinema Palace” кино саройида “Дўстлик” видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилади.

5 август куни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Марказий Осиё давлатларида миллатлараро тотувликни таъминлаш” мавзусида халқаро конференция ташкил қилинади.

Конференция шўъбалари:

1-шўъба. “Марказий Осиё давлатларида этномаданий алоқалар: дўстлик ва барқарорлик гарови”

2-шўъба. “Ватандошлар жамоат бирлашмалари билан ишлашда Марказий Осиё давлатларининг тажрибаси”

3-шўъба. “Этнотуризм ва этноспорт: хориж тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари”.

6 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан вазирлик, идора вакиллари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ва хорижлик ҳамкорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Шу куни пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” қардош халқлар ёзувчи ва шоирларининг асарлари кўргазмаси ўтказилади.

Шу куннинг ўзида “Халқлар дўстлиги” майдонида “Дўстлик оҳанглари” номи остида таниқли эстрада, опера санъати усталари ва Ўзбекистон миллий симфоник оркестри жўрлигидаги катта гала-концерт ҳамда “Do‘stlik fashion” миллий анъанавий костюмлар ва замонавий либослар дефилеси ўтказилиши кўзда тутилган.

6-7 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг маданият ва истироҳат боғлари, хиёбон ва сайлгоҳлари турли миллат вакиллари иштирокида “Халқлар дўстлиги” концерт дастурлари намойиши бўлиб ўтади.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар аҳолини, айниқса, ёшларни умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, турли миллатлар қадриятларига ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашга, шунингдек, жаҳонда самимий дўстлик ғояларини тарғиб қилиш ва тараннум этишга хизмат қилади.

Қайд этиш жоиз, дўстлик фестивалида халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эл сиёсатчилари, экспертларнинг иштироки кўзда тутилган. Хусусан, ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича олий комиссари Кайрат Абдрахманов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

28 июль куни мартабали меҳмоннинг Андижон ва Фарғона вилоятларидаги миллий маданий марказлар (тожик, славян, қирғиз) билан учрашуви бўлиб ўтди ҳамда Фарғона шаҳрида янги очилган “дўстлик уйи” фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилди.

29 июль куни Кайрат Абдрахманов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти билан танишди.


Report Page