3-мақола: Энг идеал миллат қандай бўлади?

3-мақола: Энг идеал миллат қандай бўлади?

Mubashshir Ahmad

#МИЛЛИЙ_ҒОЯ_ЙЎЛИДА

Энг қадимги даврлардан бошлаб инсонлар идеал жамият қуриш орзусида бўлиб келгани сир эмас. Ўз даврининг энг илғор олимлари, мутафаккирлари ва зиёлилари эса, бундай орзудагидек, яъни идеал жамият қандай бўлиши кераклиги ҳақида тафаккур қилганлар. 

Бундан икки ярими минг йил аввал яшаган юнон олими Платоннинг “Республика” номли асари давлат тузилиши, адолат тушунчаси ва идеал жамият ҳақидаги фикрлар баён қилинган дастлабки асарлардан ҳисобланади. Беш юз йил аввал эса, инглиз ёзувчиси ва файласуфи Томас Мор келажакдаги тўлиқ адолатли ва идеал жамият ҳақидаги “Утопия” асарини ёзган эди. Бироқ, идеал давлат ва жамият ҳақидаги асар орасидаги шоҳ асар сифатида Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” номли китобини келтириш мумкин.

Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари бундан минг йил аввал давлат тузилиши ва идеал жамият ҳақида ёзилган муҳим фалсафий манба ҳисобланади. Бу асарда Форобий Платоннинг "Республика" асаридан таъсирланган ҳолда, ўз даврининг диний ва фалсафий анъаналари билан уйғунлашган идеал жамият ва ҳукмдор ҳақидаги қарашларини баён қилади.

Абу Наср Форобий фазилатли жамиятнинг асослари ҳақидаги яна бир муҳим асари — Миллат ҳақидаги китобида ҳам ушбу фикрларни давом эттиради. 

Унда, Форобий, дастлаб миллат тушунчасига ойдинлик киритади. Форобийнинг таъкидлашича, миллат бу жамиятда миллатнинг асосчиси бўлган энг биринчи раҳбар томонидан ўрнатилган мафкураси ва саъй-ҳаракатлари деб таъкидлайди. Содда тил билан айтганда, миллатни миллат қиладиган нарса унинг маълум қонун-қоида ва қадриятларга асосланган мафкура ҳамда амаллардир. Ўша миллатга эргашганларга эса, улар қабила-уруғ, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ёки бутун бир халқ бўлиши мумкин, уларга жамият дейилади.

Форобий ҳар қандай миллатлар фазилатли, жоҳил ёки залолатда бўлиши мумкинлигини, миллатнинг қандай бўлиши эса, асосан унинг асосчисининг мақсадига боғлиқлигини тушунтиради. 

Масалан, миллатнинг мафкураси ва хулқ-атворини белгилаб берувчи энг аввалги раҳбар, яъни миллатнинг асосчиси фозил бўлса, унинг раҳбарлиги ҳақиқатан ҳам фазилатли бўлса, у белгилаб берган йўлга эргашган халқ ҳақиқий олий саодатга етишади. Ана шундай миллат фазилатли миллат бўлади.

Бироқ, шундай жоҳил раҳбарлар ҳам бўладики, у миллат тақдирини белгилаётганда фақатгина ўзигагина жоҳилона яхшиликларни, яъни сиҳат- саломатлик, бойлик, айш-ишрат, шараф, шон-шуҳрат, ғалаба ёки шунга ўхшаш нарсаларни қўлга киритишни истайди. Бундан фақат унинг ўзи ютади, халқни эса ўз мақсадига етишиш ва ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш учун фойдаланадиган воситага айлантиради.

Яна шундай раҳбарлар бўладики, уларнинг раҳбарлиги ҳақиқий залолат бўлади. Бунда раҳбар ўзини фазилатли ва доно деб ўйлайди, аслида эса ундай бўлмайди. Ачинарлиси, унинг раҳбарлиги остидаги одамлар ҳам уни шундай деб ўйлайди ва шунга ишонади. Ана шундай ҳолатда, халқ залолатдаги раҳбар саодат тақдим этаётган, бироқ, аслида ҳақиқий бахт-саодат бўлмаган нарсани олий саодат деб ўйлаб, унга етишишни истайди. Бу эса халқнинг адашуви, яъни залолатга кетиши бўлади. Бундай алдоқчи раҳбарлар ўз сиёсатида халқининг олий саодатга етишишини истагандай кўринади, аслида эса ўзи халқдан фойдаланган ҳолда ўзига дунёвий манфаатларни кўзлаётган бўлади.

Шундан сўнг, Форобий, фазилатли миллатнинг асосчиси бўлган энг аввалги раҳбарнинг қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрларини баён қилади. Унга кўра, энг аввалги фозил раҳбарнинг иши Аллоҳдан унга тушган ваҳийга мос бўлган ҳукмронликни жорий қилишдир. 

Форобий ўз асарига хулоса қилар экан, ҳар қандай давлат бошқарувини юритиш ва идеал жамиятни барпо этиш учун халқнинг фикрлари, эътиқодлари ва саъй-ҳаракатларини бирлаштириб турувчи миллат мавжуд бўлиши зарур дейди. Бундай миллатсиз адолатли давлат бошқарувини ўрнатиш ёки идеал жамиятни қуриш имконсиздир. Чунки ягона миллатгина халқ ичидаги бўлинишларни мувофиқлаштиради, уларни ўзаро боғлаб, тартибга солади. Ягона миллат остидаги халқгина улар бир-бирларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, кўзланган мақсадга, яъни, ниҳоий бахтга етишиш учун бир-бирларига ёрдам берадилар.

Хўш, сизда сизни ҳақиқий олий саодат, ниҳоий бахтга етишиш йўлида бошқалар билан ўзаро бирлаштириб турувчи, бир-бирингизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро ёрдам беришга ундовчи миллат тушунчаси шаклланганми? Ана шу миллатингизнинг мафкураси, ундаги қадриятлар нималардан иборат?

© Тарих ва сиёсат

@MubashshirAhmad

Report Page