3-ИНҚИЛОБ! ҚИРҒИЗИСТОН МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ "ДЕМОКРАТИЯ ОРОЛИ"МИ ?
Дониёр РўзметовҚирғизистонда 3-инқилиб юз бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз (президент расман кетмагани учун "юз берди" демаяпман). Ҳар сафар инқилоблар юз бергач, Қирғизистонда давлат йўқ бўлиб қолиб, амалдаги президент қочиб кетиб, маълум вақтларгача янгидан давлат шакллангунича сиёсий парокандалик юз беради. Парокандалик ҳатто миллатлараро низолар ва қирғинларга айланиб кетган пайтлари ҳам бўлди. Энг асосийси, инқилобларнинг ортидан иқтисодий ва ижтимоий фаровонлик келишнинг ўрнига барчаси яна олдинги сценарий бўйича бошқатдан бошланаверади.

Буни ташқаридан кузатувчилар, жумладан ўзимиз ҳам Қирғизистондаги инқилоблардан фойда борми деган саволларни берамиз. Бу саволдан, умуман инқилобларнинг фойда ёки зарари ҳақидаги саволлар келади. Ва ниҳоят қайта-қайта инқилоб қилаверадиган ва орадан бироз вақт ўтиб барчасини бошқатдан бошлайдиган Қирғизистон ҳақиқатдан ҳам Марказий Осиёнинг "демократия ороли"ми деган ҳақли савол туғилади.
УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
Ҳудуди : 198 500 км²
Аҳоли сони : 6 миллионга яқин (қирғизлар - 73.3 %, ўзбеклар - 14.6 %, руслар - 5.6 %)
Расмий тиллар : қирғиз тили ва рус тили
Умумий чегаралари : Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Хитой
Ялпи ички махсулоти : 8 миллиард $
Сиёсий тузум : Парламентар республика
Партиялар сони : Википедияда 223 тасини санадим
СИЁСИЙ МАНЗАРА
Марказий Осиёнинг барча давлатлари қатори Қирғизистонда ҳам кланлар бўлинишлари жуда кучли. Энг катта бўлинишни "Шимол-жануб бўлиниши" деб аташ мумкин. Шу сабабдан, ҳокимиятга шимолликлар келса жанубликлар, жанубликлар келса шимолликлар бошқаришга бермайдилар.
Президентлар - Аскар Акаев шимолдан (Чуй вилояти), Курманбек Бакиев жанубдан (Жалолобод вилояти), Роза Отунбоева жанубдан (Ўш вилояти), Алмазбек Атамбаев шимолдан (Чуй вилояти) ва Сооронбай Жээнбеков жанубдан (Ўш вилояти) бўлган.
БИРИНЧИ ИНҚИЛОБ
2005 йилда юз берган "Лола ранг инқилоб"ни халқ амалга оширган бўлса ҳам амалда унинг ижодкори, ташаббускори ва ижрочилари АҚШ, хусусан "Сорос" ташкилоти эканлиги ҳозир сир эмас. Улар АҚШ ҳукумати яратган "Ағдариб ташлаш дипломатияси" доктринаси доирасида дастлаб амалдаги президент ҳокимиятини ҳаракатсизлантириб, бошқа томондан халқни "инқилоб методлари"га тайёрлаб, инқилобни амалга оширишга ёрдам бердилар.
Инқилоб ноҳақ ва адолатсизми эди ? Менимча йўқ. Чунки 4 марта қайта сайланиб, президентликни бермай келаётган президент Аскар Акаев Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари оила аъзолари, клан вакиллари билан давлатни эгаллаб олиб, бойиш билан овора эди ва халқ бундан норози эди. Инқилобни амалга оширган халқ америкаликлар алдагани учун эмас, ўзлари амалдаги ҳокимиятдан норози бўлганликлари учун бу ишни амалга оширдилар.
ИККИНЧИ ИНҚИЛОБ
Рангли инқилобдан кейин ҳокимиятга келган Курманбек Бакиев ўз ваъдаларини бажаришнинг ўрнига шимолликлар эгаллаб олган ҳокимиятни "тозалаб", унинг ўрнини жанублик ўз клани вакиллари билан тўлдириб, давлатни ўзи ўмара бошлади.
Аллақачон инқилобнинг мазасини тотиб кўрган ва инқилобий техникаларни ўзлаштириб олган норози кучлар, асосан шимолликлар ва албатта оддий халқ вакиллари 2010 йилда навбатдаги инқилобни амалга оширдилар.
Жанубга "президентни ҳайдашга борган" шимолликлар фурсатдан фойдаланиб, ўзларининг миллатчилик аламларини ўзбеклардан олишга ҳаракат қилдилар. Чунки жанубда истиқомат қилувчи ўзбеклар табиий равишда жанублик кланларни қўллар ва бунинг учун жанублик қирғизлардан кўра "икки баробар айбдор" эдилар.
Албатта "учинчи кучлар", "кўринмас кучлар", "манфаатдор кучлар" бундай миллий низоларни келтириб чиқаришга ҳисса қўшганлари, тарафларни бир-бирларига қарши қайраганлари ҳам бор гап.
2010 йилнинг аянчли воқеалари ҳали ҳам хотираларда турибди.
УЧИНЧИ ИНҚИЛОБ
2010 йилдан кейин ҳокимиятга вақтинчалик келган жанублик Роза Отунбоева муддати тугагач, ҳокимиятни шимоллик Алмазбек Атамбаевга топшириб кетди. Атамбаев эса эски сценарий бўйича ҳокимиятни сақлашнинг ҳаракатига тушди. Орада ваъдаларга биноан Қирғизистоннинг парламент республикасига айланиши уннг бу ниятларини қийинлаштириб юборди.
Шундан кейин у "Путин-Медведев" формуласи бўйича ўз ўрнига вақтинча Сооронбай Жээнбековни "қолдириб" ундан кейин яна ҳокимиятга келишни режалаштирган эди. Аммо Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятга келиши билан "Отаси"дан қутулишнинг пайига тушди ва Атамбаевни озодликдан маҳрум қилдирди.
Шундан кейин Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятни ўзи эгаллашнинг ҳаракатига тушди. 2020 йил 4 октябрдаги парламент сайловларида президент ва унга яқин партиялар парламентдаги энг кўп ўринларни эгаллаб олишлари ва сайловларда юз берган ғирромликлар сабабли мухолифатдаги партиялар ўз сайловчиларини кўчага чорладилар ва 6 октябрь куни милиция билан тўқнашувлардан сўнг Оқ уйни эгаллаб олдилар. Кейинчалик махсус хизматлар ва бошқа куч ишлатар тизимлар намойишчилар тарафга ўтдилар.
Намойишчилар собиқ президент Атамбаевни озод этишлари кўпчиликда инқилобни Атамбаев ташкил қилибди ва инқилоб айнан у учун ташкил қилингандай тасаввур беряпти. Аслида ундай эмас. Инқилобни 10 дан ортиқ партия вакиллари биргаликда амалга оширмоқдалар. Уларнинг орасида Атамбаевнинг тарафдорлари ҳам бор. Инқилоб амалга ошиб, давлат йўққа айлангач ҳ ким ўз хоҳлаганини қила бошлади. Кимдир президент курсисида селфи қилди, кимдир бир нарсаларни синдирди, кимдир бир жойларни ўмарди. Атамбаевнинг тарафдорлари эса ўз раҳнамоларини қутқардилар.
7 октябрь куни жанубда Ўш вилоятининг собиқ ҳокими, 2013 йилда қочиб кетган Мелис Мырзакматов ҳам Ўшга қайтиб келди. Яъни "Қирол ўлди, яшасин қироллар" дегандай, давлат йўқ бўлиши билан шимолда ва жанубда сиёсий кучлар тўплана бошлади.
ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ ?
Бу саволни очиқ қолдиришни ва фақатгина Қирғизистонга тез орада барчаси йўлга тушиб кетишини тилаб қоламан. Шу билан бирга энг ёмон сценарий, яъни 2010 йилдагига ўхшаган воқеаларни ташкил қилишларидан ҳам хавотирларим бор. Ишқилиб тарафлар провакацияларга берилиб, аҳмоқликларга йўл қўймасалар бўлди.
ҚИРҒИЗИСТОН МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ " ДЕМОКРАТИЯ ОРОЛИ"МИ ?
Энди асосий саволга қайтамиз. Кўпчилик "Шу демократиями?" дегандай саволлар беряпти ва "Марказий Осиёнинг демократия ороли" деган иборага киноя қилишяпти.
Демократия - грек тилидан "демос"- халқ, "кратос" - ҳокимияти, яъни халқ ҳокимияти маъносини билдиради. Агар мана шу маънода олиб қаралса, ҳа, Қирғизистонда ҳокимият халқнинг қўлида. Халқ ўз норозилигини билдира олади, президентликка сайлаган хизматчиси ёқмаса уни олиб ташлай олади. Халқни олиб чиқиб инқилоб қилаётганлар партияларнинг етакчилари, айёр сиёсатчилар дейиш мумкин. Тўғри. 2005 йилда уларни кўтариб чиққан ҳам америкаликлар эди. Аммо бу сиёсатда табиий ҳолат. Сиёсий кучларнинг тақсимланганлиги ва халқ ўз лидерларига эргашиши демократия дейилади.
Демократия=Фаровонлик, ривожланган давлатлардай гуллаб-яшнаб кетиш деб тушунадиган инсонлар инқилоблардан кейин фаровонлик бўлмаганига қараб демократия эмас деб чалкаштирадилар. Бу иккаласи икки нарса. Қирғизистонда халқ ҳокимияти эканлиги бор гап, фақат ҳокимиуатга келганлар менталитетга кўра ўғри бўлиб чиқавериши бошқа масала.
Марказий Осиёда халқ ҳақиқатдан ҳам ҳокимиятнинг эгаси бўлган, ҳар тугул ҳокимиятга таъсир ўтказа оладиган ягона давлат Қирғизистон бўлади. Шундан келиб чиқиб, Қирғизистонни бемалол "Марказий Осиёнинг демократия ороли" деб айта оламиз.
Энди инқилоблар масаласига келамиз. Бу инқилобларнинг ортида "чет эллик кучлар" турибдими ? Дунёдаги БАРЧА ЖАРАЁНЛАР, ЖУМЛАДАН ИНҚИЛОБЛАРНИНГ ортида доим ички ва ташқи кучлар туради. Марказий Осиёдаги истаган бир президентнинг сайланиши ва ҳокимиятда қолаётганлигининг ортида ҳам ташқи кучларнинг қўли ва роли бор.
Бу нарса Қирғизистон учун янада мосроқ. Чунки 2005 йилдаги инқилобдан сўнг Қирғизистонда сиёсатдан пул қилиш кўпчилик учун кун кўриш манбаига айланди. Қирғизистон табиий бойликларга эга бўлмаган, атрофи Тожикистонни ҳисобга олмаганда ўзидан кучли давлатлар билан ўралган камбағал давлат ҳисобланади. Шундай пайтда АҚШ уларда "сиёсий онг"ни шакллантириши улар учун айни муддао бўлган.
Нима қилишини билмаган қирғиз уюшма очиб, "Демократия раҳнамолари" - АҚШ, Европа ва бошқа давлатлардан грант ютиб олиб, кун кўришни одат қилиши натижасида биринчи инқилобдан кейин очилган уюшмаларнинг сони 11 мингдан ошиб кетган . Ҳозирга келиб уларнинг сони қанчага етганини билмайман.
Очилган ҳар бир уюшма ёки ташкил қилинган партия грант ютиш баробарида ташқи кучларнинг таъсирини қабул қилади. Фақат бу ташқи кунларнинг сони ва нисбати шундайки, уларнинг ўртасида ҳам "демократия" юзага келган. Яъни Қирғизистонда ғарбнинг ҳам, Россиянинг ҳам, Туркиянинг ҳам, арабларнинг ҳам, хитойликларнинг ҳам таъсири бор. Уларнинг ҳеч бири яққол ҳукмрон эмас.
Инқилоблардан кейин давлатнинг йўқ бўлиб қолиши ва парокандалик юз бериши афсуски инқилобларнинг аччиқ ҳақиқатидир.
ХУЛОСА
Қирғизистонда мукаммал бўлмаса ҳам, Ғарбдагидай бўлмаса ҳам демократия бор. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан, Белоруссия, Россия, умуман собиқ совет давлатлари билан солиштирганда у ерда халқ ҳокимиятга эгалик қилади.
Фақат на халқ, на у танлаган вакиллари етук сиёсатчилар бўлмагач ва аксинча ҳокимиятга келишлари билан халқни эмас ўз чўнтакларини ўйлашлари натижасида бу ҳокимиятдан ижобий фойда келмаяпти. Ҳар сафар инқилиблар юз бериши эса орада парокандаликка, турғунликка ва ҳатто орқага кетишга сабаб бўлаётганлиги ҳам "қирғиз демократияси"дан фойда бўлмаётганлигини тушунишга ёрдам беради.
Нима бўлганда ҳам қардош қирғиз халқига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз. Турли провакацияларга берилиб, ўзларинигн манфаатларига зид ишларни қилмасинлар. Агар уларга зарур бўлса, ўзбек халқи ва давлати доим ёрдамга тайёр.
"Uch zamon"ни барча ижтимоий тармоқларда кузатиб бориш учун
👇👇👇