29 июль - Халқаро йўлбарслар куни

29 июль - Халқаро йўлбарслар куни


29 июль - Халқаро йўлбарслар куни

Мазкур санани нишонлаш борасидаги қарор 2010 йилда бўлиб ўтган Ер юзида йўлбарсларни сақлашга қаратилган халқаро анжуманда қабул қилинган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад жамоатчилик эътиборини йўлбарсларнинг йўқолиб кетиши ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларга қаратишдан иборат.

Йўлбарслар халқаро муҳофазага олинган бўлиб, “Қизил китоб”га киритилган. 1947 йилдан бери йўлбарсларни овлаш бутунлай тақиқланган.

Йўлбарслар асосан, ёввойи ҳайвонларни ов қилиб, уларнинг гўшти билан озиқланади. Айрим ҳолларда йўлбарсларнинг одамларга ҳужум қилиши билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учраб туради. Тадқиқотчиларнинг фикрича, кейинги пайтларда Бенгал йўлбарслари кундуз кунлари овчи ва маҳаллий аҳоли билан тўқнаш келмаслик мақсадида тунда ҳаракат қилишни афзал кўришмоқда. Таҳлилчилар сўнгги йилларда инсоният томонидан ўрмон ва ерлар ўзлаштирилаётгани боис йўлбарслар истиқомат қиладиган ҳудудлар қисқариб бораётганини таъкидлашади.

Мичиган университети олимлари инсонлар йўлбарсларнинг яшаб қолишига ҳалақит бериши билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга қарор қилдилар. Бунинг учун Читван миллий парки ҳудудларига юзлаб видеокамералар ўрнатилди. Автоматик мослама йўлбарсларни ҳар томондан суратга олгани боис йиртқич ҳайвонларнинг ҳаётини чуқур ўрганишга имкон яратди. Олимларнинг сўзларига қараганда, инсонларнинг бармоқ излари бир-бирига мутлақо ўхшамагани боис йўлбарсларни ҳам терисининг бир-бирига ўхшамаган йўлчалари орқали аниқлаш мумкин экан. Олимлар 2 йил давомида йўлбарсларнинг ҳаёт тарзини ўрганиб, улар одамлар йўқ пайтлардагина Читван миллий боғи ҳудудларида пайдо бўлишини аниқладилар. Бу эса йўлбарсларни тунгги ҳайвонларга айланиб бораётганидан далолат беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ёввойи табиатда йўлбарслар сони 4 мингтага етади. Ҳиндистон ҳукуматининг маълум қилишича, бугунги кунда мамлакат ҳудудларида 3 минг 100 тадан 4 минг 500 тагача йўлбарс бор. Бироқ экспертлар бу маълумотга шубҳа билан қарашади. Уларнинг фикрича, Ҳиндистондаги йўлбарслар сони 3 мингтага ё етади, ё етмайди. Айрим мутахассислар Ҳиндистонда йўлбарслар сони 2 мингтани ташкил қилишини айтишади. Жаҳон банкининг Глобал Йўлбарс ташаббуслари маълумотларига қараганда, бугунги кунда жаҳонда 3 минг 200 та йўлбарс мавжуд бўлиб, улардан мингдан ортиғи Ҳиндистон, 500 таси Малайзия, 400 таси Бангладеш ҳудудларида истиқомат қилади. Йўлбарсларни Асраш дастури ёввойи ҳайвонларни 2022 йилга қадар 7 мингтага етказишни кўзда тутади.

Олимларнинг сўзларига қараганда, умуман, мушуксимонлар оиласининг энг йириги деб ҳисобланадиган йўлбарсларнинг 9 та тури мавжуд бўлиб, улардан 3 та тур, яъни Турон, Бали ва Ява йўлбарслари мутлақо йўқолиб кетган. Айни дамда ёввойи табиатда Амур, Бенгал, Малай, Суматра, Жанубий Хитой ва Ҳиндихитой йўлбарсларини учратиш мумкин.

Шуни таъкидлаш керакки, Бенгал йўлбарслари Ер юзидаги энг йирик ҳайвонлар тоифасига киради. Катталиги жиҳатидан у Амур йўлбарисига тенг кела олмаса-да, бироқ, сон жиҳатидан Бенгал йўлбарслари бошқа қондошларига қараганда, энг кўпдир. Уларни асосан, Ҳиндистон ва Непал ҳудудларида учратиш мумкин.

Ҳиндихитой йўлбарси асосан Камбоджа, Жанубий Хитой, Лаос, Мьянма, Таиланд, Малайзия ва Вьетнам ҳудудларида учрайди. Йўлбарснинг бу тури 1 минг 800 та экани айтилади.

Малай йўлбарси Малайзиянинг Малак ярим ороли ҳудудларида учрайди. Олимлар йўлбарснинг бу тури 600 тадан 800 тани ташкил этишини таъкидлашади. Суматра йўлбарси эса 400-500 тани ташкил қилиб, асосан, Индонезиянинг Суматра оролида истиқомат қилади.

1977 йилда Хитой ҳукумати йўлбарсларни овлашни тақиқловчи қонун қабул қилди. Бироқ бу қонун Жанубий Хитой йўлбарсини сақлаб қололмади. Кўрилган чора-тадбирларга қарамай, 1994 йилда энг охирги Жанубий Хитой йўлбарси ўлдирилди. Бироқ бугунги кунда йўлбарснинг бу турининг 59 таси ҳайвонот боғларида сақланаётгани айтилмоқда.

Энг охирги Бали йўлбарси 1937 йилнинг 27 сентябрь куни Сумбаркама оролининг ғарбий қисмида отиб ўлдирилган. Минтақамизда ҳаёт кечирган Турон йўлбарсини ўтган асрнинг 20-йилларида хам учратиш мумкин эди. Бу турнинг энг сўнггиси 1970 йилда Туркиянинг Хаккариул вилоятида ўлдирилган.


@Xatirchi_tuman_yangiliklari


Report Page