25 декабрь куни электр станциялар орқали жами 239,9 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 220,3 млн кВт соат электр энергияси етказиб берилди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилганбрифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди:
Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 45,5 млн кубометр табиий газ, 18,4 минг тонна кўмир ҳамда 5,3 минг тонна мазут ёқилди.
Республика табиий газ истеъмоли 144,1 млн кубометрни ташкил қилди.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида метан заправкаларга киритилган чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилган.
Кеча мамлакатимизда 1 минг 357 та метан заправка белгиланган график асосида ишлади.
Автобензин ва дизел ёнилғиси бўйича юзага келган ортиқча талабни қоплаш мақсадида мазкур маҳсулотлар ҳудудларга миқдори оширилган тарзда етказиб берилмоқда. Хусусан, кеча “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 3221 тонна автобензин етказиб берилди.
Ишлаётган метан заправкаларга 15,2 млн кубометр табиий газ ҳамда 700 тонна суюлтирилган газ етказилди. Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 4 минг 600 тонна автобензин, 1 минг 906 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 4 минг
600 тонна автобензин ҳамда 452 тонна дизель ёнилғиси сотилди.
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишламоқда.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.
Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 14 та, газ таъминотида юзага келган 5 та носозлик бартараф қилинди.
Таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган 187 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 101 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.
Тармоқларда носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадалар ишчи-ходимлари туну кун ишлаб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф қилмоқдалар.
Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қиламиз.
Об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, кунлар исиб қолган шу фурсатларда биз сиз, азиз юртдошларимиздан энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишингларни яна бир карра сўраб қоламиз. Агар уйингиз исиб кетган бўлса, деразаларни ланг очиб қўйиш эмас, балки иситкичлар ҳароратини пасайтириш, кондиционерларни тармоқдан узиб қўйиш энг оқилона ечимдир.
Бизнинг кўзимизга чексиз-чегарасиз ва туганмас бўлиб кўринаётган қадрли энергия ресурсларини асраб-авайлашимиз керак.
Оддий айтганда, барчамиз ижтимоий масъулиятни ҳис қилайлик. Зеро, бу ҳаммамиз учун манфаатлидир.
Ҳурматли истеъмолчилар! Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.