2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш, хусусан, 2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш 

2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш, хусусан, 2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш 

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида нодавлат таълим ташкилотларининг салмоғини ошириш ҳамда уларда таълим сифатини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда нодавлат таълим хизматларни кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш йўлида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, фуқароларнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда янгича тартиблар ишлаб чиқилди ва бу жараёнлар йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда.

Ислоҳотлар икки босқичда амалга оширилди:

биринчи босқичда 2017-2018 йилларда нодавлат таълим ташкилотини очиш истагида бўлган тадбиркорлар учун нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг (241-сон) қарори билан тасдиқланди.

Тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик, уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, тегишли ҳужжатларни бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлашга эришилди.

Лицензия учун талабгорлар томонидан топшириладиган ҳужжатлар сони 9 тадан 5 тага қисқартирилди.

Ушбу соддалаштирилган тартиб асосида Таълим инспекцияси томонидан белгиланган талабларга жавоб берадиган 4 мингдан ортиқ нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар расмийлаштириб берилди.

Натижада, нодавлат таълим ташкилотлари сони 2017 йилда 512 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 5678 тага етди. Яъни сўнгги беш йилдан уларнинг сони қарийб 11 баробарга ошди.

Жумладан,

мактабгача таълим бўйича 2189 та,

умумий ўрта таълимга 300 та,

олий таълим хизматлари бўйича 42 та,

мактабдан ташқари таълим бўйича 623 та,

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича 853 та лицензия расмийлаштириб берилган.

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли Фармонига асосан

2021 йил 1 январдан бошлаб мактабдан ташқари таълим ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари хабардор қилиш тартибида ташкил этилмоқда. Ҳозирда уларнинг сони 1 671 тага етди.

Иккинчи босқичда Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида” Қонунига мувофиқ нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида янги лицензия талаблари ва шартлари ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон ва 2022 йил 25 февралдаги 88-сонли қарорлари билан тасдиқланди.

Илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб нодавлат таълим ташкилотларига қўйилган талаблар аниқ бандма-банд кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда нодавлат таълим ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди, улардаги фаолият бўйича нормалар тартибга солинди.

Айнан шунинг учун ҳам 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг 41-мақсаддаги вазифалардан бири сифатида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилда 8 фоизга, шу жумладан 2022 йилда 3 фоизга ошириш белгиланган.

Шунингдек, 49-мақсадда 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага етказиш, хусусан, 2022 йилда Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида камида 1 тадан нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 8 та нодавлат олий таълим ташкилотларига лицензиялар берилди. Биронта ҳам нодавлат олий таълим ташкилоти бўлмаган Қашқадарё, Наманган, Самарқанд каби вилоятларда жорий йилда хусусий институтлар иш бошлади.

Ҳозирги пайтда битта ҳам нодавлат олий таълим ташкилоти бўлмаган Сурхондарё, Сирдарё ва Қорақалпоғистон Республикасининг маҳаллий ҳокимликлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда инспекция томонидан лицензияланган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 42 тага етди.

Жорий йилнинг 15 июнь куни Президентимиз раислигида аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорларни жалб этган ҳолда, хусусий техникумлар ва коллежларни ташкил этишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган эди.

Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида хусусий коллеж ва техникумларни ташкил этиш учун қуйидаги имтиёзлар беришни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳага кўра хусусий коллеж ва техникумга лицензия олиш талаблари енгиллаштирилмоқда. Шунингдек, бўш биноларни узоқ муддатга ижарага бериш, хориждан келтириладиган адабиётлар ва ускуналарни божхона тўловларидан озод қилиш, халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан мукофот тўлаб бериш ҳамда эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизини қоплаб бериш шулар жумласидандир.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фақат лицензия бериш билан чекланиб қолмасдан, ўз ваколати доирасида нодавлат таълим ташкилотларида лицензия талаблари бажарилишини назорат қилади, қонунчиликда белгиланган тартибда амалий ёрдам беришга, улардаги таълим сифатини ўрганишга ҳамда бу борада тегишли таклиф ва тавсияларни беришга ҳаракат қилади.

Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 160 та нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилди. Ўрганиш жараёнида тажрибасини оммалаштириш лозим бўлган юқори кўрсаткичли нодавлат таълим ташкилотлари билан бир қаторда таълим жараёнларини тўғри йўлга қўймаган, қонунларга ва тартибларга амал қилмаган, таълим сифатини таъминлай олмаган нодавлат таълим ташкилотлари ҳам борлиги кузатилди.

Қонунчиликка амал қилмаган ва тартибларга бўйсунмаган нодавлат таълим ташкилотларига белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Айримларининг лицензиялари бекор қилинмоқда, айримларига эса маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами

160 та нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятлари ўрганиш йўли билан таҳлил қилинди. Улардан, 132 таси мактабгача, 29 таси умумий ўрта, 9 таси олий таълим ташкилотлари.

Ўрганилган 29 та нодавлат умумий ўрта таълим мактабларининг

3 тасининг лицензияси олти ой муддатга ва 1 тасини 10 кун муддатга тўхтатилди ҳамда 1 та лицензия суд қарори билан бекор қилинди. Қолганларига огоҳлантириш хатлари юборилди.

Шу билан биргаликда, фуқароларимиз алданиб қолмасликлари, жабр кўрмасликлари учун лицензиясиз фаолият юритаётган ҳамда қабул бўйича эълонлар бераётган нодавлат олий таълим ташкилотлари Таълим инспекцияси томонидан аниқланиб, чора кўриш учун ҳуқуқ тартибот органларига топширилмоқда.


Report Page