2026 ЙИЛ: ОТ МУЧАЛИ
Мучал – туркий халқлар цивилизациясида шаклланган қадимий вақт ҳисоблаш тизими бўлиб, йилларни 12 ҳайвон номи билан белгилаш анъанасига асосланади.
Мучал тизимида 12 йиллик давр (цикл) асосий ҳисобланади. Инсоннинг ёши ана шу циклга боғланиб, муайян “Мучал ёши” деб аталади. Психология нуқтаи назаридан, мучал ёшлар инсонда ички қайта баҳолаш, ўзини англаш ва янги йўл қидириш босқичи сифатида талқин қилиниши мумкин. Бу жараён шахсий ривожланиш ва ижтимоий интеграцияда муҳим аҳамиятга эга.
Кириб келаётган янги – 2026 йилимиз эса от мучалидир.
От мучалига мансуб инсонлар диққатли, қувноқ табиатли, ақлли бўлишади ва молиявий саводхонлиги етарли. Лекин баъзан ҳаддан ташқари кўп гапиришлари мумкин. Агар От билан узоқ вақт гаплашмасангиз, улар ўзларини йўқотиб қўйишлари мумкин, чунки сукунат улар учун энг оғир азобдир.
Улар қизиққон, жозибадор, бошқаларга нисбатан эътиборли, ёрдамга ошиқувчи, дўстона хислатлари билан ажралиб турадилар. Бироқ, баъзан улар қайсарлик ҳам қилиб туришади. Улар эътибор марказида бўлишни, баҳслашишни ва турли мунозараларда қатнашишни жуда яхши кўрадилар, ҳалоллик, тўғрисини гапириш, яхши шаклланган ҳазил туйғуси уларга хос хислатлардан бири ҳисобланади.
Отлар фаол ва сабрсиз бўладилар. Улар мақсад сари тез ҳаракат қилишади, аммо шу билан бирга йўналишни тез-тез ўзгартириб туришади. От мучалида туғилган инсонлар зўр дид билан кийинишади, мақтовларни яхши кўришади, кўпчилиги спорт билан шуғулланишади. Отлар ўзларининг моддий таъминоти ҳақида кўп қайғурадилар, лекин бу борада кўп безовта бўлишларига тўғри келмайди, чунки бу мучал вакиллари молиявий масалаларни муваффақиятли бошқарадилар, одатда пуллари етарли бўлади.
Уларни бахтли қарилик кутади.
Ж.Амирова