2025 йилда А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 100 км қисмида пилот тариқасида интеллектуал транспорт тизими жорий қилинади
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълум қилди.
Ўтган 2017—2022 йиллар давомида мазкур халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 875 млн долларлик 8 та лойиҳа амалга оширилди ҳамда 465 км узунликдаги магистраль йўллар яъни, шунинг 325 километри цемент-бетон ва 140 километри асфальт-бетон йўллар қуриб фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Келгуси 10 йилда 45 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Жорий йилда 175 млн АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиши таъминланади. Бунинг натижасида Бухоро вилоятида халқаро аҳамиятга молик 87 км узунликдаги 4 тасмали цемент-бетон қопламали автомобиль йўли реконструкция қилиниб фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 110 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари капитал таъмирланади.
Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик асосида 2 та мега лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Булар, Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўллари ҳисобланади.
Автомобиль йўлларида интеллектуал транспорт тизими (ITS) автомобилларнинг ҳаракат вақтида вазнини ўлчаш тизими (WIM) жорий қилинади. 2025 йилда А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган 100 км қисмида пилот тариқасида интеллектуал транспорт тизими жорий қилинади.
Автомобиль йўллари қўмитаси халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳозирча шулардан иборат.