2024 йилнинг 9 ойи давомида 22 млрд, 671 млн. сўмлик ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари харид қилинди
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда "Дори-дармон" АК бошқарма бошлиғи Хуршида Эшбекова маълум қилди.
Ижтимоий аҳамиятга эга ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликларнинг олдини олиш ҳамда даволаш учун талаб юқори бўлган ва аҳоли, тиббиёт ташкилотлари томонидан кўп фойдаланиладиган дори воситалари ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳисобланади. Бундай дори воситалари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ҳозирги кунда “Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати”га жами 133 та шундан 126 та дори воситаси ва 7 та тиббий буюмлар киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 204-сон қарори билан Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган 14 тоифадаги шахслар рўйхати белгиланган. 2024 йилнинг 9-ойи давомида мазкур рўйхатдаги шахсларга компаниямиз ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли дорихоналар орқали 292 750 та рецепт орқали 22 млрд. 136 млн. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилди.
Умуман олганда, компаниямиз томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида 22 млрд, 671 млн. сўмлик ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари харид қилинди.
“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ўзига юклатилган ижтимоий вазифалар қаторида Давлат буюртмасини ҳам мунтазам равишда масъулият билан бажариб келаётган ташкилотлардан бири саналади.
Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар 1 млн 100 минг дозадан ошиқ гриппга қарши вакциналар олиб келинган бўлиб, бу вакциналар Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига, тиббиёт марказларига, қуроллик кучлар, ички ишлар вазирлиги, хусусий ташкилотларга, вакцинация марказларига етказиб берилди.
Шу ўринда реимбурсация, яъни “Электрон рецепт” тизимини жорий этиш бўйича “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси томонидан олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғурта механизмларини жорий этишга оид чора тадбирлар тўғрисида” ги Қарорига кўра, 2024 йил якунига қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилиши белгиланган. 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида жорий этиш бошланади ҳамда 2026 йил якунига қадар барча ҳудудларда йўлга қўйилиши белгиланган.
Бугунги кунда компанияга қарашли 52 та, шундан Сирдарё вилоятидаги 42 та ва Тошкент шаҳридаги 10 та дорихона ва дорихона шохобчалари реимбурсация дастурига уланган.
Реимбурсация дастури доирасида гипертония ва юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги билан диспансер назоратида турган беморлар оилавий шифокорларига мурожаат этиб, электрон рецепт асосида дорихоналардан 11 турдаги дори воситаларини бепул олишлари мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Реимбурсация дастури асосида беморларга дори воситаларини тайинлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома қилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси шифокори томонидан амалга оширилади.
Шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт ўрнатилган тартибда тасдиқлангандан сўнг ахборот дастури орқали Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналарга узатилади ҳамда беморнинг мобил телефон рақамига мазкур рецептнинг рақами ва санаси акс эттирилган СМС-хабарнома автоматик равишда юборилади.
Реимбурсация дастури доирасида иштирок этувчи дорихоналарнинг берилган дори воситалари бўйича сарф-харажатлари мазкур дориларнинг нархлари акс эттирилган ҳисоб-фактуралар асосида Жамғарма томонидан тўлаб берилади.
2024 йилнинг 10 ойи давомида компаниянинг реимбурсация дастурига уланган дорихоналари орқали 3,6 млрд. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
Компанияга тизимидаги Тошкент шаҳрида жойлашган дорихоналарни Реимбурсация дастурига улаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.