2024 йилнинг 1 июль ҳолатига, акциядорлик жамиятларидан асосан миноритар акциядорлар фойдасига дивиденд ундириш масаласида 363 та мурожаат келиб тушган 

2024 йилнинг 1 июль ҳолатига, акциядорлик жамиятларидан асосан миноритар акциядорлар фойдасига дивиденд ундириш масаласида 363 та мурожаат келиб тушган 


Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилноза Собирова маълум қилди.

Сўнгги йилларда Республикамизда Капитал бозорини янада ривожлантириш, янги жозибадор инвестиция маҳсулотларини яратиш, капитал бозорига қўшимча инвестицияларни, шу жумладан маҳаллий инвесторларнинг хорижий валютадаги жамғармаларини жалб қилишни рағбатлантириш, шунингдек инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш йўналишида 2024 йилнинг 1 июль ҳолатига, акциядорлик жамиятларидан асосан миноритар акциядорлар фойдасига дивиденд ундириш масаласида

363 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, Агентликнинг бевосита иштирокида ҳамда ваколати доирасида низоларни судгача ҳал қилиш тартибида, жамиятлардан жами 780 млн. сўмдан зиёд, шундан 588 млн. сўм юридик ва 192 млн. сўм жисмоний шахслар фойдасига дивиденд пуллари ундириб берилишига эришилди, бу билан мурожаатчиларнинг узоқ вақт мобайнида ўз ечимини топа олмаган дивиденд масаласидаги муаммолари ижобий ҳал этилди.(Маълумот учун: 2023 йил 1 октябрдан жорий йил 1 июль ҳолатига ушбу кўрсаткич 1 млрд. 967 млн. 643 минг 603 сўмни ташкил этади).

Бундан ташқари, мурожаатчилар манфаатида тегишли судларга 2 млрд. 332 млн. сўмдан зиёд дивиденд пулларини ундириш ҳақида ўрнатилган тартибда даъво аризалари киритилди, шунингдек 2 та ҳолатда мурожаатчилар манфаатида даъво аризалари киритилган ҳолда иқтисодий ишлар бўйича тегишли судларнинг акциядорлик жамиятларига тегишли миноритар акциядорларнинг акцияларини бозор қийматида сотиб олиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари қабул қилинишига эришилди.

Миноритар акциядорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат улушига эга жамиятлар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилиши, яъни акциядорларга тўланиши керак бўлган дивидендларнинг пастки чегараси белгилаб қўйилди.

Эмитентлар фаолияти йўналишида, жорий йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида эмитентлар сони жами 689 тани ташкил қилади ва ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан қиёслаганда 46 тага ошганлигини кузатиш мумкин. Муомаладаги қимматли қоғозларнинг умумий қиймати 198,6 трлн. сўмни ташкил этади. Чиқарилган облигациялар ҳажмига тўхталадиган бўлсак, 2024 йилнинг I ярим йиллиги натижаларига кўра 1,3 трлн сўм миқдоридаги облигациялар чиқарилуви давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, Қимматли қоғозлар даромадлари (дивидендлар, фоизлар) тўловларини “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ ва (ёки) инвестиция воситачилари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилиб тасдиқланди ва Адлия вазирлигидан 2024 йил 28 июнда 3523-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

Мазкур низомга мувофиқ, Марказий депозитарийда эмитент

ва қимматли қоғозлар эгаларига қимматли қоғозлар даромадларини тўлаш учун шахсий ҳисобварақлар очилади. Жисмоний шахслар ўз шахсий ҳисобларини Марказий депозитарий мобил иловаси ва (ёки) инвестиция воситачиси ёрдамида масофадан туриб бошқариши мумкин.

Мазкур ҳужжат ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвесторлар (акциядорлар) учун қимматли қоғозлар (дивидендлар, фоизлар) бўйича даромад олиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштириш ва тезлаштириш, қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ҳисоблаш ва тўлаш жараёнини автоматлаштиришга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ушбу амалга оширилаётган  ишлар орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат акция пакетларини капитал бозори орқали хусусийлаштириш амалиётини кенгайтириш, аҳолининг қимматли қоғозларга инвестиция киритишини рағбатлантириш ва молия бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қарор ва фамонлари ижроси таъминланмоқда.

 

 

Report Page