2024 йилда суюлтирилган газ ҳажмининг ойлик фонди босқичма-босқич 56 минг тоннагача, хонадонларга суюлтирилган газ ташиш ҳажмини ойига ўртача 1,9 минг тоннага оширилади

2024 йилда суюлтирилган газ ҳажмининг ойлик фонди босқичма-босқич 56 минг тоннагача, хонадонларга суюлтирилган газ ташиш ҳажмини ойига ўртача 1,9 минг тоннага оширилади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ бошқарма бошлиғи Раҳматулла Маннонов истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб беришда коррупцион ҳолатлар ва ўғирлашнинг олдини олиш, ноқонуний сотишга қарши курашиш ҳақида маълумот берди.

Жорий йилнинг 5 август санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг “Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 430-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда суюлтирилган газни ташиш ва аҳолига етказиб бериш самарадорлиги янги босқичга кўтариш масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, ҳужжатга мувофиқ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳукумат қарорида белгиланган вазифалар аҳолини газ билан таъминлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Таъкидлаш керакки, сўнгги уч йилда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш соҳаси модернизация қилинди. Жумладан, аҳолига газ баллонларини “айланма” усулда етказиб бериш йўлга қўйилди, автотранспорт воситалари парки сезиларли даражада кенгайтирилди, темир йўллари бўйлаб ёқилғини ташиш учун вагон-цистерналари сотиб олинди.

Якунда эса, 3,7 млн. хонадонга суюлтирилган газ етказиб бериш муддати 46-50 кундан 30-40 кунгача қисқарди. Ушбу натижаларга эришишда “Ҳудудгазтаъминот”АЖ тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг ўрни беқиёсдир. Соҳада коррупцияга қарши курашиш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланишни ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида, Жамият тизимида Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлинмалари ташкил этилиб, “комплаенс назорат” тизимини жорий этишга масъул бўлган 58 нафар малакали мутахассислар билан шакллантирилди.

Тизимда яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда барвақт аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича Жамиятнинг коррупцияга қарши сиёсати ва йўл хариталари тасдиқланиб, ишлар юқори даражада ташкил этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йили мобайнида аниқланаётган қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида, тизимдаги вазиятни яхшилаш ва тизим ходимлари орасида коррупция холатларига муросасиз муносибатини шакллантириш мақсадида, 691 та умумпрофилактик ҳамда 2 456 та якка тартибдаги профилактик тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, 156 та хизмат текширувлари ўтказилиши натижасида 138 та коррупция ҳолатларининг олди олинди. Хусусан, ушбу йўналишда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида “Е-Gaz” дастури ишлаб чиқилиб, унда истеъмолчиларга газ етказиб беришда нақд пул муомаласидан, нақд пулсиз шаклга ўтказилди.  Бунда 3,7 млндан ортиқ истеъмолчилар махсус ID-карталар билан таъминланди ҳамда фойдаланишдаги 4,7 млн маиший газ баллонларга махсус бар-кодли ёрлиқлар бириктирилди. Шунингдек, истеъмолчи ва дастур орасидаги масофавий боғланиш, тўловларни амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик таъминланиб, инсон омилисиз масофадан жараёнларни бошқаришга эришилди.

Оқибатда лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, яъни содир этилиши эҳтимоли бўлган талон-тарожлик ва коррупцион ҳолатларига барҳам берилди.

Шунингдек, ҳар бир суюлтирилган газ тўлдириш шаҳобчаларига кузатув камералари ўрнатилиб, суюлтирилган газ маҳсулотини ҳалоллик механизмлари асосида етказиб бериш мақсадида ўлчов тарозилари орқали ишлаш тартиби йўлга қўйилди. Шу билан бирга маиший газ баллонларидаги маҳсулотни вазнини ўлчаб олиш имкониятини яратиш мақсадида барча 847 дона автотраснпортлар назорат тарозиси билан таъминланди.

Суюлтирилган газ таъминоти сарф - харажатларини камайтириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш орқали молиявий барқарорлигини таъминлаш, шунингдек транспортировка жараёнларида коррупциоген ҳавф-хатарларни олдини олиш мақсадида, суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи корхоналардан темир йўл орқали вагон-цистерналарда ташиш тизими йўлга қўйилди.

Аҳолига суюлтирилган газни узлуксиз ва ҳавфсиз етказиб бериш учун қўшимча 9 та газ тўлдириш иншоотлари ҳамда 17 та маиший газ баллонларини таъмирлаш ва синовдан ўтказиш цехлари ишга туширилди. Ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида суюлтирилган газни юклаш, сақлаш ва тўлдириш жараёнида “онлайн” назорат тизими йўлга қўйилди.

Жамият тизимидаги барча автотранспорт воситаларининг ёқилғи ва ҳаракати “UzGPS” дастурий таъминоти орқали тўлиқ назоратга олинди, шунингдек аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш махсус автотранспортлари пропан ёқилғи туридан метан ёқилғи турига ўтказилди.

Газ таъминоти филиаллари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир ҳудуднинг географик жойлашуви ва бошқа кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда шакллантирилган нархномалар ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка етказилиши таъминланди.

Янги меъёрий ҳужжатлар, жумладан, назорат қилувчи органлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, қонунбузулишлар тўғрисида хабар бериш ва унинг олдини олиш, хизмат жараёнида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича тартиблар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Қолаверса, кенг жамоатчилик фикри ва таклифини инобатга олиб, тизимни “коррупциядан ҳоли соҳа”га айлантириш мақсадида, “Рейтинг баҳолаш” тизими жорий этилди ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар сонини кескин камайтиришга эришилди.

“Республика истеъмолчиларининг табиий ва суюлтирилган газ таъминоти тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори "Ҳудудгазтаминот" АЖ учун аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулот билан таъминлаш борасида янги имкониятлар эшигини очмоқда. Йил охирига қадар суюлтирилган газ ташиш ҳажмини 3,6 минг тоннагача оширадиган қўшимча вагон-цистерналарни сотиб олиш, сақлаш ҳажмини кенгайтириш учун газ қуйиш шохобчаларига 22 та сиғимлар ўрнатиш, шунингдек суюлтирилган газ сифатини назорат қилиш учун мустақил кимёвий лабораторияни жалб қилиш режалаштирилган.

2024 йилга бориб суюлтирилган газ ҳажмининг ойлик фондини босқичма-босқич 56 минг тоннагача ошириш, 69 минг дона газ баллонларини аҳолига фойдаланиш учун етказиб бериш, шунингдек, “Isuzu” маркали 31 та юк ташувчи автомобиллар сотиб олиш ҳисобига газ баллонларини ташишга мўлжалланган мавжуд автотранспорт паркини янада кенгайтириш режалаштирилган. Буларнинг барчаси хонадонларга суюлтирилган газ ташиш ҳажмини ойига ўртача 1,9 минг тоннага оширишга хизмат қилади.


Report Page