2024 йилда Рахим Рахмонов таваллудига 100 йил тўлди!

2024 йилда Рахим Рахмонов таваллудига 100 йил тўлди!

 https://t.me/peshkuhokimiyat

Юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат она-ватанимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни ёдга олиш, балки юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган барча фахрийларимиз, табаррук отахон ва онахонларимизга чексиз ҳурмат, иззат-икром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш куни ҳамдир.

Халқимизда, умуминсоний қадриятлардан бири ўтганларни хотирлашдир. Шу боис ўтганларни эслаш, тирикларни қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Чунки, инсон ўтмиш аждодларини эсга олиш билан қандай халқ вакили эканлигини яна бир бор дилдан ҳис этади. Қалби ғурур, ифтихорга тўлиб ҳаёт ўткинчи эканлигини ва бу ўткинчи ҳаётда ўзидан яхши ном қолдириш, фақат яхшилик ва эзгу амаллар қилиш лозимлигини теран англайди.

Бу ўткинчи дунёда ўзидан яхши ном қолдирган, туманимизда қатор йиллар давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритган яна бир тумандошимиз, пешкўликлар учун энг азиз ва энг қадрдон инсон, Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутати, Ўзбекистон фанлар академиясининг фахрий аъзоси, “Хизмат кўрсатган пахтакор”, “Хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими”, қишлоқ хўжалиги соҳаси билимдони, олим агроном, уста боғбон, қатор давлат мукофотлари совриндори раҳматли Рахим ота Рахмонов ҳам шулар жумласидандир.

Рахим Рахмонов 1924 йилда Пешкўнинг қадимий “Зандане” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Арабхона қишлоғида камбағал деҳқон оиласида таваллуд топган ҳамда шу ерда 2001 йилда вафот этган.

Рахим Рахмонов ҳам барча юртдошлари қатори

1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимояси учун қатнашиб, ўзбек ўғлонлари кўрсатган жасорат ҳамда эришган буюк ғалабага шерик бўлиб, ўз юртига уруш жангоҳларидан соғ-омон қайтди.

Рахим Рахмонов армия сафидан қайтгач, дастлабки иш фаолиятини тумандаги (собиқ) “Москва” колхозининг бригадирлигидан бошлаб, агроном, бош агроном ҳамда шу колхозни 18 йил бошқарган, раҳбарлик даврини босиб ўтди.

Кўп йиллик меҳнат фаолияти мобайнида ишга ҳалол муносабатда бўлувчи ходим, колхоз ишлаб чиқаришининг моҳир ва талабчан раҳбари, қишлоқ меҳнаткашларининг ғамхўр мураббийси сифатида танилди ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Ёқуб Фаттоев, Убайдулло Махмудов, Дониёр Орипов, Мухаммад Нарзиев, Наим Кенжаев, Карим Рахимов ҳамда Баходир Бафоевлардек элимиз ардоғидаги кўплаб шогирдларни камолга етказди.

Шунингдек, фан-техника тараққиёти ютуқларини, илғор тажрибани қишлоқ хўжалигига жорий қилишга катта эътибор берди.

Рахим Рахмонов раҳбарлиги даврида “Москва” колхози давлатга 16,7 минг тонна пахта топширди ва беш йиллик режани муваффақиятли бажарди. 1979 йилда колхоз рекорд ҳосил етиштирди. Ҳар гектаридан 52,6 центнердан пахта олди. Бу 1976 йилдагидан

14,6 центнер ортиқ демакдир.

Рахим Рахмонов Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутати ҳамда хўжаликдаги раҳбарлиги давомида колхозчиларнинг турмуш маданиятини ошириш борасида, умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пункитлари, дала шийпонлари, қишлоқ меҳнаткашлари учун обод уй-жойлар, ариқ зовур ва каналлар қазилди ҳамда Варахша ҳудудида беш минг гектардан зиёдроқ янги ерларни ўзлаштириб боғ-чорбоғлар яратишдек кўплаб савобли ва хайрли ишлар амалга оширилди.

Рахим Рахмонов! Ҳалол ва адолатли халқсевар инсон бўлганлиги туфайли! Ўтган ХХ-асрнинг 80-йиллари ўрталарида “пахта иши” ёки “ўзбек иши” деб аталган уйдирмалар ҳамда Гдлян ва Иванов исканжасидан эсон-омон чиққан ўша даврдаги Пешкў туманининг биринчи колхоз раиси эди.

“Рахим Рахмонов тумандошларига инсон ўз Ватани учун сидқидилдан меҳнат қилса, халқи уни асло унутмаслигини эслатди”.

Орадан йиллар ўтади, замонлар ўтади. Лекин халқимиз мана шу Рахим ота Рахмонов каби фидоий халқпарвар инсонларнинг хайрли ишларини ҳеч қачон унутмайди.

Инсон ҳаёти абадий эмас, зеро муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “Хотира мангу, хотира боқий. Ўтганларни хотирламайдиган халқнинг эртаси ёруғ бўлмайди”, деган умидбахш сўзларидан биз ёшлар сабоқ чиқариб яшашимиз лозим деб ўйлайман.

Инсон хотира билан тирик қадри билан улуғ. Шу боис марҳумларнинг ҳаёт даврида қилган барча яхши амалларини эслаб, ёдга олиш лозим бўлади. Ўтган ота-боболаримиз хотирасини доимо эсга олиб бизларга қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ этмоқлигимиз лозимдир.

Муқаддас динимизда иймон, ихлос билан қилинган солиҳ амалларнинг савоби ўтганларнинг руҳига бағишланса, иншаоллоҳ марҳумларнинг руҳлари шод бўлиши таъкидланади.

Ҳурматли газетхон, Яратгандан Рахим ота Рахмоновни ҳам руҳларини шод айлаб, охиратларини обод қилишини сўраб қоламиз.

 

Шоҳрух Амонов



Report Page