2024 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 3,5 млрд долларга етказилади

2024 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 3,5 млрд долларга етказилади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари раислигида инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жаҳон бозорига чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширишга доир топшириқлар берилди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида дастлаб мамлакатимиздаги йирик экспортёрлар билан учрашувлар ташкил этилиб, экспорт кўрсатгичларини оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ўрганилди. Маълумотлар таҳлил этилиб, қуйидаги режалар амалга оширилиши белгиланди.

2024 йил учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 млрд долларга, шундан мева-сабзавот 2,5 млрд долларга ва бошқа озиқ-овқат маҳсулот экспортини 1 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бунда мева экспортини 45 фоизга, сабзавотни50 фоизга, полиз экинлари экспортини36 фоизга, узумни2,2 баробарга ва дуккакли маҳсулотлар экспортини 32 фоизга кўпайтириш учун чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, маҳсулотлар экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилади. Бунинг учун халқаро стандартларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ҳудуднинг экспорт салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда экспертлар томонидан мева-савзавотни етиштиришдан юклашгача бўлган жараёнларда талаблар тушунтирилмоқда. Режада камида 1 000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи, қадоқловчи ва экспортчи корхоналарга хорижий бозорлар талабларини ўргатиш кўзда тутилган.

Халқаро майдонда Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар ҳажмини оширишга доир тадбирлар Инвестициялар, саноат ва савдо, Қишлоқ хўжалиги  ҳамда Транспорт вазирликлари, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, Божхона ва Солиқ қўмиталари, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Экспортчилар уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Асосий эътибор хориж бозорларидаги талаб ва таклифларга ҳам қаратилади. Франциядаги “SIAL”, Бирлашган Араб Амирликларидаги “Gulfood”, Саудия Арабистонидаги “Foodex Saudi”, Япониядаги “Japan Food” каби мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда экспортчи корхоналарни иштироки таъминланади ва аниқ буюртмалар порфели шакллантирилади.

200 минг гектар майдонларда экспортбоп экинлар жойлаштирилади ва экспортга ортилишига кўмаклашиш учун карантин инспекторлари бириктирилади.

Маълумот учун, 80 та давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун 620 та фитосанитар рухсатлар олинган. 2023 йилнинг ўзида 12 та давлатга 23 турдаги маҳсулот экспортига фитосанитар рухсатлар олинди. Агентлик томонидан бу йўналишдаги ишлар ҳам давом эттирилади. 


Report Page