2024 йил январь-сентябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 54,3 млрд киловатт-соат электр энергияси узатилиб, режа 100 фоизга бажарилди

2024 йил январь-сентябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 54,3 млрд киловатт-соат электр энергияси узатилиб, режа 100 фоизга бажарилди


АОКАда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида юқори кучланишли подстанцияларнинг 2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берилди:

1. Асосий иш фаолияти

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ–4249-қарори асосан ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти электр энергиясини транспортировкаси ва давлатлараро транзитни амалга оширишдан иборат.

 2. Таркибий тузилмаси

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибий тузилмасида 17 та филиал ва 1 та масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона мавжуд.

 3. Ягона акциядори

Акциядорлик жамиятининг Ягона акциядори — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади.

 4. Энергетика объектлари

Акциядорлик жамиятида узунлиги 12250 километр 110–220 ҳамда 500 киловольт кучланишли электр тармоқлари, умумий қуввати 31134 мегавольт•ампер бўлган 90 та подстанция мавжуд. Уларга хизмат кўрсатувчи ишчи-ходимлар сони 4409 нафарни ташкил этади.

 5. Инвестиция лойиҳалари, модернизация-реконструкция

2019–2024 йилларда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан умумий қиймати 397,2 млн АҚШ доллари ҳисобидаги 30 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида, умумий қуввати 1025 мегавольт•амперга эга 4 та 220 киловольт кучланишли подстанция ҳамда 870 км узунликдаги электр узатиш тармоғи (500 киловольт кучланишли 129,0 км, 220 киловольт кучланишли 658,9 км, 110 киловольт кучланишли 82,83 км) қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишлари натижасида подстанцияларнинг қуввати 7890 мегавольт•амперга оширилди.

 6. Электр энергияси транспортировкаси (узатиш)

2024 йил январь-сентябрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 54,3 млрд киловатт•соат электр энергияси узатилиб, режа 100 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,2 фоизни ташкил этди. Шунингдек, электр энергияси истеъмолини қисқартириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирга асосан 10,4 млн киловатт•соат электр энергиясини иқтисод қилиш режалаштирилган бўлиб, амалда 14,1 млн киловатт•соат ёки режа 135,4 фоизга бажарилди.

2024 йил январь-декабрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 74,0 млрд киловатт•соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда ҳамда 16,1 млн киловатт•соат миқдорида электр энергияси истеъмолини иқтисод қилиш режалаштирилган.

2025 йил январь-декабрь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 76,1 млрд киловатт•соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда ҳамда 9,2 млн киловатт•соат миқдорида электр энергияси истеъмолини иқтисод қилиш режалаштирилган.

 7. Инвестиция дастурининг ижроси бўйича

2024 йил якунигача барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан  430,6 млн АҚШ доллари ҳисобидаги (2023 йил режасига нисбатан ўсиш суръати 262,6 фоиз) маблағ ўзлаштириш режалаштирилган.

Жумладан:

Давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан ҳисобидан – 164,1 млн доллар; Бошқа хорижий инвестициялар ҳисобидан – 200,0 млн доллар; Акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан – 62,2 млн доллар; Тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан – 4,3 млн доллар.

 Хусусан, 2024 йил январь-сентябрь ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 285,23 млн доллар ўзлаштирилди (режа 276,77 млн долларга нисбатан 103,05 фоиз). Шундан Давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан 114,85 млн доллар (режа 111,4 млн долларга нисбатан 103,1 фоиз), бошқа хорижий кредитлар 129,4 млн доллар (режа 127,0 млн долларга нисбатан 101,9 фоиз), тижорат банклари кредит маблағлари 2,1 млн доллар (режа 1,3 млн долларга нисбатан 162,1 фоиз) ва ўз маблағларидан 38,88 млн доллар (режа 37,07 млн долларга нисбатан 104,9 фоиз).

 Янги қурилиш ҳамда модернизация дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида жами 71 км электр узатиш тармоқлари қурилиб фойдаланишга топширилди. Жумладан, Тошкент вилоятида “Тошкент” подстанцияси билан “Тракторсоз” подстанциясини боғловчи Юқоричирчиқ қуёш фотоэлектр станцияси подстанциясига “кириш-чиқиш” – 2 км, Бухоро вилоятида Қоровулбозор қуёш фотоэлектр станциясидан “Турон” алмашлаб улаш пунктига – 33 км, Қашқадарё вилоятида Нишон қуёш фотоэлектр станциясидан “Талимаржон иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти энергетика объектига – 36 км.

 Шунингдек, 4 та подстанцияда жами 850 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилди. Наманган вилоятида “Сардор” подстанцияси 175 мегавольт•ампер, Андижон вилоятида “Лочин” подстанцияси 300 мегавольт•ампер, “Сарой” подстанцияси 125 мегавольт•ампер, Сурхондарё вилоятида “Шеробод-2” подстанцияси 250 мегавольт•ампер.

Йил якунига қадар Инвестиция лойиҳалари доирасида жами 488 км электр узатиш тармоғи ҳамда 2186 мегавольт•ампер қўшимча қувват яратилади. Жумладан, Навоий вилоятида қуввати 1002 мегавольт•ампер бўлган 500 киловольт кучланишли “Мурунтов” подстанцияси ва 177 км электр узатиш тармоғи қурилади; Жиззах вилоятида қуввати 500 мегавольт•ампер бўлган “Зафарабод” подстанцияси ва 280 км электр узатиш тармоғи фойдаланишга топширилади; Тошкент вилоятида қуввати 250 мегавольт•ампер бўлган “Оҳангарон” подстанциясида бошланган ишлар якунланади; Андижон вилоятида қуввати 300 мегавольт•ампер бўлган “Лочин” подстанцияси ишга тушади; Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” подстанцияси қўшимча 34 мегавольт•ампер қувват яратилади; Самарқанд вилоятида “Самарқанд” подстанцияси 100 мегавольт•ампер қувват қўшилади; Тошкент вилоятида “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясидан “Оҳангарон” подстанциясигача 31 км узунликка эга электр тармоғи қурилади.

 8. Сарф-харажатларни қисқартириш

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бўйича, 2024 йил январь-сентябрь ойларида жами харажатларни қисқартириш, иқтисод қилиш ва оптималлаштириш натижасида 271,6 млрд сўм миқдорида иқтисод қилинди, жумладан:

·        энергоресурсларни иқтисод қилиш ҳисобига – 0,5 млрд сўм;

·        материал ва хомашёлар сарфини оптималлаш ҳисобига – 1,4 млрд сўм;

·        технологик ва бошқа йўқотишлар камайтириш ҳисобига – 4,0 млрд сўм;

·        эксплуатация ва бошқа ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳисобига – 4,8 млрд сўм;

·        Бошқа сарф-харажатларни қисқартириш ва оптималлаштириш ҳисобига – 260,8 млрд сўм.

 Йил якунига қадар 355,0 млрд сўм миқдорида харажатларни қисқартириш ва оптималлаштириш кутилмоқда.

 9. Янги иш ўринларини яратиш

2024 йилда январь-сентябрь ойида тизим корхоналарида 30 та янги иш ўрни яратилди. (режа 6 та, режага нисбатан 5 баробар кўп).

 10. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик якунлари

2024/2025 йиллар йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларини барқарор ишлашига тайёрлаш тўғрисида 22-банддан иборат чора-тадбирлар белгилаб олиниб, олдинги мавсумда содир бўлган авариявий ўчишлардан, йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда электр узатиш тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилди. Барча подстанция ва электр узатиш тармоқларига масъул ходимлар бириктирилган.

 Мавсумини беталофат ўтказиш борасида қуввати 736 мегавольт•ампер бўлган 10 та (режа 9 та) трансформатор, 34 та ўчиргич, 4 та компрессор қурилмаси, 941,4 км (режа 848 км) узунликдаги электр узатиш тармоқларини мукаммал таъмирланди ҳамда “Ўзэнергоинспекция” кўригидан ўтказилиб мавсумга тайёрлик далолатномалари расмийлаштирилди.

 Шунингдек, 310 та трансформатор, 1677 та ўчиргич, 12 та компрессор қурилмаси ва 5490,2 км узунликдаги электр узатиш тармоқларини жорий таъмирланди. Трансформаторларнинг совутиш тизимидаги 113 та двигатель таъмирланди ва 66 та янги двигатель ўрнатилди.

220–500 киловольт кучланишли 12 250 км тармоқ кўрикдан ўтказилди ҳамда 721 та қушларга қарши мослама, 6000 тадан ортиқ изолятор ўрнатилди, чақмоққа қарши тросслар ва контур ерлагичлари текширилди.

 Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилди ва 200 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатлар олди олинди.

 Шунингдек, авариявий ҳолат содир бўлганда ҳолатни зудлик билан бартараф этиш мақсадида, бориш қийин бўлган таянчларгача (тоғли, қир-адирли ҳудудларда) йўлаклар барпо этилди, шу билан бирга, дарё ўзанларида ва тоғ ёнбағрларида жойлашган таянчларни сел-тошқин таъсирига тушишини олдини олиш чоралари (қўшимча ариқлар барпо этилди) кўрилди.

 Юқори кучланишли подстанциялар ҳамда магистрал электр узатиш тармоқларининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида 180 тонна трансформатор мойи, 1000 килограмм техник пластина, 27 дона металл таянч, 39 дона темир-бетон таянч, 10000 та изолятор, 20 та турли қувватдаги трансформатор, 40 тонна турли русумли симлар, иккиламчи занжир учун 10 км кабель маҳсулотлари захираси яратилди.

 Шунингдек, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 65 та навбатчи гуруҳлар бригадаси ташкил этилган бўлиб, улар 139 та махсус автотранспорт воситаси шундан, 25 та юк кўтариш автокрани, 64 та бригада автотранспорти, 27 та АГП (автогидроподъемник), 14 та ЭТЛ (электр таҳлил лабораторияси) лабораторияси ва 9 та экскаватор, зарурий эҳтиёт қисмлар, шунингдек, алоқа ҳамда ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланган.

 Бундан ташқари, 110-500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган кўрик ишларининг самарадорлигини ошириш, яъни бориш қийин бўлган ҳудудлар, муҳофаза зонасидаги янги қурилишлар, дарахтзорларни аниқлаш ҳамда авариявий ҳолатлар содир бўлганда электр тармоғининг шикастланган жойини қисқа муддатларда топиш мақсадида ўчувчисиз ўчиш аппаратидан фойдаланиш жорий этилган бўлиб, ҳозирда 656,7 км электр узатиш тармоқларида ва 2000 тадан ортиқ таянчда кўрик ишлари олиб борилди.

 11. Энергия тежамкорлик ва самарадорлик

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-222-сонли қарори асосида тасдиқланган йўл харитасида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг магистрал электр тармоқлари филиаллари бўйича сарфланадиган электр энергиясини тежаш режаси 2024 йил учун 16,1 млн киловатт•соат этиб белгиланган бўлиб, 2024 йилнинг сентябрь ойида 4,5 млн киловатт•соат электр энергияси тежалишига эришилди.

 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 14,1 млн киловатт•соат миқдоридаги электр энергияси тежалишига эришилган. Бундан ташқари, 2024 йил январ-август ойларида электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар ҳисобидан 264,5 млн киловатт•соат ёки 0,6 фоизга электр энергияси тежалишига эришилди. (режа 1,7 млрд киловатт•соат, ёки қабул қилинган энергияга нисбатан 2,95 %, амалда эса 1,4 млрд киловатт•соат ёки 2,35 %)

 Электр энергиясини магистрал электр тармоқлар орқали узатишдаги технологик йўқотишлари бўйича: 2024 йилнинг январь-август ойларида электр тармоқлари орқали

60,0 млрд киловатт•соат электр энергияси қабул қилиниб, технологик йўқотишлар иқдори 1,4 млрд киловатт•соатни ташкил этган. Бу қабул қилинган энергияга нисбатан 2,35 фоизни ташкил этади. Тасдиқланган режага кўра энергия қабули 3,1 млрд киловатт•соатга ортган бўлсада, электр энергиясини технологик йўқотишлари 264,5 млн киловатт•соат ёки 0,6 фоизга камайишига эришилган. Шунингдек, йил якунига кўра 0,7 фоизга технологик йўқотишларини камайтиришга эришиш кўзда тутилган.

 12. Қайта тикланувчи энергия манбалари

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига қарашли филиалининг бино-иншоотларида 703 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, шу кунгача 570,2 минг киловатт•соат яшил энергия ҳосил қилиниб, шундан шаҳар электр тармоқларига

85,7 минг киловатт•соат энергия узатилган.

 Хўжалик истеъмолини камайтириш бўйича тасдиқланган энергия сарфини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича подстанция ва бино-иншоотларда масъул шахслар тайинланиб, бажарилиши устидан 5 кунлик назорат ўрнатилган.


Report Page