2024 йил якунида Қарши ва Нукус шаҳарларида қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади

2024 йил якунида Қарши ва Нукус шаҳарларида қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов маълум қилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати корхоналари учун 2023 йил самарали йил бўлди, дейиш мумкин. Бу йилдан йилга ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, экспорт имкониятларининг кенгайиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб этилиши билан бевосита боғлиқ.

2023 йил якунлари билан электротехника саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми – 23,8 трлн. сўмга, экспорт ҳажми эса 1 млрд долларни ташкил этди.

Бунда 68 та мамлакатга 95 та экспортчи корхона томонидан 202 турдаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Энг аҳамиятлиси, 18 та янги корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш имкониятига эга бўлди.

Ўтган йилда Буюк Британия, Германия, Чехия, Франция, БАА каби давлатлар бозори ўзлаштирилди. GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда миллий электротехника маҳсулотлари Европа бозорига ҳам кириб келди. Биргина Европанинг ўзига экспорт ҳажми 55 млн долларни ташкил этади.

Маълумки, электротехника саноатида мис хомашёси муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тизим корхоналари томонидан 85,3 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди ва бунинг натижасида 9,4 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, умумий экспорт кўрсаткичининг 605 млн долларлик қисми мис хом ашёси асосида тайёрланган юқори қийматли маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади.

"Инвестициялар дастури" доирасида умумий қиймати $191.5 млн долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Шундан $88.3 млн доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳудудларда жами қиймати 163 млн долларлик 39 та янги лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 1925 та янги иш жойлари яратилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2,4 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 25 та халқаро сертификатлар олинди.

2024 йилда ҳам ишлаб чиқариш салоҳиятини 20 фоизга ошириб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, мис хомашёсини қайта ишлаш 140 минг тоннага етказилади. Оҳангарон туманидаги “Мис кластери”да умумий қиймати 55 млн долларлик 5 лойиҳа ишга туширилади. Бухоро вилоятида ҳам маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк ўз фаолиятини бошлайди.

2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 250 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.

250 млн долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши таъминланади.


Report Page