2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 300 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади

2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 300 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов маълум қилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати корхоналари томонидан ўтган биринчи ярим йилликда 12 трлн сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 116 фоиз ўсиш кўрсаткичларига эришилди.

Инвестиция дастури доирасида 131,1 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилди, шундан 116,5 млн доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, ҳудудий дастурлар доирасида 17 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,4 трлн сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

Жумладан, “Nukuselectroapparat” корхонасида қуввати 200 МВт бўлган қуёш панеллари, "Master System East" корхонасида 626 минг дона мисдан маҳсулотлар, “Uramas Kabel” корхонасида 120 минг км замонавий маиший техникалар учун кабель маҳсулотлари, “Trinity Technology” корхонасида 50 минг дона маиший техника воситалари (ошхона плиталар, мини печлар) ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бошқа шу каби лойиҳалар ишга туширилди.

Экспорт ҳажми 560,3 млн долларни ташкил этиб, 200 турга яқин маҳсулотлар дунёнинг 72 мамлакатига экспорт қилинди. Ўсиш суръати 118,8 фоизни ташкил этди.

Ушбу даврда АҚШ, Канада, Ҳиндистон, Ливия, Кипр, Қатар, Исроил каби бозорларга илк бор маҳсулотлар етказиб берилди.

Бундан ташқари, электротехника саноати тарихида биринчи маротаба Канада ва Америка Қўшма Штатларига экспорт амалга оширилди. Италия ва Ҳиндистон давлатларига кабел-сим ва мис қувурлари экспорти йўлга қўйилди.

GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда миллий электротехника маҳсулотлари Европанинг 6 мамлакатига кириб борди.

Хорижий брендларни жалб қилиш йўналишида эса Япониянинг “JVC” (Kenwood), Хитойнинг “TCL” савдо белгиси остида маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Маълумки, электротехника саноатида мис хомашёси муҳим аҳамиятга эга. Бу борада тизим корхоналари томонидан ўтган 6 ойда 42 минг тонна мис хомашёси қайта ишланди.

Уюшмага аъзо корхоналар томонидан бюджетга тўловлар миқдори 415 млрд сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, йил якунигача ҳудудларда жами қиймати 485 млн долларлик 85 та янги лойиҳа ишга туширилади. Бунинг натижасида 4395 та янги иш жойлари ташкил этилади.

 2024 йилда ҳам ишлаб чиқариш салоҳиятини 20 фоизга ошириб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, мис хомашёсини қайта ишлаш 140 минг тоннага етказилади. Оҳангарон туманидаги “Мис кластери”да 5 лойиҳа, Бухоро вилоятида ҳам маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк ўз фаолиятини бошлайди.

2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 300 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади. 


Report Page