2024 йил якуни билан йилига 8 млн тонна йирик цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва республика бўйича жами қувватлар қарийб 40,8 млн тоннага етказилади

2024 йил якуни билан йилига 8 млн тонна йирик цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва республика бўйича жами қувватлар қарийб 40,8 млн тоннага етказилади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан қурилишнинг асоси бўлган цемент маҳсулотини ишлаб чиқариш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айни пайтда мамлакатимизда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган 38 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 35,3 млн тоннага етказилган.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг январь-апрель ойларида республика бўйича жами 4,8 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган (ўсиш 119,3 фоиз).

Эътиборлиси, энг кўп цемент мамлакатимиздаги йирик корхоналардан бири «Қизилқумцемент» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, январь-апрель ойларида жами 738 минг тонна маҳсулот харидорларга етказилган. Ундан кейинги ўринларда «Сhina Energy International Group Samarkand Cement» МЧЖ ХК, «Хуаксин Цемент Джизак» МЧЖлари ўрин олган. Улар томонидан жами 1 млн 166 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мавжуд корхоналар томонидан жами 16,7 млн тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида биржа савдоларида сотилган 1 млн 756 минг тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилган.

2024 йил якуни билан йилига 8 млн тонна йирик цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва республика бўйича жами қувватлар қарийб 40,8 млн тоннага етказилади.

Эътиборлиси, маҳаллий корхоналар томонидан асосан 400 ва 500 маркали цемент ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг ушбу даврида биржа савдоларида бир тонна цемент ўртача 510 минг сўмдан (2023 йилнинг ушбу даврида 598 минг сўм) сотилган. Республикада 2023 йилда цементга бўлган талаб 16,8 млн. тоннани ташкил этган.

Мамлакатимизда қурилиш кўлами кенгайиб бораётгани туфайли йилдан-йилга қуйма ва темир-бетонларга бўлган ҳам талаб ошиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда жами 700 дан ортиқ темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 6,5 млн куб метрни ташкил этади. Ушбу йўналишдаги энг йириклари Тошкент шаҳри ҳамда Навоий, Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида жойлашган.

Мазкур йўналишда Республикада энг йирик ишлаб чиқариш қувватига эга корхона бу “BINOKOR TEMIR-BETON SERVIS” МЧЖдир. Ушбу корхонада йилига 500 минг куб метр қуйма бетон ва 120 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Кейинги ўринда Пойтахтимиздаги “DURABLE BETON” МЧЖ ҳам ушбу йўналишда энг илғорлардан бири саналади. Мазкур корхона томонидан ҳар йили 450 минг куб метр қуйма бетонлар қурилиш майдонларига етказиб берилади. Тошкент вилоятидаги “MOBILE BETON SERVICE” МЧЖ да йилига 365 минг куб метр қуйма бетон тайёрлаш имкониятига эга. Шунингдек, ҳудудда “SAFFIR QURILISH MONTAJ” МЧЖ (йиллик қуввати –250 минг куб метр), “BETONOVAT” МЧЖ (йиллик қуввати – 220 минг куб метр), “RWS OPTIMUM” МЧЖ ХК (йиллик қуввати – 101,2 минг куб метр), “CHILONZOR BETON SAVDO” МЧЖ (йиллик қуввати –180 минг куб метр) каби замонавий темир-бетон корхоналари мавжуд.

2024 йилнинг 17 январ куни «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-14-сонли президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йилнинг 1 май кунидан эътиборан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинди.

Мораторий эълон қилингандан сўнг асоси чақиқ тошлар бўлган қуйма ва темир-бетонлар нархида бироз ўсиш кузатилди. Хусусан, йил бошида

М-200 маркали 1 куб куб қуйма бетон 440 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирда унинг нархи 459 минг сўмни ташкил этмоқда. Айни пайтда 1 куб темир-бетоннинг нархи эса ўртача 1 млн 800 минг сўмдан сотилмоқда. 


Report Page