“2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилди

“2024-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ва Бюджетнома ишлаб чиқилди

EconomyMoliyaPress

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда:

2024 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг, шу жумладан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда 2025 – 2026 йиллар учун мўлжаллари ҳамда уларни тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари;

биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2024 йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар;

Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 17 та модда ва 11 та иловадан иборат.

2024 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2025-2026 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган.  

Хусусан, 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,6-5,8 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6 фоиз, хизматлар соҳасида 6,1 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.

Давлат бюджетининг ўрта муддатга мўлжалланган прогноз параметрлари ва 2024 йил учун бюджет лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга уйғунликда, яъни уларни бажариш вазифасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Ўрта муддатда солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари:

консолидациялашган бюджет тақчиллигини 2024 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоизга, 2025-2026 йилларда эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;

Бюджет тақчиллиги қисқартирилиши иқтисодиётда ялпи талабни ўсишини тартибга солиш, ўз навбатида, ташқи савдо баланси манфий тақчиллигини ва инфляцион босимни камайтиришга хизмат қилади.

ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш;

бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш;

солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;

давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизлик макроиқтисодий хавфсиз даражадан ошиб кетмаслиги учун барча чораларни кўриш, бунда ўрта муддатда ЯИМга нисбатан 50 фоиздан оширмаслик;

йиллик бюджетни шакллантиришда “Натижага йўналтирилган бюджет” тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;

инсон капитали ривожланишига доир харажатлар устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллигини кучайтириш;

иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш;

бюджет очиқлигини таъминлаш ҳамда бюджетни шакллантиришда фуқаролар иштирокини янада ошириш;

Давлат секторида ички назорат ва ички аудитни такомиллаштириш ва кучайтириш;

Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш ҳамда кўриб чиқишда Миллий барқарор ривожланиш мақсадларини акс эттириш;

Яшил бюджетлаштириш” тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш;

Давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш мезонларига (PIMA) мувофиқлигини таъминлаш;

атроф-муҳит ва табиат муҳофазаси, иқлим ўзгаришига мослашиш тадбирларининг, сув сарфини камайтириш ва иқтисод қилиб ишлатилишини рағбатлантирувчи тадбирлар устуворлигини таъминлаш;

барча соҳаларда бюджет харажатларини мақбуллаштириш, иқтисод қилинадиган маблағларни юқори самара берадиган ижтимоий-иқтисодий тадбирларга йўналтириш.

Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2024 йил учун Давлат бюджети даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 270,3 трлн сўм, харажатлари эса (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 279,6 трлн сўм миқдорида (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси) белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 55,4 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 86,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 33,1 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).

Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 46,8 трлн сўм, харажатлари 63,1 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 16 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси 3-позицияси).

Давлат молиясини бошқаришнинг ҳалқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатлар консолидациялашган бюджет таркибига киритилди. 2024 йилда ушбу харажатлар 11,8 трлн сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси 52,5 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Бунда, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 40,8 трлн сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,1 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш, давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг ушбу миқдорда белгиланиши жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ва геосиёсий вазиятнинг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсирини юмшатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, аҳолининг тўлов қобилияти тушиб кетишининг олдини олиш тадбирларига қўшимча маблағлар ажратилиши ҳамда давлат томонидан тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши билан изоҳланади.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 51 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.

Бунда Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларни ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилган.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий харажатлари қаторида 25 та, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида 11 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 17 та, Маданият вазирлигида 6 та давлат дастурлари ва тадбирлар учун ажратилган маблағлар алоҳида сатрларда кўрсатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари Қонун лойиҳасининг 6-иловасига мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари худудий бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда шакллантирилади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

2024 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси 4 фоиз этиб белгиланиши сабабли ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,0 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб қувватлаш учун – 2,5 млрд. АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2024 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини 25 трлн сўм миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

Қонуннинг 12-моддасида, ўтган йиллардаги каби, маҳаллий бюджетларнинг даромад манбалари белгилаб берилмоқда. Жумладан:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи, мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно, норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларига;

юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари, электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ҳамда шу каби бошқа турдаги солиқлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилмоқда.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ҳуқуқи сақланиб қолинмоқда.

Қонун лойиҳасининг 11-иловаси билан юк кўтариш қуввати 10 тоннадан оғир юк машиналари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида йиғим ставкаси жорий этилмоқда.

Республика бюджети даромадлари 4-илова билан тасдиқланмоқда. Жумладан, қўшилган қиймат солиғи бўйича даромад 74,0 трлн сўмни ташкил этиши (2023 йилда кутилаётган ижро – 60 трлн сўм) прогноз қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг 13-моддасига кўра 2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Бунда:

маҳаллий давлат органларининг мустақиллигини ошириш ва маҳаллий бюджетлар балансини таъминлаш мақсадида Солиқ қўмитасининг ва Кадастр агентлигининг ҳудудий органларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарини ҳамда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларни сақлаш харажатлари, шунингдек суд бошқарувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетлардан молияташтирилиши;

кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тизим ташкилотларини (болалар ва меҳрибонлик уйлари, вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари), сув хўжалиги ташкилотларини ҳамда маҳаллаларни нодавлат нотижорат ташкилот ва бюджетдан маблағ олувчи сифатида сақлаш харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси


Report Page