2024 йил февраль ойидан бошлаб умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳони натижалари халқаро методика – Раш модели асосида ҳисоблана бошланди

2024 йил февраль ойидан бошлаб умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳони натижалари халқаро методика – Раш модели асосида ҳисоблана бошланди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Зоҳид Шакаров маълум қилди.

I. 2023 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан 2023 йил давомида 50 дан ортиқ турдаги тест синовлари ташкил этилиб, унда 1,5 млн. нафардан зиёд талабгорнинг билими синовдан ўтказилди.

Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини аниқлаш, раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш, чет тилини билиш даражасини аниқлаш, ва умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари, шунингдек, талабалар ўқишини Ўзбекистондаги давлат ОТМларига кўчириш, академик лицейлар, профессионал таълим муассасалари ва ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари шулар жумласидандир.

Мазкур тест синовларини ўтказиш учун 2023 йилнинг ўзида 15 та умумтаълим фанидан ўзбек, рус, қорақалпоқ, шунингдек, қардош ва шарқ тилларида 103 мингдан зиёд, 110 та махсус фандан 34 мингдан тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди.

 

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари

ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари видеокузатув камералари ва шахсини идентификация қилиш қурилмалари билан жиҳозланган 72 та катта сиғимли бинода ташкил этилди ва бир сменада 38 220 нафар, бир кунда эса 76 440 нафар абитуриент тест синовида иштирок этиши таъминланди.

Тест синовлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиб, test2023.uz сайти ва “Viasat Explore” телеканали орқали онлайн трансляция қилинди.

Тест синовларига гуруҳ назоратчиларини жалб қилиш механизми такомиллаштирилиб, гуруҳ назоратчиларини кенг жамоатчилик орасидан танлаб олиш йўлга қўйилди. Бунинг учун 9 минг нафардан зиёд кенг жамоатчилик вакиллари талабгор сифатида рўйхатга олинди ва улар учун ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилиб, якунда имтиҳон асосида 3 минг нафарга яқин талабгор танлаб олинди ва тест синовларига гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилди.

Абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари эртаси куниёқ жавоблар варақаси рангли сканер қилинган ҳолда эълон қилиб борилди. Шунингдек, абитуриентларга mandat.uzbmb.uz сайти орқали бошқа абитуриентларнинг ҳам натижаларини кузатиб бориш имконияти яратилди.

Тест натижаларига кўра 193 421 нафар абитуриент, шундан 42 655 нафари давлат гранти, 150 766 нафари тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилди.

Умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳонлари

2023 йилда тарих ва география фанларидан ҳам миллий сертификат имтиҳонлари йўлга қўйилди ва миллий сертификат имтиҳонлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари сони 9 тага етди. 2023 йил давомида 9 та умумтаълим фани бўйича 41,7 минг нафар талабгор учун миллий сертификат имтиҳонлари ташкил этилди.

Бунинг учун 9 та умумтаълим фанидан ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида 1,5 мингга яқин тест топшириғи шакллантирилиб, экспертизадан ўтказилди.

 

Чет тилини билиш даражасини аниқлаш

2023 йил давомида 4 та (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) кўникма бўйича 16 та чет тилидан 8 маротаба имтиҳонлар ташкил этилиб, унда  151,8 минг нафар талабгорнинг чет тилини билиш даражаси аниқланди. Бу 2022 йилга (56,7 минг нафар) нисбатан 95,1 минг нафарга ёки 2,7 баробарга кўп.

Бундан ташқари, академик лицейларнинг 4,8 минг нафар битирувчиси ва хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган 8 та олий таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган 12,3 мингга яқин абитуриентнинг чет тилини билиш даражаси аниқланди.

Агентлик томонидан берилаётган инглиз тилидан миллий сертификат Туркиянинг 4 та университети – Кипр фанлар университети, Истине университети, Анталя билим университети, Бейкоз университети томонидан тан олинишига эришилди.

 

Нострификация ва апостил

Хорижий давлатда таълим олганлик ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича 4 544 та таълим ҳужжати кўриб чиқилди ва улардан 2 172 таси (1 821 та ҳужжат тўғридан-тўғри, 351 та ҳужжат тест синови натижасига кўра) тан олиниб, тегишли гувоҳнома расмийлаштирилди. Эскпертиза хулосаси асосида 2 372 та ҳужжатни тан олиш рад этилди.

Таълим ва фан соҳасига оид ҳужжатларга апостил қўйиш бўйича 23 395 та ҳужжат келиб тушган бўлиб, уларнинг 22 407 тасига апостил қўйилди, 991 тасига апостил қўйиш рад этилди.

 

II. 2024 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Умумтаълим фанларидан миллий сертификат

2024 йил февраль ойидан бошлаб умумтаълим фанларидан миллий сертификат имтиҳони натижалари халқаро методика – Раш модели асосида ҳисоблана бошланди. Унга кўра талабгорларга А+ дан C гача бўлган 6 хил даражадаги сертификат берилади.

Бунда А+ ва А даражали сертификат олган абитуриентга ОТМларнинг бакалавриатига киришда ушбу фандан максимал балл, B+, B, C+, C даражали сертификат олган абитуриентга мос равишда максимал баллга нисбатан пропорционал балл берилади.

Шунингдек, мазкур имтиҳон учун талабгорларни рўйхатга олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz сайти) орқали амалга оширила бошланди. Бунда рўйхатдан ўтиш my.gov.uz сайти орқали амалга оширилгани сабабли талабгордан белгиланган тўловнинг 90 фоизи ундирилиши, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 50 фоиз чегирма қўлланиши белгиланди.

 

Ҳуқуқшунослик фанидан миллий сертификат

Барчага маълумки, 2023 йилдан бошлаб ОТМларга кириш учун тест синови топшириладиган фанлар мажмуасига ҳуқуқшунослик фани ҳам киритилди.

Шу сабабли Билимни баҳолаш агентлиги томонидан ҳуқуқшунослик фанидан ҳам миллий сертификат тизимини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. 2024 йил якунига қадар ҳуқуқшунослик фанидан миллий сертификат имтиҳони тафсилотини ишлаб чиқиш ва намунавий тест вариантини апробациядан ўтказиш режалаштирилган.

  

Кўзи ожиз шахслар учун чет тили имтиҳони

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида кўзи ожиз шахсларга хорижий тилларни ўрганишда қулай ва мақбул муҳитни яратиш мақсадида кўзи ожиз шахсларнинг чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича алоҳида формат ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий этилиши белгиланган бўлиб, Агентлик томонидан 2024 йил якунига қадар:

биринчи босқичда – чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари бўйича кўзи ожиз шахслар учун алоҳида формат ишлаб чиқиш;

иккинчи босқичда – ишлаб чиқилган формат асосида тест топшириқлари шакллантириш ва апробациядан ўтказиш;

учинчи босқичда – кўзи ожиз шахслар учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонларини амалиётга жорий этиш режалаштирилган.

 

Турк тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳони

Билимни баҳолаш агентлиги томонидан чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари 16 та чет тили бўйича ўтказилаётган бўлиб, уларнинг 4 таси инглиз, немис, француз ва араб тиллари кўп даражали формат асосида, қолган тиллар эса ҳар бир даража учун алоҳида ўтказилмоқда.

Сўнгги вақтларда турк тилидан имтиҳон топшириш истагини билдираётган талабгорлар сони кескин ошганидан келиб чиққан ҳолда 2024 йил якунига қадар турк тилидан имтиҳонларни ҳам кўп даражали форматга ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун тегишли қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ва турк тилидан кўп даражали имтиҳон форматини ишлаб чиқиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.



Report Page