2024 йил дастлабки олти ойида бозорлардаги савдоларнинг умумий ҳажми ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 10,70 фоизга ўсиб, 548,41 трлн. сўмни ташкил этди

2024 йил дастлабки олти ойида бозорлардаги савдоларнинг умумий ҳажми ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 10,70 фоизга ўсиб, 548,41 трлн. сўмни ташкил этди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Республика вальюта биржаси ахборот хизмати раҳбари Гулшан Асанова маълум қилди.

2024 йилнинг 1 ярим йиллиги Ўзбекистон республика валюта биржасида муҳим ютуқлар ва ижобий ўзгаришлар даври бўлди. Биз мамлакат молия бозорида ўз мавқеимизни мустаҳкамлаш, шунингдек, платформаларимиздаги операцияларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш устида иш олиб бордик.

Бугунги кунда ЎзРВБ аъзолари таркибига 36та банк ва 6та брокерлик компанияси киради.

2024 йил дастлабки олти ойида бозорларимиздаги савдоларнинг умумий ҳажми ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 10,70 фоизга ўсиб, 548,41 трлн. сўмни ташкил этди, бу биржа иштирокчиларининг фаоллиги ва бозорларимизга бўлган ишончнинг ошганидан далолат беради.

ЎзРВБ бозорларининг умумий савдо ҳажмидаги улуши қуйидагича:

пул бозори — 55,46 фоиз;

валюта бозори — 39,71 фоиз;

қарз бозори — 4.83 фоиз.

Келинг, ушбу кўрсаткичларни батафсил кўриб чиқамиз.

ЎзРВБ пул бозори бир кундан бир йилгача бўлган муддатга пул маблағларини жойлаштириш/жалб қилиш бўйича банклараро депозит операциялари, Марказий банкнинг тижорат банклари билан депозит аукционлари, РЕПО операциялари, шунингдек валютавий своп операцияларидан ташкил топган.

2024 йил январь-июнь ойларида пул бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 304,16 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилги мос кўрсаткичига (237,57 трлн. сўм) нисбатан 28,03%га ошди.

 Ҳисобот даврида банклараро депозит бозорида 141,77 трлн. сўм миқдорида битимлар тузилди. Жойлаштириш/жалб қилиш муддати бир ҳафтагача бўлган депозит операциялар улуши бозордаги умумий ҳажмнинг 89,85 фоизини ёки 127,38 трлн. сўмни ташкил этди. Улардан бир кунлик битимлар 76,86 трлн.сўмга ёки умумий ҳажмнинг 54,21 фоизига тенг бўлди.

Бир ҳафтадан ортиқ муддатга (8 кундан 365 кунгача) тузилган битимлар ҳажми 14,38 трлн. сўм ёки умумий ҳажмнинг 10,15 фоизини ташкил этди.

Ҳисобот давр мобайнида Марказий банкнинг депозит аукционларида тузилган битимлар ҳажми 39,16 трлн. сўмни ташкил этган бўлиб, битимлар бўйича даромадлилик Марказий банкнинг асосий ставкаси даражасида белгиланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 ярим йиллиги якунлари бўйича 104,85 трлн. миқдорида дилерлараро РЕПО битимлари тузилган бўлиб, умумий ҳажми 18,10 трлн. сўмлик (7 кунлик муддатга) Марказий банкнинг РЕПО аукционлари (ликвидликни таъминлаш бўйича) ўтказилди.

Дилерлараро РЕПО битимларининг аксарияти ёки умумий ҳажмнинг 98,73 фоизи (103,51 трлн. сўм) етти кунгача бўлган муддатга тузилган. Бир ҳафтадан ортиқ муддатга (14, 21, 30, 60 кун) тузилган битимлар умумий ҳажмнинг 1,27 фоизини ёки 1,34 трлн. сўмни ташкил этди.

Валюта бозори ЎзРВБнинг асосий сегментларидан бири ҳисобланади. Ушбу бозорда USD/UZS, EUR/UZS, RUB/UZS ва CNY/UZS валюта жуфтликларида савдолар ташкил этилган.

Ҳисобот даврида валюта бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 217,78 трлн. сўмни ташкил этди.

ЎзРВБнинг қарз бозорида инвесторлар учун тақдим этилаётган қулай шароитлар сабабли давлат қимматли қоғозларига доимий талаб мавжуд.

Мазкур бозорда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг облигациялари ва мажбуриятлари, шунингдек Марказий банкнинг облигацияларини жойлаштириш бўйича бирламчи аукционлар ва иккиламчи савдолар ташкил этилган.

Жорий йилнинг ўтган олти ой натижаларига кўра ДҚҚ бозоридаги савдолар умумий ҳажми 26,48 трлн. сўмга тенг бўлди.

Мазкур даврда бирламчи бозорда 18,27 трлн. сўмлик давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди.

Бирламчи савдолар таркибида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ДҚҚни жойлаштириш ҳажмлари ижобий динамикаси кузатилди ва ҳисобот даврида савдолар ҳажми 16,80 трлн.сўмни ташкил этиб, 2023 йилги мос кўрсаткичга (14,93 трлн. сўм) нисбатан 12,48 фоизга кўпайди.

2024 йил 1 ярим йиллигида бирламчи савдолар натижаларига кўра, муомала даври бир йилгача бўлган қисқа муддатли ДҚҚ бўйича ўртача тортилган даромадлилик 15,97 - 17,00 фоиз оралиғида ўзгариб турди.

Ҳисобот даврида ДҚҚнинг иккиламчи бозоридаги савдолар ҳажми 8,21 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилги мос кўрсаткичга (5,56 трлн. сўм) нисбатан 47,70 фоизга ошди.

2024 йилнинг иккинчи ярмида инструментлар қаторини кенгайтириш ҳамда технологик инфратузилмани янада такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришни режалаштирмоқдамиз.


Report Page