2024 йил 1 январдан "счётчикларсиз" ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади

2024 йил 1 январдан "счётчикларсиз" ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Нурбек Пўлатов маълум қилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз аҳолиси сонининг ошиши, кўплаб иқтисодий саноат объектларининг ишга туширилиши ва янги қишлоқ хўжалиги ерларининг ўзлаштирилиши натижасида сувга, жумладан ер ости сувларига бўлган талабнинг ортишига олиб келди. Бунинг натижасида ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш долзарб аҳамият касб этди.

Шу сабабли мазкур соҳада норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг 1 та Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Қарори ва 10 дан ортиқ Ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ҳозирги кунда яна 1 тадан Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳалари тайёрланиб, тасдиқлаш учун киритилган.

Ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича 2022 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-439-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда қатор топшириқ ва вазифалар белгиланган. Жумладан:

Республикамизнинг 7 та вилояти 21 та туманида ер ости сувлари сатҳининг 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб кетаётган ҳолатлари қайд этилиб, мазкур ҳудудларда сувга қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этилди. Мораторий жорий этилган ҳудудлар ер ости сувлари ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар йили янгилаб борилади ҳамда вазирликнинг веб-сайти ва бошқа очиқ манбаларда эълон қилинади.

2023 йил 1 январдан бошлаб ер ости сувлари сатҳининг ўртача кўп йиллик сатҳга нисбатан 5 метргача пасайган ҳудудларда сувга қудуқ бурғилашга гидрогеологик хулоса ва сувдан махсус фойдаланишга рухсатнома сув тежовчи технологияларни жорий этиш шарти асосида суғориш мақсадлари учун Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамда сувни иккиламчи қайта фойдаланиш шартлари асосида ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда берилади.

Ер ости сувлари сатҳнинг ўртача кўп йиллик сатҳга нисбатан 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ер ости сувларидан фақат ичимлик мақсадларида фойдаланиш мумкин, бунда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади.

Шу билан бирга, ер ости сувларига қудуқларни бурғилашни тартибга солиш мақсадида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартиби жорий этилиб, бунда бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозлаш мажбурияти юклатилиши белгиланди. Ҳозирги кунда ушбу йўналишда ҳуқуқий асосларни яратиш ва техник тайёргарлик кўриш ишлари амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, вазирлик ҳузуридаги назорат инспекциясига ер ости сувларини муҳофаза қилиш мақсадида тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ва техник талабларга жавоб бермайдиган қўлбола бурғилаш ускуналарини мусодара қилиш ваколати берилди.

Ер ости сувлари ҳолатини доимий кузатиб бориш ва уларда бўлаётган ўзгаришларнинг онлайн назоратини ўрнатиш мақсадида вазирлик таркибидаги “Ўзбекгидрогеология” ДМ таркибида Ситуацион марказ ташкил этилиб, марказ ер ости сувлари мониторингининг рақамли маълумотлар базаси ва интерактив харитасини тайёрлаш бўйича замонавий ускуналар ва дастурий таъминотлар билан жиҳозланди.

Олинаётган ер ости сувлари ҳисобини аниқ юритиш ва сувни тежаш чораларини амалга ошириши мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланмаган, яъни соддароқ қилиб айтганда счётчикларсиз ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Бунда сув ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувларидан фойдаланганда солиқ тўлови солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундирилиши белгиланганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Ер ости сувларини мониторинг қилиш ва улардан самарали фойдаланиш, аҳоли ва объектларни хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилиш бўйича Давлат геологик мониторинг хизмати фаолияти йўлга қўйилиб, бунда ер ости сувларига ноқонуний қудуқ бурғилаш ва рухсатсиз ер ости сувларидан фойдаланиш бўйича мониторинг ва назорат тадбирлари кучайтирилди.

Юқорида белгиланган топшириқлар бўйича вазирлик томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди, жумладан:

Мораторий жорий этилган ҳудудлар, яъни ер ости сувлари сатҳи пасайган ҳудудларда сувга қудуқ бурғилашга гидрогеологик хулоса олиш учун 43 та ариза рад этилди.

Ер ости сувларига қудуқларни ноқонуний бурғилаш ва сув тежовчи технологияларсиз сувдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига 99 та кўрсатмалар тақдим этилди.

Ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли 618 та бурғилаш ускуналарининг рўйхати шакллантирилди. Бурғилаш ускуналарини GPS-трекерлар билан жиҳозланишини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳолати ва турган жойини кўрсатувчи алоҳида ахборот тизими йўлга қўйилди.

Аҳоли ўртасида ва кенг жамоатчиликка сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш юзасидан Кон-геология вазирлиги томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Sevimli, Uzreport, Yoshlar, Oʻzbekiston 24 ва Namangan TV телеканалларида давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари ўтказилиб, эфирга узатилди. Қолаверса, сувдан фойдаланувчилар ва сувга қудуқ бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий ёрдам бериш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказилмоқда

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сув ресурсларини, жумладан ер ости сувларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлод учун сифатли сувни қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз ва вазифамиздир.


Report Page