2024 йил 1 майдан бошлаб энг кам тарифни қўллаш барча кўп қаватли уйларни бошқариш органлари учун мажбурий ҳисобланади

2024 йил 1 майдан бошлаб энг кам тарифни қўллаш барча кўп қаватли уйларни бошқариш органлари учун мажбурий ҳисобланади


АОКАда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирги кунда барча соҳада бўлгани каби уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимида ҳам салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари эътибори билан тизимни ислоҳ қилиш, бунинг асносида аҳолига қулай шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.

Бугунги кунда республикада 1 млн 400 мингдан зиёд хонадондан иборат 42 057 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, шундан 38 686 та уйларга 819 та бошқарувчи ташкилотлари, 836 тасига 156 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади ҳамда 1 130 та уйлар ўзини ўзи бошқариш ва 1 405 та уйлар идора ва ташкилотлар балансида.

Бошқарувчи ташкилотлар томонидан бугунги кунга қадар маъмурий бино қуриш ва таъмирлаш учун 58 млрд сўм маблағ сарф қилинди.  Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда бошқарувчи ташкилотлар балансида жами 17 мингтадан зиёд  зарур моддик-техника ва ускуналар мавжуд. Шунингдек, бошқарувчи ташкилотларида 11 минг нафардан ортиқ ишчи ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Шундан 2 195 нафар бошқарувчи (менеджер) ходимлар, 1 851 нафар сантехник, 1 517 нафар электрик ва пайвандчи, 3 142 нафар ободонлаштиришга масъул ходимлар, 2 332 нафар бошқа ишчилардир.

2023/2024 йиллар республикадаги 5 684 та кўп квартирали уйларда жами 278,6 млрд сўм  (шундан, 176,2 млрд сўм республика ва маҳаллий бюджет, 75,1 млрд сўм бошқарув ташкилотлари, 27,3 млрд сўм ҳомийлик) маблағлар ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шундан:

2 062 та уйнинг том қисми, 4 906 та кириш йўлаклари, 2 798 та электр тақсимловчи шитлар, 1 651 та ертўла қисмидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва 1 254 та уйларнинг фасад қисми таъмирланди ҳамда 1 713 та кодли қулфли темир эшиклар ва 5 846 метр квадрат фрамугаларга ойна ромлар 5 355 та энергия тежамкор сенсор лампалар ўрнатилди.

 Шу билан бирга бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 2024 йил 30 апрел ҳолатига 1 008 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, республика бўйича 2024/2025 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бошқарув ташкилотларининг 5 493 та кўп квартирали уйларни 126,6 млрд сўм маблағ ҳисобидан жорий таъмирлаш режалаштирилди. Ҳозир кун ҳолатига кўра мазкур ишларнинг 20 фоизи бажарилди.

Соҳани рақамлаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди:

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан “Менинг уйим” биллинг тизими жорий қилинди. Тизимга уй-жой мулкдорларининг шахсий идентификация ва уларнинг тегишли мол-мулки кадастр рақамидан фойдаланган ҳолда республикадаги 38 984 та кўп квартирали уйлар киритилди. 

Бошқарув органларининг реестрини юритиш тизими тўлиқ онлайн форматга ўтказилди. Бунда https://reestr.kommunal.uz/ платформаси ишга туширилиб, рўйхатдан ўтиш учун ариза топширишда, ортиқча оворагарчилик ҳамда инсон омилини камайтиришга эришилди.

Шунингдек, бошқарув органлари ҳамда мулкдорлар кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларда қурилган ноқонуний қурилмалар бўйича шахсий кабинет орқали хабар жўнатиш ва мазкур хабар ҳолати ва натижасини кузатиб бориш имкониятлари яратилди.

 “Менинг уйим” биллинг тизими орқали 2022 йилда 238,9 млрд сўм, 2023 йилда 460,4 млрд сўм ва 2024 йил 30 апрел ҳолатига 240,0 млрд сўм, яъни режага нисбатан 95 фоиз мажбурий бадал тўловлари келиб тушган.

Аҳолининг бошқарув органлари олдидаги мажбурий бадал тўловидан 2024 йил 30 апрел ҳолатига 207 млрд сўм дебитор қарздорлиги мавжуд. Дебитор қарздорликни ундириш тадбирлари давом этмоқда. Ҳозирги кунда тушум ўртача 95 фоизни ташкил этади. 

 2023-йил 15-август куни давлатимиз раҳбарининг “Кўп квартирали уйлар бошқарувини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги даги 278-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш ва рақамлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бошқарув органлари томонидан агротехник ишлов беришдан ҳосил бўлган чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мажбуриятини чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш корхоналарига юклатиш ҳамда соҳадаги норматив ҳуқуқий –ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш шулар жумласидандир.

 Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида вазирлигимиз томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув органлари ва мулкдорлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизомини таъминлаш мақсадида мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг энг кам миқдорини белгиланди.

Бунда вазирлик ҳузурида ишчи гуруҳи тузилиб, республикадаги кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан умумий мулкни сақлаш харажатларини туманлар бўйича, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг қаватлари сонига қараб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида таҳлил қилинди.

Шунингдек, таъкидлаш лозимки, абонентларнинг ўтган даврдаги мавжуд мажбуриятлари, яъни қарзлари бўйича қарз мажбуриятларини қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди. Эски тарифлар бўйича мавжуд қарз сақланиб қолади, фақат умумий мулкни бошқариш ва сақлаш бўйича бошқарув ташкилоти томонидан кўрсатилган хизматлар учун 1 майдан бошлаб тўлов миқдори ортади.

Шунга кўра, мулкдорларнинг умумий мулкни сақлаш бўйича мажбуриятлари жорий йилнинг 1 майидан бошлаб янги тариф бўйича ҳисоблаб чиқилади ва мавжуд қарзга қўшилади. 2024-йил 1-майдан бошлаб энг кам тарифни қўллаш барча кўп қаватли уйларни бошқариш органлари учун мажбурий ҳисобланади.

Хабарингиз бор, республикада 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда. Албатта, уй-жойларни қуриш билан бир қаторда, уларни талаб даражасида эксплуатация қилиш муҳим масала ҳисобланади.

Ҳозирда 13 400 та хонадонли 409 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 августдаги 278-сон қарори билан қурувчи ташкилот қурилиши тугалланган кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни жалб қилади. Бошқарувчи ташкилот аниқланмаган кўп квартирали уйлар фойдаланишга қабул қилинмайди. Шунингдек, янги массивлардаги лойиҳани амалга оширишда кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотлари учун хизмат кўрсатишга ихтисослашган бино қурилиши ҳам назарда тутилган.

Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” массивларида фойдаланишга топширилган ва топширилаётган кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш учун ҳудудлардаги салоҳиятли бошқарув органлари танланиб, ўз иш фаолиятини олиб бормоқда.

 

 


Report Page