2023 йилда ташкилий тартибда хорижий давлатга ишга жойлаштирилган фуқаролар сони 62%га оширилди

2023 йилда ташкилий тартибда хорижий давлатга ишга жойлаштирилган фуқаролар сони 62%га оширилди


АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норов соҳада 2023 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди:

Бугунги брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар, хусусан, фуқароларни хорижий давлатларга ишга жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги маълумотларни тақдим этамиз.

Ўтган йил давомида дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 118 та шартнома имзоланишига эришилди.

Мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 100 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланиб, 60 мингдан ортиқ бўш иш ўрнига талабнома олинди.

Натижада, 38 минг 401 нафар фуқаронинг Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Буюк Британия, Қозоғистон, Германия, Туркия, Руминия, Япония, Литва, Болгария, Польша каби давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди.

2022 йилда  нинг 40 фоизи ривожланган ва иш ҳақи юқори бўлган давлатларга жалб қилинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 62 фоизга оширилди. Илк бор 2 мингга яқин фуқаро Буюк Британияга, 500 га яқин фуқаро Германияга юборилди. Жанубий Кореяга юборилган фуқаролар сони 1,5 бараварга кўпайтирилиб, 4900 нафарга етказилди.

Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни кетишдан олдин чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Япониянинг “Prometric” билимни баҳолаш ташкилоти, инглиз тили бўйича билимни баҳоловчи бир нечта тизим, Германиянинг “ÖsD” билимни баҳолаш маркази, корейс тили ва маданиятини ўргатишга ихтисослашган “Қирол Сежонг” ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Амалдаги субсидия ҳисобига меҳнат мигрантларига тақдим этилаётган суғурта полиси самарадорлигини ошириш мақсадида суғурта ҳодисалари бўйича кўрсатиладиган хизматлар 3 тадан 6 тага кўпайтирилди.

Ҳисобот даврида жами 227 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан, 197 мингдан ортиғига ахборот ва маслаҳат хизмати, 13 минга яқинига ҳуқуқий, 13 мингдан ортиғига ижтимоий, 3 мингга яқинига моддий, шундан, 1499 нафарига 79 минг 447 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, 115 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 547 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан юртдошларимиз иш берувчиларидан 1 млн 700 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Бугунги кунда Германия, Чехия, Венгрия, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан музокаралар олиб борилмоқда. Аниқланган бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар Агентликнинг расмий ахборот каналлари ва ҳудудларда ташкил этилаётган фуқаролар билан сайёр учрашувларда тақдим этилади.

Фурсатдан фойдаланиб, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиздан турли норасмий эълонларга ва воситачи шахсларга ишонмасликни, фирибгарлик ҳолатларига дуч келган тақдирда, зудлик билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишларини сўраймиз.




Report Page