2023 йилда фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 8 трлн. сўм маблағлар йўналтирилади

2023 йилда фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 8 трлн. сўм маблағлар йўналтирилади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тизимда ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилдаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Жорий йилда жаҳонда кузатилаётган глобал инфляция шароитида мамлакатимизда инфляция кўрсаткичи йиллик 12,3 фоизни ташкил этди.

2022 йил якунларига кўра ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) – 5,7 фоиз, саноат маҳсулотлари – 5,2 фоиз, қурилиш ишлари – 6,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 3,6 фоизга, бозор хизматлари – 15,9 фоиз, экспорт – 23,6 фоиз, чакана савдо айланмаси – 12,3 фоиз ўсиш суръатлари таъминланди.

Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 55,1 фоизи – хизматлар, 23,3 фоизи – саноат, 15,5 фоизи қишлоқ хўжалиги ва 7,2 фоизи – қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келади.

Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2 минг 255 АҚШ долларни ташкил этди.

2023 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти5,3 фоиз, саноат маҳсулотлари – 5,1 фоиз, қурилиш ишлари – 6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 3,5 фоизга, хизматлар14,5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

2022 йилда Давлат бюджети даромадлари 202 трлн. сўмни (ЯИМга нисбатан 22,7 фоиз) ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 37,2 трлн. сўмга ёки 22,6 фоизга ошди.

Жумладан, Солиқ қўмитаси маъмурчилигидаги тушумлар 148 трлн. сўмни (Давлат бюджети даромадларидаги улуши 73%), Божхона қўмитаси бўйича тушумлар 46,0 трлн. сўмни (22,8%) ҳамда бошқа даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумлар 7,6 трлн. сўмни (3,8%) ташкил қилди.

Даромадларнинг асосий қисмини билвосита солиқлар 72 трлн. сўмни ёки Давлат бюджети умумий даромадларининг 35 фоизини ташкил қилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 15,1 трлн. сўмга ёки 27 фоизга ошди.

2023 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари ижроси 48,5 трлн. сўмни ташкил этиши, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан нисбатан 6,7 трлн. сўмга ёки 16 фоизга ошиши кутилмоқда.

2022 йилда ипотека дастури бўйича жами 855 млрд. сўм субсидиялар тўлаб берилди.

Ўтган йилда фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш учун тижорат банкларига 7,0 трлн. сўм ресурс маблағлари ажратилди.

Шу йил 1-чораги давомида тижорат банкларига ипотека кредитлари ажратиш учун 1,6 трлн. сўм ресурслар ажратилди.

2023 йилда тижорат банкларига ипотека кредитлари ажратиш учун 9 трлн. сўм ресурслар ажратилиши ҳамда 1,1 трлн. сўм ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлаб берилиши режалаштирилган. Бу аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконияти янада оширишга хизмат қилади.

Давлат бюджетининг 2023 йил 1-чорак харажатлари 62,2 трлн. Сўмни ташкил этмоқда. Шундан 29,3 трлн. сўми ижтимоий харажатларга йўналтирилади. Шу жумладан, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсуми учун 1,5 трлн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб лойиҳанинг 3-босқичига “овоз бериш” жараёни давом этмоқда.

2023 йилда бевосита фуқаролар томонидан илгари сурилган лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 8 трлн. сўм (2022 йилга нисбатан 3,5 бароварга кўп) маблағлар йўналтирилиши прогноз қилинмоқда. 


Report Page