2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган (511 та)

2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган (511 та)


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

2023 йилда Агентлик томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда коррупцияга қарши курашиш соҳасида 3 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тегишли тартибда қабул қилинди.

Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун;

“Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги

Президент фармони. Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди, шунингдек, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғи билан “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

2023 йилда Агентликка жами 3 545 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг энг кўпи, яъни 511 таси таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича; 406 таси суд қарорларидан норозиликлар; 301 таси давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлардир.

Агентлик томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 225 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 227 та сўровнома юборилди.

Юборилган сўровномалар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 23 та жиноят иши ва 96 та маъмурий ишлар қўзғатилди, 74 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Ўтган йили амалга оширилган маъмурий ислоҳотлардан сўнг 90  та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда 41  та давлат ташкилоти “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO  37001:2016 халқаро стандарт сертификатига эга бўлди.

             Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинг баҳолаш амалиёти жорий қилинди.

       Давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолашдан ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023-йил 27-ноябрда қабул қилинган Фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилиб, “Ҳаж” тадбирига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбати, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун берилган аризалар навбати (рўйхати), бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар; нодавлат нотижорат ташкилотларига ажратилган грант ва ижтимоий буюртма лойиҳалари, шу жумладан, ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг буюртма доирасида бажарган ишлари юзасидан ҳисоботларни эълон қилиб бориш мажбурияти белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашдаги самарадорлик ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, мақсадли индикаторлар асосида баҳоланган “Очиқлик индекси” шакллантирилди.

 2023 йилда Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар коррупцияга қарши курашиш идоралари билан 4 та ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ва 2 та чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Хусусан, Қатар давлати Маъмурий назорат ва шаффофлик бошқармаси, Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш маркази,  Кореянинг Коррупцияга қарши кураш ва фуқаролик ҳуқуқлари комиссияси, Миср Араб Республикаси Маъмурий назорат идораси билан Агентлик ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.

Франция Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасидаги ҳамкорликни қилиш бўйича бўйича

Чора-тадбирлар режаси имзоланди.

Шунингдек, ўтган йили Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бир қатор йирик халқаро анжуманларга мезбонлик қилди.

Жумладан, 16-17 май кунлари Бухоро шаҳрида “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми”; 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда БМТ Коррупцияга қарши конвенциясининг амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича Минтақавий конференция, 4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «III-Тошкент халқаро аксилкоррупция форуми»; 19-декабрь куни Тошкент шаҳрида Қатар амири томонидан таъсис этилган “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш” маросими ўтказилди.

 2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан ижобий эътироф этилиб, “Transparency International” ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз 5 поғонага ўсишга эришиб, сўнгги 10 йилда барқарор ўсишга эришаётган кам сонли давлатлар қаторига киритилди.

 


Report Page