2023 йилда 7 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони жами 213 тага етди

2023 йилда 7 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони жами 213 тага етди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

2023 йилда 7 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони жами 213 тага етди. Шундан 116 таси давлат, 67 таси нодавлат, 30 таси эса хорижий олий таълим муассасаларидир.

 Ҳозирда 213 та олийгоҳда 1 300 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олиб, бу кўрсаткич орқали ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2022 йилги 38 фоиздан 42 фоизга ошди.

2023/2024 ўқув йили учун 48 та давлат олий таълим муассасасининг 20 та хорижий мамлакат билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари экспертизадан ўтказилди. Ижобий хулоса берилган 289 та қўшма таълим дастури учун 6 818 та квота келишиб берилди.

QS “Фан соҳалари рейтинги”да 2 та олийгоҳ 4 та фан соҳалари бўйича “ТОП-500”, “QS Осиё университетлари рейтинги 2024” рўйхатида 14 та олийгоҳ “ТОП-1 000”, “QS Sustainability Rankings – 2024” рейтингида 3 та олийгоҳ “ТОП-1 000” университетлар рўйхатига киритилди.

“Scopus” ва “Web of Science” базалар журналларида мақолалар сони 3 574 та, “Хирш” индекси беш ва ундан юқори бўлган профессор-ўқитувчилар сони 417 нафарга етказилди.

Олий таълим муассасалари илмий салоҳияти 41 фоизга етди. Бунда, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчилар сони 2023 йилда 6 265 нафарни ташкил қилиб, 26,4 фоиз ўсишга эришилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йил давомида хусусан Ўзбекистон-Тожикистон, Ўзбекистон-Корея, Ўзбекистон-Венгрия, Ўзбекистон-Қирғизистон ректорлари форуми; Ўзбекистон-Польша ректорлари давра суҳбати, Ўзбекистон ва Буюк Британия олий таълим муассасалари форуми каби халқаро даражадаги тадбирлар ўтказилди.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 242,3 млрд сўм бўлган 157 та илмий лойиҳа молиялаштирилди. Илмий фаолиятга оид умумий молиялаштириш ҳажми 970,06 млрд сўм бўлган 558 та лойиҳа амалга оширилди.

Олийгоҳлар ва илмий ташкилотлар томонидан 275,1 млрд сўмлик жами 486 та ишланма тижоратлаштирилди. Докторантура учун квоталар сони 2021 йилга нисбатан қарийб 4 бараварга оширилиб, 2022 йилги 4100 тадан 4307 тага етказилди.

6 та таълим ташкилотининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Соҳани рақамлаштиришга қаратилган 9 та ахборот тизими ишлаб чиқилиб, ягона интерактив давлат хизматлари порталида 11 та давлат хизмати ишга туширилди. «Олий таълим жараёнларини бошқариш – ҲEМИС» ахборот тизимининг мобил иловаси ишлаб чиқилди.

Янги 18 111 ўринли 40 та талабалар турар жойлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Олийгоҳлар учун 146 номдаги 23 900 ададли ўқув адабиёти, профессионал таълим муассасалари учун эса 65 номдаги 49,2 минг нусхада махсус фанлардан адабиётлар нашр этилиб, таълим масканларига етказилди.

Жорий йил давомида жами 17 та илмий ҳажмдор маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион корхоналар ташкил этилиб, 21,4 фоиз ўсишга эришилди.

2023 йилдан бошлаб С1 даражадаги сертификати бор профессионал таълим муассасалари ўқитувчилари иш ҳақларига ҳам 50 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш йўлга қўйилди.

Техникумларда грант ўринлар сони 22 368 тага етказилиб, 2022/2023-ўқув йилига нисбатан 1,5 баробарга оширилди. Академик лицей битирувчиларининг олийгоҳларга ўқишга кириш кўрсаткичи 90 фоизга етди.

 


Report Page