2023 йил якунига кўра ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 2,5 млн нафарни ташкил этди

2023 йил якунига кўра ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 2,5 млн нафарни ташкил этди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифнгда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова маълум қилди.

Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари

Тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлар, рўйхатдан ўтказиш ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибларида берилаётган енгилликлар сабабли тадбиркорлар товар айланмалари ошиб фаолиятлари кенгаймоқда.

Хусусан, ўтган йил давомида 90 мингга яқин юридик шахс рўйхатга олиниб, жами фаолият юритаётган корхоналар сони 570,4 мингтага ва 97 мингдан ортиқ фуқаро якка тартибдаги тадбиркор cафига қўшилиб, жами фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 240,7 минг нафарга етди.

Қарийб 1,6 млн нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритишни бошлади ва 2023 йил якунида уларнинг жами сони 2,6 млнтани ташкил этди.

Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти

Солиқ хизматининг маҳалла даражасига тушиб ишлаш тизимнинг йўлга қўйилиши натижасида ер ва мол-мулк солиқларидан белгиланган прогнозга нисбатан қўшимча 2 трлн сўм маблағлар маҳаллий бюджетларга туширилди.

Ноқонуний иш ўринлари легаллаштирилганлиги ҳисобига даромад солиғи тўловчилар 263,2 минг нафарга кўпайиб, 5,3 млнтага етди. Шунингдек, иш ҳақининг оширилиши жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича қўшимча 1,9 трлн сўм тушириш имкониятини берди.

  Мажбурийликдан ихтиёрийликка

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети, онлайн-назорат касса техникалари, ЭҲФ, Е-ijara, Е-imtiyoz, Автокамерал, Soliq мобил иловаси каби электрон тизим ва хизматлардан фойдаланиш солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада соддалаштириб, ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Жисмоний шахслар солиқ мажбуриятларини уйдан чиқмаган ҳолда, интернет тармоғи орқали махсус платформалар ёки тобора оммалашиб бораётган Soliq мобил иловаси орқали масофадан туриб бажаришлари, солиқ соҳасига оид ўзларига керакли маълумотларни олишлари мумкин. Ўтган 2023 йилда Soliq мобил иловасида қарийб 3 млн фойдаланувчи рўйхатдан ўтиб, уларнинг жами сони 5,4 млн тадан ошди.

Рақамли трансформация туфайли солиқларни тўлаш жараёни шаффофлашиб, барча учун осон ва қулай бўлиб бормоқда. Буни ўтган 2023 йилда республика бўйича юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқларни ихтиёрий тўлаш даражаси 97 фоизни ташкил этганлиги ҳам исботлаб турибди.

Бюджетга солиқ тушумлари

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш борасида юқоридаги каби санаб ўтилган омиллар ўз навбатида давлат бюджетига ундириладиган тушумлар сезиларли ошишига хизмат қилди.

Хусусан, Солиқ тушумлари бўйича 2023 йил учун 163,8 трлн сўм йиллик прогноз белгиланган бўлса, амалда бу кўрсаткич 165,9 трлн.сўмга ёки 101,3 фоизга, яъни прогнозга нисбатан 2,1 трлн.сўм ортиғи билан бажарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,4 трлн сўмга кўпдир.

Республикамизнинг барча ҳудудларида белгиланган йиллик прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди ва уларнинг қўшимча тушумлари 3,4 трлн.сўмдан ошди. Ҳудудларда солиқ тушумлари 2022 йилга нисбатан 13%га ўсди.  Жиззах (30%), Сирдарё (21%), Тошкент (19%) ва Навоий (18%) вилоятларида юқори ўсишга эришилди.

Тенг рақобат шароитини яратиш, харажатлар таркибини асоссиз оширишнинг олдини олиш ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар натижасида давлат улуши бўйича бюджетга прогнозга нисбатан 1,5 трлн сўм қўшимча дивиденд суммалари ундирилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан 1,3 трлн сўм молиявий жарималар қўлланилишининг олди олинди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкасининг 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши тадбиркорлик субъектлари ва истеъмолчилар ихтиёрида 9 трлн сўм маблағ қолишига имкон берди. Маъмурчиликнинг тўғри йўлга қўйилиши натижасида ставка туширилишига қарамасдан мазкур солиқ тури бўйича бюджетга 34 трлн.сўм маблағ тўланиб, тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 трлн.сўмга ёки 4% ўсди.

2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар

Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йилида тадбиркорликни ривожлантириш, уларга кўмаклашиш устувор вазифа бўлади. Солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш янги институти фаолиятини янада кенгайтириш ва “Маҳалла солиқчиси” Ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш.

Яширин иш ўринларини легаллаштириш(жумладан такси фаолияти билан шуғулланаётган аҳолини “соя”дан чиқариш).

Соҳани рақамлаштиришни изчил давом эттириш, жумладан,товар-транспорт юк хатларини электрон расмийлаштириш, солиқларни ҳисоблаш, мажбурий ундиришга қаратиш, хизматлар кўрсатишни автоматлаштириш даражасини камида 75 фоизга етказиш.

Тадбиркорлар томонидан “Soliq” мобил иловасида солиқ ходимлари фаолиятини баҳолаш тизимини ишга тушириш.

Солиқ маъмурчилигининг структураси ва динамикасини кўриш, уларнинг ижобий ва салбий тенденцияларини кузатиб бориш имконини берувчи фискал тахлил маълумотлари сонини кўпайтириш ва бу билан жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш.

 


Report Page