2023 йил 1 январдан туғилганлик ҳақида тиббиёт муассасаларида бериладиган QR-кодли маълумотнома гербли гувоҳномага тенг ҳисобланади

2023 йил 1 январдан туғилганлик ҳақида тиббиёт муассасаларида бериладиган QR-кодли маълумотнома гербли гувоҳномага тенг ҳисобланади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида аҳолига яратилаётган енгилликлар тўғрисида маълумот берди/

Аҳолига фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш билан боғлиқ давлат хизматларини осон ва қулай шароитларда кўрсатиш, туғилганлик ҳолатларини ўз вақтида қайд этиш, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралганлик ҳолатларини қайд этишда оворагарчиликларнинг олдини олиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимлари ўртасида коррупциявий ҳолатларни ва ундаги навбатларни бартараф этиш ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тартибларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 540-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарор билан, Туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд этиш тартиби 2023 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 июндан эса бутун республика ҳудудида жорий этилиши белгиланди.

Бунда: туғилганлик ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида тиббиёт муассасалари томонидан QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади;

туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари томонидан белгиланган миқдорда герб йиғими ундирилган ҳолда расмийлаштириб берилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрдан 2023 йил 1 июлга қадар никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш белгиланди.

Ўтказилган ҳуқуқий эксперимент натижалари бўйича ушбу давлат хизматларини давлат хизматлари марказлари орқали жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритилади.

Шу билан бирга, мазкур қарорга асосан Никоҳга кириш ҳақида ариза берилганда никоҳланувчи шахсларнинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинини хабардор қилиш тартиби бекор қилинди.

Ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Мамлакатимизда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш механизмларини янада такомиллаштириш, бу соҳада ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини йўлга қўйиш, барча юридик шахслар ҳақидаги маълумотларни ягона маълумот базасига бирлаштириш орқали статистик маълумотларнинг тизимлаштирилишига эришиш ҳамда тадбиркорлик субъекти бўлмаган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ фаолият кўрсатишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 542-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор билан, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларини, шу жумладан бошқа давлат органлари ҳузурида ташкил этиладиган ташкилотларни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган юридик шахслар бирлашмаларини, адвокатлик тузилмаларини ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, Давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат органларини тугатиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш, Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш, Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш, Уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламентлари ҳамда Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисида ва Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

МИСОЛ УЧУН Адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш ҳамда юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш (кейинги ўринларда — адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш (ҳисобга олиш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш маъмурий регламенти эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатадиган уй-жой мулкдорлари ширкатларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш тартибини белгилайди.

Ушбу регламентларга асосан тижоратчи бўлмаган юқоридаги юридик шахслар давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш (ҳисобга олиш) Давлат хизматлари марказлари томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилиши белгилаб берилди.

Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом Давлат хизматлари марказлари томонидан давлат органлари ва муассасалари, таркибига тижоратчи юридик шахсларни жамлаган бирлашмалар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда адвокатлик тузилмаларининг тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларнинг давлат реестрини юритиш ҳамда ундаги мавжуд маълумотларни жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини белгилайди.

Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни тугатиш тартиби тўғрисидаги Низом давлат муассасалари, таркибига тижоратчи юридик шахсларни жамлаган бирлашмалар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини ихтиёрий тугатиш тартибини белгилайди.



Report Page