2023 йил 1 январдан масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилади
https://t.me/aoka_uzЎзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорининг 4-в кичик бандига асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга, қарор билан тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида, сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб амалга оширилишини маълум қиламиз.
Шунингдек, мазкур қарорнинг 5-банди ижроси доирасида, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг турларига нисбатан (Dn-15 дан Dn-25 гача ва Dn-32 дан Dn-1500 гача) техник талаблар ишлаб чиқилганини ва тасдиқланганини маълум қиламиз.
Техник талаблар “Ўзсувтаъминот” АЖ веб-сайтининг (www.uzsuv.uz) “Норматив ҳужжатлар” бўлимига жойлаштирилди.
2023 йилдан бошлаб хорижий ҳамда маҳаллий сув ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар ушбу техник талаблар асосида сув ҳисоблагич ускуналарини таклиф этишлари мумкин бўлади.
Бугунги кунда айни йўналишда юридик истеъмолчилардан келиб тушаётган асосий саволлар қуйидагича:
Савол: 2023 йилдан бошлаб ичимлик суви учун тўланган пули тугаса автоматик масофадан ўчириладиган сув ҳисоблагич ўрнатиладими?
Жавоб: Йўқ. Сув ҳисоблагич турига нисбатан тасдиқланган техник талабларга асосан, исталган турдаги замонавий, масофадан маълумот узатувчи қурилмага эга бўлган электромагнитли, ултратовушли ёки механик сув ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш мумкин.
Савол: Юридик ташкилотлар айнан бир турдаги, битта ишлаб чиқарувчига тегишли сув ҳисоблагичларни харид қилиши керакми? Тартиби қандай?
Жавоб: Сув таъминоти тизимида шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида, қарорда белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган (хорижий ёки маҳаллий) сув ҳисоблагичлари ўрнатилиши мумкин.
Айни мавзуда ва сув таъминоти тизимидаги муаммолар юзасидан “Ўзсувтаъминот” АЖнинг республика учун ягона саналган 12-55 қисқа рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.