2023 ЙИЛ — ТИББИЁТДА ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК АМАЛИЁТЛАРНИ ҲУДУДЛАР ДАРАЖАСИДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ БЎЛДИ

2023 ЙИЛ — ТИББИЁТДА ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИК АМАЛИЁТЛАРНИ ҲУДУДЛАР ДАРАЖАСИДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ БЎЛДИ


Кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими мутлақо янгича ёндашувлар асосида трансформация қилинмоқда. Соҳага илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ этиляпти.

Натижада малакали тиббий хизмат энг олис ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли хонадонларигача кириб боряпти. Яқин йилларгача фақат илғор хорижий давлатларда амалга оширилган юқори технологик мураккаб жарроҳлик операцияларининг эндиликда нафақат пойтахт ва вилоятлар марказлари, балки туманлар даражасида ҳам муваффақиятли бажарилаётгани тарихий аҳамиятга эга воқеликдир.

Хўш, якунланаётган 2023 йил тиббиётимизда қандай из қолдирмоқда?  

Бирламчи тиббий-профилактика тизими

Жорий йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 500 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Натижада 2,1 млн нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди.

Давлат тиббий суғуртаси ва рақамлаштириш механизмлари соҳага кенг татбиқ этиш давом эттирилди. Бирламчи тизимда “электрон поликлиника” дастури асосида ортиқча қоғозбозликка чек қўйиляпти. Шифохоналарни замонавий автомашиналар ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ҳар қачонгидан-да юқори даражага кўтарилди. Сирдарё вилоятида бошланган давлат тиббий суғуртаси тизимига ўтиш тажрибасидан сўнг, 2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич ушбу механизмларни жорий этиш бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланди. Мазкур рўйхатга кўра, эндиликда беморларга жами 520 та ташхис, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 235 турдаги дори воситалари, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади.

Аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг профилактикаси борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 12,6 млн нафар 18-40 ёшли аҳоли профилактик тиббий кўриклардан ўтказилди, 1,8 млн нафари амбулатор шароитда ҳамда 172 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилди. 9,3 млн нафар аҳоли манзилли скрининглардан ўтказилди. Улардан 190 минг нафарида юрак қон-томир касаллиги, 70 минг нафарида қандли диабет хасталиги ҳаётида биринчи марта эрта босқичда аниқланди.

Оналар ва болалар саломатлиги

Оналар ва болалар саломатлигига масъул тиббиёт муассасалари ягона бошқарув тизимига бирлаштирилди. Президентимизнинг “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика “Она ва бола скрининг” маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди. Ҳудудий перинатал, аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда “Она ва бола скрининг” марказлари негизида янги марказнинг 14 та ҳудудий филиали фаолияти йўлга қўйилди.

Келгусида Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерлари ташкил этилиши кутилмоқда. Шунингдек,  Қашқадарёда болалар шифохонаси, туғуруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази жойлашган мужассам бир комплекс – “Она ва бола” кластери ишга туширилади.  

Ихтисослаштирилган тиббий хизмат

Якунланаётган йилда соҳада қатор юқори технологик амалиётлар, роботохирургик, кардиохирургик ва трансплантологик операциялар, шунингдек сиам эгизакларини ажратиб олиш амалиётлари бажарилди. Аҳамиятлиси, бу турдаги амалиётлар эндиликда вилоят, ҳатто, туман даражасигача туширилди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари ижроси доирасида 2023 йилда 191 нафар болада кохлеар имплантлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказилди, 101 нафарининг нутқ процессорлари алмаштирилди.

Жорий йилда Президент топшириғига асосан, туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган 2 минг нафар фарзанди 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан юқори технологик операция қилинди.

Болалар миллий тиббиёт марказида биринчи марта кичик ёшли беморларда буйрак кўчириб ўтказиш ва суяк кўмиги аутотрансплантацияси амалиётларининг бажарилгани ҳамда эпилепсия касаллигида чип ўрнатиш ва умуртқа поғонаси қийшиқлиги радикал коррекцияси каби ўта ноёб жарроҳлик операцияларининг йўлга қўйилгани тиббиётимиз тарихида бутунлай янги саҳифа очди.

Жорий йил барча ҳудудлар учун мобил маммографлар харид қилиниб, аёллар ўртасида маммографик скрининг тадбирлари жадал олиб борилди. Қолаверса, барча ҳудудларда иммуногистохимиявий лабораториялар ташкил этилиб, улар камерал микроскоплар ва реактивлар билан таъминланди. Аёлларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш йўналишида 3,2 млн нафар хотин-қизлар онкоскрининг текширувидан ўтказилди. Касаллик аниқланган 3 662 нафар аёллардан 3 643 нафари соғломлаштирилиб, 2 171 нафарида касаллик эрта босқичларда аниқланди. 

Тиббий таълим ва малака ошириш тизими трансформацияси

Тиббий таълимни трансформация қилиш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, тиббиёт олий ўқув юртларида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура ўқув режаларига “нано технология”, “тиббиёт генетикаси”, “IT-технология” каби фанлар киритилади ва хорижий педагогларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнлари ташкил этилди. Ўрта тиббиёт ходимлари тайёрлаш тизими мутлақо янги тартиб ва йўналишларда йўлга қўйилиб, барча тиббиёт коллежлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилди. Тиббиёт ОТМда ўқиш муддати 4 йиллик “олий малакали ҳамшира” бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашга рухсат берилди.

Яна бир муҳим янгилик, юртимизда илк бор ўрта тиббиёт ходимларига олий маълумот берувчи Ҳамширалар академияси ташкил этилди. Ушбу академия негизида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университетининг “Ҳамширалик иши” факультети очилди. Қатор тиббиёт муассасаларининг янги ўқув бинолари ва халқаро ваколатхоналари очилиши ҳам 2023 йилнинг муҳим воқеаларидан бўлди.

Жорий йилда амалга оширилган энг аҳамиятли ислоҳотлардан яна бири Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилиши бўлди. Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан биргаликда яратилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ҳамда уларга сертификат бериш ахборот тизими — tibtoifa.ssv.uz ишга туширилди. Бунинг натижасида ушбу соҳада мутлақо шаффоф платформа яратилди.  

Тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш

Беморлар ҳаёти ва соғлигини асраб қолиш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда “Тез ёрдам”нинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Тизимни энг сўнгги русумдаги ва барча қулайликларга эга бўлган замонавий автотранспорт воситалари билан таъминлаш борасидаги кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида тез тиббий ёрдам хизматида кечикишлар сони кескин қисқарди. Бу эса шошилинч вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бераётир.

Бундан 7-8 йил аввал юртимизда тез тиббий ёрдам хизмати сифати ачинарли аҳволда бўлиб, “103” бригадаларининг манзилга кечикиб бориши, автотранспорт воситаларининг етишмаслиги, борлари ҳам талабга жавоб бермаслиги оддий ҳол эди. Соҳага қаратилган эътибор туфайли мамлакатимизда “103” хизмати мутлақо янги, сифат жиҳатдан юксак ва барча халқаро талабларга жавоб берадиган тизимга айланди.

Рақамларни таҳлил қилсак, биргина жорий йил январь ойида Республика тез тиббий ёрдам маркази автопарки юртимизда ишлаб чиқарилган 110 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланди. Бу рақам февралда 117, августда 50, сентябда 100, октябрда 100 ва ноябр ойи бошида эса 108 донани, декабр ойида 100 донани ташкил қилди. Бу автотранспорт воситалари Республика тез тиббий ёрдам марказининг барча филиалларига зарур эҳтиёж ва аҳоли салмоғидан келиб чиқиб, етказиб берилди.

Натижада 2022 йилнинг декабр ойи ва жорий йилда “103” хизматига топширилган бундай автотранспорт воситалари сони жами 800 тага етди.

Халқаро ҳамкорлик

2023 йил тиббиёт тизимида халқаро алоқаларга кенг ўрин берилгани билан ҳам аҳамиятли. Бу даврда соҳа доирасида 250 дан ортиқ ҳалқаро учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг бўлинмалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, хорижий дипломатик корпус вакиллари билан ўтказилган мулоқот ва келишувлар соҳадаги муҳим ўзгаришларга замин бўлди.

Шунингдек, тиббиёти ривожланган давлатлар, хусусан, АҚШ, Германия, Туркия, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Венгрия, Озарбайжон, Россия, Беларусь билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва фармацевтика бўйича форумлар, ҳафталиклар, ойликлар ўтказилди. Ушбу ҳамкорлик алоқалари ҳам эндиликда ҳудудлар кесимида йўлга қўйилаётгани, ҳудудий муассасалар ҳам тўғридан-тўғри нуфузли хорижий ҳамкорлар билан биргаликда тиббий тадбирлар ўтказаётганини 2023 йилнинг энг яхши янгиликларидан дейиш мумкин.

Барча халқаро келишув ва битимлардан энг асосий мавзу мутахассислар тайёрлаш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Йил давомида 370 га яқин нуфузли тиббиёт олий ўқув юрти, клиникалар ва фармацевтика компаниялари билан бу борада мулоқот олиб борилди.  

Келгусидаги режалар

Мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатлари турибди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқишда ана шу омил бош мезон бўлди. Унинг доирасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини 2 баробарга ошириш, онкология, юрак-қон томир, диабет ва нафас йўллари касалликлари бўйича эрта ўлимни 2,5 баробар камайтириш, Ўзбекистонни “Сил хасталигидан холи мамлакат”га айлантириш кўзда тутилган.

Стратегиядан 55 ва ундан катта ёшдаги аҳолини 100 фоиз тиббий-профилактик кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида жисмоний фаол аҳоли улушини 2 баробар оширишга доир чора-тадбирлар ҳам ўрин олган.

Юртдошларимиз ўртасида тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳам устувор мақсадларимиздан бири бўлади. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш даражаси 100 фоизга етказилади.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси — тиббиётнинг келажакдаги харитаси вазифасини ўтамоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли кўрсатмалари асосида соҳанинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланяпти. Тизимга илғор даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологиялар кенг татбиқ этилмоқда.

Албатта, 2023 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ҳали бошланиши, келгуси 2024 йилда бизни улкан трансформация жараёнлари, мисли кўрилмаган янгиликлар ва юксак марралар кутиб турибди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

Report Page