2022 йилнинг январь-июнь ойларида 2,3 трлн. сўмлик чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилган
Расмий хабарларМаълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинган эди.
Ушбу дастурга мувофиқ чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солган ҳолда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш вазифалари белгиланган.
Давлат дастури ижросини сифатли бажариш мақсадида “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан “Чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 26 февраль куни “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланган.
Юқоридаги Фармон ва Қарор билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида чарм-пойабзал соҳасида жами қиймати 2,3 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
шундан:
57,4 млн жуфт пойабзали маҳсулотлари (110,4%);
887,6 млн.кв.дм (109,7%) чарм маҳсулотлари;
55,7 млрд.сўмлик чарм атторлик маҳсулотлари (113,5%);
641,2 млрд.сўмлик (105,8%) бошқа турдаги товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланди.
Эътиборлиси, шу давр мобайнида соҳада 5 турдан ортиқ, республикада аввал ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Мисол учун: Тошкент вилоятидаги жами қиймати 5 млн доллар бўлган "Egida Simakx" МЧЖ ҚК томонидан йилига 10 минг тонна чарм-пойабзал саноати учун паралон маҳсулотини ишлаб чиқариш, Самарқанд вилоятидаги жами қиймати 4 млн доллар бўлган "SN Group" МЧЖ томонидан йилига 4 минг тонна чарм-пойабзал саноати учун турли гранитол ва картон маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг биринчи олти ойлигида соҳага режага нисбаттан
2 баробар кўп, яни 16,5 млн долларлик инвестициялар ўзлаштирилди ва жами қиймати 35,1 млн долларлик 24 та янги лойиҳалар амалга оширилди.
Жумладан, 29,7 млн долларлик 17 та лойиҳа ҳар хил турдаги пойабзал маҳсулотлари, 3,5 млн долларлик 2 та чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари, 0,3 млн долларлик 1 та жунни қайта ишлаш ва 1,5 млн долларлик 4 та замонавий автоматлаштирилган кушхоналар фаолиятини ташкил этиш лойиҳалари ишга туширилди.
Ишга туширилган 24 та янги лойиҳалар натижасида соҳада 375 млрд сўмлик янги қувватлар ва 1 280 та янги иш ўринлари яратилди.
2022 йил биринчи ярим йиллигида соҳада 198,2 млн долларлик чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорт қилинишига эришилган бўлиб, уларнинг
86,4 фоизи тайёр ва 13,6 фоизи ярим тайёр маҳсулотлар улушига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбаттан экспорт қилинаётган чарм-пойабзал маҳсулотлари турлари 48 дан 65 га ошган бўлса, экспорт географияси 32 давлатдан 42 тага ошди. Жумладан, АҚШ, Япония, БАА ва Корея каби янги давлатларга экспорт қилиниши йўлга қўйилди.
Шунингдек, январь-июнь ойларида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги” билан ҳамкорликда уюшмага аъзо чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 392 та корхоналарда сифат менежменти тизимини жорий этиш ҳолати таҳлили ўтказилди. Таҳлил натижасида 49 та (шу жумладан: терини қайта ишловчи 14 та, пойабзал ишлаб чиқарувчи 33 та ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 2 та ) корхонада ҳалқаро сифат менежмент тизими жорий этилди.
Тегишли Қарор ва дастурларга асосан соҳа корхоналари томонидан 2026 йилга бориб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини 18,6 трлн. сўмга етказиш, яъни 2021 йилга нисбатан 4,2 марта ошириш назарда тутилган.
Хусусан, 2022 йил якунига келиб саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 5 трлн 530,8 млрд сўмга етказиш кўзда тутилган. Амалга оширилаётган ишлар натижасида йиллик пойабзал ишлаб чиқариш қуввати 205,3 млн жуфтга, чармдан кийим-кечак 35,3 минг донага, чарм-атторлик маҳсулотлари ҳажми 120,3 млрд сўмга, чарм махсулотлари ҳажми 2 млрд 179,4 млн кв.дм. етказиш мақсад қилинган. Шунингдек 2022 йил якуни билан соҳанинг экспорт кўрсаткичларини 450 млн долларга етказиш мақсад қилинган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун 2022-2026 йилларда соҳа бўйича жами қиймати 1 млрд. доллар бўлган 555 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган бўлиб, шундан 218 млн. долларлик 120 таси жорий йилда фойдаланишга топширилиши таъминланади.