2022 йилнинг ўтган даврида 31 минг нафардан кўпроқ номзод давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилинди

2022 йилнинг ўтган даврида 31 минг нафардан кўпроқ номзод давлат фуқаролик хизматига танлов асосида ишга қабул қилинди

Расмий хабарлар

Бу ҳақда АОКАда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигинингэнг муҳим вазифаси этиб, давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини, давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф тизимини яратиш белгиланган.

Бу борада, давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди.

Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар:

— ҳар бир номзоднинг вакант лавозимга малака талабларига мослигини ўрганиш;

— тест орқали унинг билим даражасини синовдан ўтказиш;

— ассесмент шаклидаги суҳбат жараёни босқичларидан иборат.

Бунда, танловнинг ҳар бир босқичи натижаси тўғрисидаги маълумотлар номзодларнинг шахсий кабинетига юборилади.

Портал орқали жорий йилнинг 31 май ҳолатига, Республиканинг 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 70 949 та танлов эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 830 173 нафар номзод томонидан ҳужжат топширилган.

Вазирлик ва идоралар кесимида энг кўп танловлар Ёшлар ишлари агентлиги тизимида — 15 794 та, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тизимида — 10 116 та, Давлат солиқ қўмитаси тизимида — 7 548 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида — 4 712 та, Молия вазирлиги тизимида — 6 592 та ўтказилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Самарқанд вилоятида ўтказилган бўлиб, 7 333 тани ташкил қилади. Шунингдек, Андижон вилоятида — 6 962 та, Фарғона вилоятида — 6 965 та, Қашқадарё вилоятида — 6 053 та, ташкил этмоқда.

Якунига етган танловлар бўйича 31 788 нафар малакали номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.

Танлов ғолибларининг 11 322 нафари 30 ёшгача бўлганлар ёшлар,  9 850 нафари аёллар, 5 444 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганларни ташкил этади.

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали эълон қилинаётган танловларда иштирок этаётган номзодлар танлов жараёни билан боғлиқ масалалар юзасидан Агентликнинг 71-239-34-76 рақамли телефони ёки Телеграм тармоғидаги махсус боти vacancy_argos_bot орқали мурожаат қилишлари мумкин.



Report Page