2022 йилдаги иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили

2022 йилдаги иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили

EconomyMoliyaPress

2022 йилда дунёда содир бўлган мураккаб иқтисодий ва молиявий вазиятнинг сақланиб қолаётганлиги, жаҳон бозорларида асосий маҳсулотлар нархларининг беқарорлигига қарамай мамлакатимизда юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришилди.

2022 йил якунларига кўра ялпи ички маҳсулот – 5,7 фоиз, саноат маҳсулотлари – 5,2 фоиз, қурилиш ишлари – 6,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 3,6 фоизга, бозор хизматлари – 15,9 фоиз, экспорт – 23,6 фоиз, чакана савдо айланмаси – 12,3 фоиз ўсиш суръатлари таъминланди.

Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2 255 АҚШ долларни ташкил этди.

Совуқ оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларни фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида Президентимиз томонларидан “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус қарор қабул қилинди (ПҚ-43-сон). Натижада феврал-март ойларида тармоқлар фаолиятининг қайта тикланиши таъминланди.

Хусусан январь-февраль ойларида саноат 3,9 фоизга ва қурилиш ишлари – 8,2 фоизга пасайган бўлса, хизматлар соҳаси ва чакана савдода ўсиш суръатлари тезлашган.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2023 йил I чоракда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан) – 3,5 фоиз, саноат маҳсулотлари – 2 фоиз, қурилиш ишлари – ўтган йил даражасида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 2,5 фоиз, бозор хизматлари10 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.

2022 йилда Давлат бюджети даромадлари 202 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 37,2 трлн сўмга ёки 22,6 фоизга ошди.

Жумладан, Солиқ қўмитаси маъмурчилигидаги тушумлар 148 трлн сўмни Божхона қўмитаси бўйича тушумлар 46,0 трлн сўмни ҳамда бошқа даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумлар 7,6 трлн сўмни (қўшилган қиймат солиғи бўйича қайтариш (қоплаб бериш) (19,3 трлн сўм) ва фуқароларга харид суммасидан 1% (“кэш-бэк”) қайтаришни (0,8 трлн сўм) ҳисобга олган ҳолда ) ташкил қилди.

Даромадларнинг асосий қисмини билвосита солиқлар 72 трлн сўмни ёки Давлат бюджети умумий даромадларининг 35 фоизини ташкил қилди. 2021 йилга нисбатан 15,1 трлн сўмга ёки 27 фоизга ошди.

2022 йилда ҚҚС жами тушумлари 52,2 трлн сўмни ташкил этди, 2021 йилга нисбатан 13,8 трлн сўмга ёки 36 фоизга ошди.

ҚҚС бўйича давлат бюджетига жами 71,5 трлн сўм ундирилди (2021 йилга нисбатан 35 фоизга кўпроқ), шундан солиқ органлари томонидан 32,8 трлн сўм (28,3 фоизга кўпроқ), божхона органлари томонидан 38,7 трлн сўм (41,8 фоизга кўпроқ) ундирилди.

ҚҚС бўйича тушумларнинг ўсиши иқтисодий фаолликнинг ошиши, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштирилиши билан бир қаторда, солиқ тўловчилар сонининг 174 мингтага етиб, 30 мингтага ёки 20 фоизга ошганлиги билан изоҳланади.

ҚҚСдан манфий фарқни қоплаш учун 6 509 та тадбиркорлик субъектларига 19,3 трлн сўм миқдорида маблағлар қайтарилди (ҚҚС тушумларига нисбатан 27 фоиз). 2021 йилда жами 14,4 трлн сўм маблағлар солиқ тўловчиларга қайтарилган.

Божхона божи бўйича тушумлар 2022 йилда 5,7 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 981 млрд сўмга ёки 21 фоизга ошди.

Тушумларнинг ошишига импорт товарларини расмийлаштириш вақтини камайиши муҳим омиллардан бири бўлди.

Божхона юк декларацияларини расмийлаштиришга сарфланган ўртача вақт 2021 йилда 3 соат 7 дақиқани ташкил этган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 33 дақиқага қисқартирилиб, 2 соат 34 дақиқани ташкил қилди.

Бевосита солиқлардан 2022 йилда 64 трлн сўмни, шу жумладан: фойда солиғи – 37,5 трлн сўмни, айланмадан олинадиган солиқ – 2,5 трлн сўмни, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 23,9 трлн сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига амортизация ажратмалари нормалари ва бир марталик инвестициявий чегирма миқдорини ўртача 2 баробарга оширилиши ҳамда махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига фойда солиғини тўлашдан ўзи киритган инвестициялар ҳажмига қараб озод этилиши ҳисобига уларнинг ихтиёрида 1,6 трлн сўм қолдирилди.

Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи бўйича тушумлар 24,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 1,2 трлн сўмга ошди.

Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклашга қаратилган чораларни қўлланилиши, солиқ тушумларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Хусусан:

а) солиқ тўловчиларга 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) 365 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди.

б) 2023 йил 1 апрелга қадар солиқ қарзига пеня ҳисоблаш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга қўлланилган 1,7 трлн сўм миқдоридаги жарималарни ундириш тўхтатилди.

2023 йилги солиқ сиёсатидаги асосий ўзгаришлардан бири сифатида қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилиши бўлди.

Солиқ ставкасини пасайтирилишига қарамасдан ҚҚС бўйича йиғилган тушум (солиқ ва божхона тушумлари) 2023 йил

1-чорагида 18 трлн сўм, 2022 йилга нисбатан 2,2 трлн сўмга ёки 14 фоизга ортиқ йиғилиши кутилмоқда.

Солиқ ва божхона органларида йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланадиган қўшилган қиймат солиғи ва мавжуд ортиқча тўловлари суммаларини ўзаро ҳисобга олиниши тўлиқ йўлга қўйилди.

Солиқ ва божхона органлари томонидан 230 млрд сўмлик товарларни импорт қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммалари ўзаро ҳисобга олинди ва бу тадбиркорларга ҚҚС қайтаришда вақтларини тежалишини ва айланма маблағларини сақлаб қолиш имконини берди.

2022 йил Давлат бюджетининг харажатлари 236,5 трлн сўмга ижро этилди. Амалга оширилган харажатлар ўтган йилга нисбатан (188,3 трлн сўм) 26 фоизга ошди.

Бунда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 117,7 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 50 фоизи миқдорида маблағ сарфланди.

Амалга оширилган харажатларнинг қарийб 40 фоизи (91,4 трлн сўм) бюджет ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини молиялаштириш учун сарфланди.

2022 йилда ижтимоий тўловлар тўлаш билан боғлиқ харажатларга Давлат бюджетидан 19,4 трлн сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 78 фоиз кўпроқ маблағ ажратилди. Ушбу маблағларнинг 11,4 трлн сўми 2,1 млн оилага ёки Республикамизда истиқомат қилувчи жами оилаларнинг қарийб 24 фоизига нафақа, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари тўлаш учун молиялаштирилди.

Бундан ташқари, 2022 йилда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан 11,1 трлн сўм трансфертлар ҳамда табиий газни харид қилиш ва реализация қилиш баҳолари ўртасидаги тафовут оқибатида юзага келадиган зарарларнинг ўрнини қоплаш билан боғлиқ харажатларга 5,2 трлн сўм субсидия маблағлари ажратилди.

Шу билан бирга 2022 йил давомида:

·           Давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларига субсидиялар ажратиш учун - 2,4 трлн сўм;

·           Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун - 1,7 трлн сўм;

·           соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш дастурларини молиялаштириш учун - 1,2 трлн сўм;

 

2022 йил Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасни ривожлантириш дастури ҳамда Ҳукуматнинг тегишли топшириқларига асосан республика бюджети маблағлари ҳисобидан жами 22,1 трлн сўм маблағ ажратилган.

Дастур доирасида жами 2 803 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳисобот даврида жами 2 164 та объект фойдаланишга топширилди.

2022 йилда ипотека дастури бўйича жами 855 млрд сўм субсидиялар тўлаб берилди. Шундан 17 293 нафар фуқарога бошланғич бадални бир қисмини қоплаш учун 515 млрд сўм ва 28 090 нафар фуқароларга 2020-2022 йилларда олинган ипотека кредитлари фоиз тўловларини бир қисмни қоплаш учун 340 млрд сўм.

Фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш учун тижорат банкларига 7,0 трлн сўм ресурс маблағлари ажратилди.

Жорий йилнинг 1 чораги давомида тижорат банкларига ипотека кредитлари ажратиш учун 1,6 трлн сўм ресурслар ажратилди.

Шунингдек, 1 769 нафар фуқароларга 57 млрд сўм ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадални бир қисмини қоплаш учун ҳамда 28 653 нафар фуқароларга олдинги йилларда олинган ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловларини бир қисмини қоплаш учун 67 млрд сўм субсидиялар тўлаб берилди.

2022 йил якуни билан Консолидациялашган бюджет ЯИМга нисбатан 3,9 фоиз миқдорида ёки қарийб 35 трлн сўм тақчиллик билан ижро этилди.

Жорий йилда Ташаббусли бюджет жараёнининг 1-мавсуми доирасида 1,5 трлн сўм бюджет маблағлари ажратилган бўлиб, айни пайтда жараённинг 3-босқичи яъни, лойиҳаларга “овоз бериш” давом этмоқда. Мазкур босқичда Ташаббусли бюджет дастурига республика бўйича 9 452 та маҳаллалардан жами 33 680 та лойиҳа овозга қўйилган.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи 29,2 млрд АҚШ доллари ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,4 фоизни ташкил этди.


Report Page