2022 йилда қишлоқни туман маркази билан, туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган жами 310 та янги автобус йўналиши очилади

2022 йилда қишлоқни туман маркази билан, туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган жами 310 та янги автобус йўналиши очилади

Расмий хабарлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва улар доирасида қабул қилинаётган давлат дастурларида республикамизнинг транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Зеро, ҳар томонлама ривожланган транспорт тизими ички ва ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди.

Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз транспорт-логистика тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, халқаро аҳамиятдаги транспорт коридорларининг ўтказиш қобилиятини ошириш, янги арзон ва қисқа трансконтинентал транзит коридорларини шакллантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларининг жаҳон транспорт тизими билан ўзаро уйғунликдаги ривожланиши таъминлашдан иборатдир. 

Президентимиз томонидан 2021 йилнинг 9 август куни “Транспорт тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши билан автомобиль, ҳаво, темир йўл, сув ва шаҳар йўловчи транспорти фаолияти ва ҳамкорлигининг ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ташкилий асослари ва тамойиллари белгилаб берилди.

Зеро, шу кунга қадар мамлакатимизда транспорт фаолиятини тартибга солувчи алоҳида Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль транспорти тўғрисида”, “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонунлар, Ҳаво кодекси ва бошқа кўплаб қонун ҳужжатлари мавжуд эди.

Бироқ, барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ва уйғунлашган ўзаро алоқасини таъминлайдиган, самарали логистика тизими, аралаш ташишларни кенгайтириш орқали ягона транспорт тармоғига интеграция қилиш мезонларини белгилайдиган ягона қонун мавжуд эмас эди.

Мазкур қонун таркибий қисми 9 та боб, 45 та моддадан иборат бўлиб, транспорт ташкилотлари, юк жўнатувчилар, юк қабул қилувчилар, йўловчилар ўртасида қатновларнинг ҳар бир турида, асосан аралаш қатновларда ташиш жараёнида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

“Транспорт тўғрисида”ги Қонуннинг 1-бобида қўлланиладиган асосий тушунчалар маъноси очиб берилган, хусусан, миллий қонун ҳужжатларида мавжуд бўлмаган янги тушунчалар келтирилган, булардан: “аралаш ташишлар оператори”, “ташишлар хавфсизлиги”, “транспорт хавфсизлиги”, “транспорт инфратузилмаси объектлари”, “транзит транспорт йўлаги” ва бошқалар.

Қонуннинг 2-бобида транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш, Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, транспорт соҳасида давлат назорати, транспорт фаолиятини лицензиялаш, транспорт воситаларини сертификатлаш ва транспорт тарифлари масалалари ёритиб берилган.

Қонуннинг 3-бобида йўловчи, багаж, юк багажи, почта ва юкни ташиш билан боғлиқ фаолиятни ва транспорт-экспедиторлик фаолиятини амалга ошириш асослари таърифланган, мижознинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. 

Ушбу қонун асосан самарали транспорт логистикасидан фойдаланган ҳолда транспорт турларининг мақбул ва мувозанатли, уйғунлашган ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилганлиги сабабли, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқни бартараф этиш имконини берувчи “Аралаш ташишни ташкил этиш” деб номланган 4-боб ушбу қонуннинг асосий қисмларидан бири ҳисобланади. Ушбу боб аралаш ташишларни амалга ошириш шартларини тартибга солади, аралаш ташиш шартномасининг мазмунини ва тузиш тартибини белгилайди.

Қонуннинг 5-моддадасига мувофиқ транспорт фаолиятининг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланган:

 

хавфсизлик;

экологик тозалик;

транспорт хизматларидан фойдалана олиш;

очиқлик ва шаффофлик.

 

Қонунда юкларни транзит ташиш, транспорт логистикаси, транспорт хавфсизлиги алоҳида боблар билан очиб берилган. Шунигдек, республика транспорт тизимининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида, қонуннинг 7-бобида алоҳида “Транспорт соҳасида экологик нормаларни таъминлаш” номли 32-модда киритилган.

 

Жорий йилнинг 9 ноябрь кунидан кучга кирган ушбу қонун мамлакатимиз қонунчилик амалиётида илк бор давлат транспорт сиёсати асосларини қонуний жиҳатдан тартибга солди.

 

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши натижасида:

 

биринчидан, амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг транспорт соҳасидаги ҳужжатларидан келиб чиқадиган талабларига мувофиқлаштириш, шу жумладан қонунчиликдаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга;

 

иккинчидан, транспорт фаолиятини, шу жумладан аралаш ташишларни амалга оширишда транспорт ташкилотлари ва улар хизматларидан фойдаланувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳуқуқий асосларини яратишга;

 

учинчидан, миллий транспорт тизимининг халқаро транспорт-логистика тизимига интеграциялаш жараёнларини чуқурлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида транспорт соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ушбу соҳадаги халқаро-ҳуқуқий база билан уйғунлаштиришга;

 

тўртинчидан, транспортда ташишнинг барча турларини барқарор ривожлантириш, уларнинг ҳаммабоплиги ва сифатини ошириш учун шарт-шароитлар яратишга;

 

бешинчидан, йўловчи ва юк ташиш халқаро бозорида миллий транспорт тизимининг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитлар яратишга;

 

олтинчидан, транспорт тизимини давлат томонидан бошқариш самарадорлигини оширишга;

 

еттинчидан, республика ҳудуди бўйлаб барча турдаги ташишларни амалга оширишда рақобат муҳитини ривожлантириш учун шароит яратишга эришилди.

 

Шу нуқтаи назардан, мазкур қонун мамлакатимиз транспорт тизимининг ҳолати ва ривожланиши учун жуда муҳим аҳамият касб этиб, унинг бошқа инфратузилма тармоқлари билан бирга жамият фаолияти учун асосий шароитларни таъминлаши, ижтимоий-иқтисодий ва ташқи сиёсат мақсадларига эришишда муҳим элемент сифатида хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, транспорт вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бу – ҳудудларда барқарор жамаот транспорти тизимини яратишдан иборатдир.

Айнан ҳудудларда аҳолига жамоат транспортида хизмат кўрсатиш соҳасини янада яхшилиш мақсадида 2021 йил 8 октябрда “Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 630-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

 

Қарорга мувофиқ, 2021-2022 йилларда қишлоқни туман маркази билан, туман марказини вилоят маркази билан боғлайдиган жами 310 та янги автобус йўналишлари (шундан шаҳар – 60 та, шаҳар атрофи – 193 та, шаҳарлараро (вилоят ичида) – 57 та) ташкил этилади.

 

Тижорат асосида йўловчилар ташиш хизматини кўрсатадиган ва бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик шахслар (ташувчилар) томонидан шаҳар атрофи ёки вилоят ичидаги шаҳарлараро автобус йўналишида кўриладиган зарар миқдори 30 фоизгача (30 фоиз ҳам шу жумлага киради) бўлган йўналиш норентабель автобус йўналиши бўлиб ҳисобга олинади, Тошкент шаҳри бундан мустасно.

 

Ташувчиларга норентабель йўналишлар бўйича тегишли ҳудудий комиссиялар томонидан субсидия ажратилади.

 

Қарорга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:

 

тижорат банкларининг Янгилаш парамертлари доирасида автобус ва микроавтобус хариди учун ажратиладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоиз ҳам шу жумлага киради), бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик берилади;

 

ташувчиларга ажратилган кредит фоиз ставкасининг 5 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. 

 

Шунингдек, 2021 йилнинг 6 декабрь куни “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш йўналишлари бўйича очиқ тендерларни электрон тарзда ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори 738-сон қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 1 мартгача йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали бириктириш бўйича электрон тизим тест режимида жорий этилади.

2022 йил 1 мартдан шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон ахборот тизими орқали ўтказилади;

Қарор билан транспорт соҳасини тартибга солувчи давлат бошқаруви органининг ваколатлари аниқ белгиланиб берилди ҳамда кенгайтирилди. Хусусан, тендер ташкилотчиси этиб Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари белгиланди.

 

 

Қарор билан тендерни ўтказиш тартибига оид низом тасдиқланди.

 

Низомда тендер таклифларига қўйиладиган талаблар, ғолибларни аниқлаш, шартнома тузиш ва бошқа қоидалар белгиланди.

 

Тасдиқланган Низомга мувофиқ:

 

-       ваколатли органлар тендерга қўйиладиган йўналишлар рўйхатини ахборот тизимига киритади; 

 

-       тендерда қатнашиш учун таклифлар талабгорлар томонидан ахборот тизими орқали тақдим этилади;

 

-       қатнашчилардан тендер бўйича келиб тушган таклифлар махсус ахборот тизими орқали автоматик тарзда баҳоланади ва тендер ғолиби аниқланади;

 

-       тендер ғолибига шартнома ва гувоҳномалар электрон тарзда ахборот тизими орқали тақдим этилади.

 

Қарор билан ташувчиларга қуйида қўшимча қулайликлар яратилмоқда:

- тендерда қатнашиш учун ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия варақаси бўлиш талаби бекор қилинмоқда;

- йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тендер таклифларига қўшимча баҳолаш мезонлари (автобус салонида кондиционер, интернет, монитор ва ҳ.) киритилди;

- тендер таклифларига бериладиган баллар ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома қайта ишлаб чиқилиб, мавжуд камчиликлар бартараф этилди;

-тендер ғолиби билан йўналишларда йўловчи ташиш транспорти хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи шартномани имзолаш муддатини аниқлаш мезони белгилаб берилди. 


Report Page