2022 йилда мактабгача таълим тизимида 17288 нафар педагог кадрнинг малакасини ошириш режалаштирилган
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБу ҳақда АОКАда Мактабгача таълим вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайёра Ибрагимова, Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходими Норой Соатова, Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходими Насиба Умирзоқова, вазирлик ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Ақархўжаева иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:
✔️ Таълимга йўналтирилган инвестиция нафақат мамлакатни ривожлантиришнинг махсус стратегияси, балки инсон капитали ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашга қаратилган ижтимоий сиёсатдир. Бунинг натижасида инсон капитали такомиллашиб, моддий фаровонлик ва соғлом турмуш тарзига эришилади. Инсон капитали ҳар бир инсоннинг индивидуал капитал шаклидир. Қобилият, билим, кўникма ва тажриба ҳар бир ёшнинг шахсий мулкидир.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш масалалари юзасидан қабул қилинган янги тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш бўйича “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” белгиланган. Улар орасида Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга оид вазифалар алоҳида ўрин тутиши ҳақида ушбу матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
Президентнинг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонида Мактабгача таълим вазирлигининг зиммасига 3 та вазифа юклатилган бўлиб,
- хусусан, 2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга етказиш;
- 2024/2025 ўқув йили якунига қадар эса 100 фоизга етказиш;
- Мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали 7 мингдан зиёд янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш;
- Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизими жорий этиш;
- 2022 — 2026 йилларда 160 мингдан зиёд педагог кадрларнинг малакасини ошириш;
Мактабгача таълим тизимида молиявий жараёнларнинг шаффоф тарзда амалга ошириш каби вазифалар белгиланганки, юқоридагиларнинг барчаси мактабгача таълим соҳасидаги таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган.
Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 39-мақсади ҳам айнан шу мазмунда бўлиб, “Мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш” деб номланганлиги, бугунги матбуот анжуманининг номланишига аҳамият берган ҳолда, ҳақиқатда сифатли таълим-инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланиши ва бу борада Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусида белгиланган вазифалар юзасидан тўхталиб ўтилди.
“Албатта таълим сифатига эътибор қаратилар экан, биринчи навбатда боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш бош мақсад бўлиб, мактабгача таълим ташкилотларининг сони ортган сари, педагог кадирларга бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бораётганлиги, ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш шакл ва методикалари халқаро тажрибалар асосида қайта кўриб чиқилмоқда”-деди Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходими.
Вазирликнинг масъул ходими сўзида давом этиб қуйидагиларни маълум қилди:
“Педагогларнинг касбга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиб келинаётган ўқув–амалий семинарларда таълим–тарбия жараёнида замонавий педагогик ва ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш малакасини ошириш, назарий билимларининг амалиёт билан мустаҳкамланиши яхши натижалар кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Жумладан: Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида 350 нафар тренерлар тайёрланди. Ушбу тренерлар томонидан 2021 йил сентябр-декабрь ойларида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг 22 мингдан зиёд педагоглари қисқа муддатли ўқув курсларда ўқитилдилар.
Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти томонидан «Мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг касбий компетенцияси ва креативлигини ошириш» мавзусида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур ўқув курслари учун институт томонидан 28 нафар ҳудудий бошқармалар миқёсида, 414 нафар туман (шаҳар) миқёсида тренерлар тайёрланди. Мазкур тренерлар томонидан 24 мингдан зиёд педагоглар қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди.
Шунингдек, институт томонидан педагогика коллежлари ўқитувчилари учун «Илм йўли» вариатив дастури бўйича қисқа муддатли ўқув курсида 300 нафар педагогика коллежлари махсус фан ўқитувчилари ўқитилдилар.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур ўқув курсларига олий таълим муассасаларининг 70 нафар профессор-ўқитувчилари жалб этилди. Улар томонидан давлат мактабгача таълим ташкилотлари 1,5 минг нафар психологлари ўқитилди.
2021 йилда 14029 нафар педагог кадрларнинг малакаси оширилди, шундан 8198 нафар тарбиячилардир. Шунингдек, педагог кадрлар сифатини ошириш мақсадида қисқа муддат ўқув курслари ташкил этилиб, мазкур курсларда 50 мингдан зиёд педагог кадрлар, шундан 22 мингдан зиёди оилавий НМТТ педагог кадрлари фаол иштирок этдилар.
2022 йилда 17288 нафар педагог кадрларнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Уларнинг 8600 нафари мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида, 7500 нафари Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Халқ таълими ҳодимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида, 1188 нафари Жисминий тарбия ва спорт мутахассисларини илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида малака оширилиши режалаштирилган.
2022 йилнинг 1-чорагида жами 4 652 нафар мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларнинг малакаси оширилди.
Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш шакл ва методикалари халқаро тажрибалар асосида қайта кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги тассаруфида 95 та педагогика коллежлари мавжуд бўлиб, бу педагогика коллежлари мактабгача таълим соҳаси учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлайди. Бугунги кунда ушбу педагогика коллежларида жами 53 197 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Жумладан, 1-босқичда 26155 нафар, 2-босқичда 27042 нафар ўқувчилар таълим олмоқда. Шундан кундузги таълим шаклида 41374 нафар, сиртқи таълим шаклида 8674 нафар, кечки таълим шаклида 866 нафар ва дуал таълим шаклида 2283 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда.
Мактабгача таълим вазирлигининг талаб ва таклифлари асосида коллежларда тайёрлов йўналишлари ўқув режалари таркибига «Давлат талаблари ва МТТ ўқув дастури» фани, «Болаларни мактаб таълимига тайёрлаш», «Ривожланиш марказларида болалар фаолиятни ташкил этиш» ўқув амалиётлари киритилганлиги, Мактабгача таълим ташкилотлари таълим-тарбия жараёнига тегишли бўлган барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжаталарни ўрганиш махсус фанлар ўқув дастурларига киритилганлиги айтиб ўтилди.
Матбуот анжуманида, педагогика коллежларида таҳсил олаётган ўқувчилар таълимни бевосита мактабгача таълим ташкилотларида ишлаш билан биргаликда олиб бораётганликлари, назария ва амалиёт бирлигига эришилаётганлиги, бевосита ишлаш жараёнида юзага келадиган саволларнинг ечими таълим ташкилотининг педагоглари билан биргаликда амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Шу билан биргаликда педагогика коллежларига 2021 йилдан дуал таълим тизими жорий этилиб, дуал таълим шакли ўқувчилари ҳафтада 3 кун педагогика коллежлари ўқув жараёнларида иштирок этишлари ва қолган 3 кунда тегишли мактабгача таълим ташкилотларида тегишли машғулотлар билан бирга меҳнат фаолиятини олиб боришаётганликлари ҳақида маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги «Наманган ва Фарғона вилоятларида тажриба-синов тариқасида мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш бўйича мактабгача таълим кластерлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 268-сонли қарори асосида Наманган вилояти Наманган педагогика коллежида ва Фарғона вилояти Қўқон педагогика коллежида тажриба-синов тариқасида Мактабгача таълим кластерлари ташкил этилди.
Мактабгача таълим кластерларида ўқув машғулотлари Наманган давлат университети, Қўқон университети, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳар филиали, Тошкент шаҳридаги Пучон университетларининг профессор-ўқитувчилари ва халқаро консультантлар томонидан олиб борилмоқда. Бугунги кунда мазкур кластерларда жами 1022 нафар раҳбар ва педагог кадрларнинг малакаси оширилди.
Жаҳон банкининг 1-компонент бўйича “Ёш болаларнинг эрта ривожланишини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида. Таълим сифатини ошириш, болага йўналтирилган таълим ёндашувларини ривожлантиришга кўмаклашиш, «Ўзбекистонда мактабгача таълимда бола тарбиясига йўналтирилган ёндашувни жорий этиш» тренингининг иккинчи модули доирасида тренинглар ўтказилди. Мазкур тренингларда жами 110 нафар педагог кадрлар 4 та гуруҳга бўлиниб иштирок этишди.”
“Таълимни модернизация қилиш давом эттирилар экан, албатта мактабгача таълим ташкилотларида болажонларга берилаётган таълим сифатини ҳам тубдан ислоҳ этиш ишлари олиб борилмоқда”, - дейди вазирликнинг Таълим жараёни сифатини таъминлаш ва инновацион педагогик технологияларни жорий этиш бошқармаси ходими Насиба Умирзоқова.
Албатта таълим сифатини ошириш учун педагог кадрларнинг сифатини ошириш билан биргаликда замон талабларига жавоб берадиган ўқув дастурлар, қўлланмалар ва дидактик материалларнинг ўрни беқиёсдир.
Халқаро экспертлар иштирокидаги энг яхши амалиётлар асосида илк маротаба шахсга йўналтирилган ва компетенциявий ёндашувга асосланган мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг эрта ривожланишига қўйилган давлат талаблари ва «Илк қадам» номли давлат таълим дастури ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилди.
Илк ва мактабгача ёшдаги болаларга самарали таълим-тарбия бериш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти тасдиқланди.
«Илк қадам» номли давлат таълим дастури асосида болаларни мактабга тайёрлов гуруҳларида таълим тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича «Илм йўли» вариатив дастури ва имконияти чекланган болаларни ривожлантириш мақсадида мослаштирилган таълим дастури амалиётга киритилди.
«Илк қадам» дастурини амалиётга жорий этиш учун педагогларга мўлжалланган 6 номдаги ўқув методик таъминот ишлаб чиқилди. Шунингдек, илк маротаба турли ёшдаги гуруҳлар учун йиллик мавзувий режалар намунаси ишлаб чиқилди.
Шунингдек, 2018-2021 йиллар давомида мактабгача таълим ташкилотларига ўқув методик қўлланмалар ва дидактик материаллар етказиб берилди.
2021 йил давомида мактабгача таълим ташкилотларига етказилган ўқув-методик қўлланмалар, дидактик плакатлар ва ўйинлар ҳамда ўйинчоқлар билан таъминланиш даражаси давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2021 йил давомида:
Педагоглар учун болалар давоматини қайд этиш дафтарлари – 48 811 та;
Педагоглар учун 6149 та « Иш дафтари» (ҳар бир комплект 5 та китобдан иборат);
6 149 та панорамли эртаклар (ҳар бир комплект 6 та китобдан иборат);
25 000 та педагогик қўлланма ва дидактик материаллар (рус ва ўзбек тилларда);
6 149 та мусиқа раҳбарлари учун қўлланма;
20 000 дона «Комикслар» тўплами (ҳар бир тўплам 3 дона ўзбек халқ эртакларидан иборат);
3-7 ёшли болалар учун «Қизил гул», «Оқ гул», «Сариқ гул», «Мовий гул» номли таълимий, рангли-безакли бадиий асарлар, ўзбек эртаклари ва шеърлар тўплами 20 000 нусхада (китоблар нусхаси илова қилинади) ишлаб чиқилиб мактабгача таълим ташкилотларига таълим-тарбия жараёнларида фойдаланиш учун етказиб берилди.
Мактабгача таълим ташкилотларини юқори сифатли ўқув дидактик материаллари билан таъминланганлиги
10 00 та «Лулия айланалари» дидактик тўплами;
3-7 ёшли болалар учун диққатни жамлаш ва мантиқий фикирларни ривожлантиришга қаратилган 20 000 та «СОАТ»
20 000 та элементар математика тасаввруларини ва билимларини ривожлантириш бўйича дидактик ўйинлар ва масалалар тўплами (ҳар бир тўплам 40 та плакатдан иборат) (рус ва ўзбек тилларда);
10 000 та кўргазмали дидактик плакатлар тўплами (ҳар бир тўплам 45 та плакатдан иборат) (рус ва ўзбек тилларда);
10 000 та марказларда фаолиятни ташкил этиш учун дидактик карточкалар тўплами (ҳар бир тўплам 376 та карточкадан иборат) (рус ва ўзбек тилларда);
ўзида миллий сиймолар, миллий эртаклар ҳамда мультфильм қаҳрамонлари кўринишлари ва лавҳаларини акс эттирган 6 149 нусхада «Стол театри» дидактик тўплами;
3-7 ёшли болалар учун «Кўнгилочар» геометрик тушунчаларни ҳосил қилиш ва логикани ривожлантиришга қаратилган графоматорика бўйича 6 149 та дидактик тўплам;
466 032 тадан тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари учун «Иш дафтарлари»; «Математика дафтари» ва «Инглиз тили дафтари» ишлаб чиқилиб, мактабгача таълим ташкилотларига таълим-тарбия жараёнларида фойдаланиш учун етказиб берилганлиги матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан таъкидланди.
Маълумот учун:
Мактабгача таълим ташкилотларида 2017 йилда жами 58 400 нафар педагог кадрлар фаолият юритган.
Уларнинг 12 623 нафари (21,6%) олий маълумотли, 45 777 нафари ўрта махсус маълумотли педагог кадрларни ташкил этган.
Бугунги кунда 2022 йилда мактабгача таълим ташкилотларида жами 149 024 нафар педагог кадрлар фаолият юритиб келмоқда.
Шундан: 51 442 нафари (34,5%) олий маълумотли, 97 582 нафари ўрта махсус маълумотли педагог кадрлардир.
Жумладан, давлат мактабгача таълим ташкилотларида 112 625 нафар педагог кадрлар фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 41 259 нафари (36,6%) олий маълумотли, 71 366 нафари ўрта махсус маълумотли педагог кадрлардир.
Бугунги кунда 3-7 ёшли болаларнинг умумий сони 2 820 161 нафарни ташкил этиб, шундан 1 957 358 нафар бола (2017 йилда – 708 247; 2018 йилда – 932 310; 2019 йилда – 1 413 290; 2020 йилда – 1 699 566; 2021 йилда – 1 895 148 нафар бола) ёки мактабгача ёшдаги аҳолининг 69,4 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинди (2017 йилда – 27,7%; 2018 йилда – 37,7%; 2019 йилда – 52,3%; 2020 йилда –60,9%; 2021 йилда – 67,2%).
Шу билан бирга 2022 йилнинг 1 июн ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида 28 012 та мактабгача таълим ташкилоти (2017 йилда – 5 211 та; 2018 йилда – 7 104 та; 2019 йилда – 13 530 та; 2020 йилда – 18 254 та; 2021 йилда – 27 609та), шу жумладан 6 412 та давлат ва 21 600 та (шундан 738 та хусусий, 19 672 та оилавий ва ДХШ доирасида 1 190 та нодавлат) нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.
Юқоридаги маълумотлар эса, фоизлар кўрсатгичи йилдан-йилга ортиб борганини кўрсатади. Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, 2030 йилга келиб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.