2022 йилда хотин-қизлар бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади

2022 йилда хотин-қизлар бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 17 мингдан зиёд тадбиркор аёллар фаолият кўрсатмоқда.  Йил бошидан 79 мингдан зиёд хотин-қизлар тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгани юқорида қайд этиб ўтилгани каби яратилаётган имкониятлар натижасидир.

 Хотин-қизларнинг тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш истагида бўлган хотин-қизларга тижорат банклари маблағлари ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 548 166 нафар имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, сўнгги уч йил ва жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ва ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган хотин-қизларга фаолиятини бошлаши учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш каби мақсадлар учун 57 427 нафар хотин-қизларга давлат бюджетидан субсидиялар берилди.

Ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 388 874 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Бу мақсадлар учун 12 млрд. сўмдан зиёд маблағ жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4235-сонли қарори билан ташкил этилган “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” томонидан 154 085 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, уларнинг 68 057 нафари бандлиги таъминланди.

“Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” томонидан хотин-қизларни айниқса олис ва чекка ҳудудлардаги истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларидан касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш қамровини кенгайтириш мақсадида марказлар фаолиятини такомиллаштириш доирасида жорий йилнинг ўзида уларнинг 154 та туман (шаҳар)ларда филиаллари ташкил этилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратилади.

2022 йилда мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг жами 4 триллион сўм қисми тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилиши таъминланади.

Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтларининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиявий ресурслари жалб этилиши белгиланган.

Хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда маҳаллий ва жаҳон логистика компаниялари билан алоқалар ўрнатилмоқда. 



Report Page