2022 йилда банклараро пул бозорида савдолар ҳажми рекорд даража - 270,61 трлн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 93%га юқори

2022 йилда банклараро пул бозорида савдолар ҳажми рекорд даража - 270,61 трлн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан қарийб 93%га юқори

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда "Ўзбекистон республика валюта биржаси" АЖ раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди:

 “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти биржа хизматларининг барча турларини кўрсатувчи юқори технологияли биржа платформаси ҳисобланади. Масалан бу ерда биржа савдолари ташкил этилади, пре-трейдинг ва пост-трейдинг хизматлари кўрсатилади.

Бугунги кунда ЎзРВБ фаолияти валюта, пул, давлат қимматли қоғозлари, деривативлар бозорида биржа савдоларини ташкил этиш билан боғлиқ. Шунингдек, мазкур биржа давлат қимматли қоғозларини ҳисобга олиш ва уларни сақлаш бўйича депозитар хизматларни кўрсатиш ҳамда биржа савдолари бўйича ҳисоб-китоб ва клирингни амалга ошириш каби муҳим функцияларни ҳам қамраб олган.

2022 йил якунларига кўра ЎзРВБ бозорларидаги савдолар умумий ҳажми рекорд даража - 706,79 трлн. сўмга етиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан ўсиш 81,60 %ташкил этди.

Валюта бозори

ЎзРВБ валюта бозорида бугунги кунда АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва Хитой юани бўйича спот ва своп операциялари ташкил этилади. Улар  ЎзРВБ томонидан ишлаб чиқилган замонавий “Rhombus” платформасида "колл-аукцион" ҳамда икки томонлама узлуксиз аукцион замонавий усуллари орқали амалга оширилади.

2022 йил якунлари бўйича биржа валюта бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 338,34 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 1,5 баробар ошди.

 Пул бозори

Банклараро пул бозорида бугунги кунда ЎзРВБнинг махсус электрон платформаси орқали тижорат банкларининг бўш пул маблағларини 1 кундан бир йилгача бўлган муддатга жалб қилиш ва жойлаштириш бўйича савдолар ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан депозит аукционлари ташкил этилган.

Ушбу бозордаги савдолар бозор қатнашчиларига қисқа муддатли активларга пул маблағларини тезкор равишда жалб қилиш ва жойлаштириш учун қўшимча имконият яратади. Сўнгги йиллардаги ҳажмлар ижобий динамикаси пул бозори инструментлари жозибадорлигидан далолат беради.

2022 йилда ушбу бозордаги савдолар умумий ҳажми рекорд даража - 270,61 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан деярли 93%га ошди.

Давлат қимматли қоғозлари бозори

ЎзРВБнинг ушбу бозорида замонавий савдо-депозитар платформа орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилик мажбуриятлари ва облигациялари, шунингдек Марказий банкнинг облигациялари бирламчи жойлаштирилиши ва иккиламчи муомаласи бўйича савдолар, шунингдек РЕПО операциялари ташкил этилган.

2022 йил якунларига кўра ушбу бозордаги савдолар умумий ҳажми 97,8 трлн. сўмни (бирламчи савдолар - 87,3 трлн. сўм, иккиламчи савдолар - 10,0 трлн. сўм ва РЕПО операциялар ҳажми - 0,5 трлн. сўм) ташкил қилди ва 2021 йилги мос кўрсаткичга нисбатан 3,5 баробар ошди.

2022 йил давомида ЎзРВБ платформасида Молия вазирлиги томонидан чиқарилган қуйидаги турдаги давлат қимматли қоғозлари илк бор жойлаштирилди:

- муомала даври 10 йил бўлган узоқ муддатли ДҚҚ 10 млрд. сўм ҳажмда жойлаштирилди. Бу молиявий инструментлар қаторини диверсификациялашга, бозорда “бэнчмарк”ни шакллантиришга, шунингдек суғурта компаниялари ва пенсия жамғармаларини жалб қилиш орқали инвесторлар базасини кенгайтиришга имкон беради;

- муомала даври 5 йил бўлган умумий ҳажми 106,3 млрд.сўмлик инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилди.

Ушбу инвестиция воситаси инфляция билан боғлиқ йўқотишларга қарши кафолат инструменти ҳисобланиб, инвесторларни инфляция хатарларидан ҳимояланишга имкон беради;

- 149,7 млрд. сўмлик муомала даври 5 йил бўлган инфратузилмани ривожлантириш учун мақсадли молиялаштиришга қаратилган ДҚҚ  жойлаштирилди.

Ушбу қимматли қоғозлари инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун бюджет маблағлари тақчиллигини қоплашга, узоқ муддатли маблағларни жалб қилишга имкон беради. Бу эса институционал инвесторлар, яъни пенсия жамғармалари, суғурта компаниялари учун давлат қимматли қоғозлари жозибадорлигини оширади.

Бундан ташқари, савдо иштирокчиларига қулайликлар яратиш мақсадида давлат қимматли қоғозлари бозорида ЎзРВБнинг “UZCE mobile GB” мобил иловаси ишга туширилди.

Мазкур илова масофавий тарзда давлат қимматли қоғозлари билан савдо қилиш, шунингдек биржа ва бозорга таалуқли бошқа маълумотларни олиш имконини беради. Илова “Play market” ва “App Store” электрон дўконларида  жойлаштирилган.

Деривативлар бозори

ЎзРВБнинг деривативлар бозорида 2022 йил 3 октябрдан бошлаб, ЎзРВБ томонидан ишлаб чиқилган янги “Rhombus derivatives” платформасида Ўзбекистонда илк бор валютавий фьючерс шартномалари савдолари йўлга қўйилди.

Валютавий фьючерс шартномаси – маълум бир миқдордаги валютани битим тузилган кундаги келишилган нарх бўйича келажакда маълум бир кунда сотиш ёки сотиб олиш шартномаси ҳисобланади.

Фьючерс шартномалари билан савдолар иккитомонлама узлуксиз аукцион усулида амалга оширилиб, уларнинг базавий активи сифатида АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси белгиланди.

ЎзРВБнинг биржа инструментлари қаторида бозор иштирокчиларига таклиф этилаётган ушбу янги инструмент нафақат валюта курсининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ ташқи ва ички хатарларни юмшатишга, балки нарх ўзгаришларидан даромад олиш ва янги ҳосилавий инструментларни жорий этиш учун имконият яратади.

Халқаро муносабатлар

ЎзРВБ бир қатор етакчи ва илғор хорижий ва маҳаллий биржалар ва молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бугунги кунда, ЎзРВБ Москва биржаси, Қозоғистон фонд биржаси, Беларус валюта-фонд биржаси, Refinitiv (Thomson Reuters) компанияси билан Ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолаган.

Ушбу меморандумлар доирасида биржа соҳасини янада ривожлантириш, янги биржа инструментларини жорий этиш, хорижий инвесторларини маҳаллий капитал бозорига жалб қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва бошқа соҳаларда доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Шу билан бир қаторда, 2022 йил давомида ЎзРВБ раҳбарияти ва масъул ҳодимлари Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Москва биржаси, «Bloomberg» ва ва бир қатор инвестиция компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, биржа инфратузилмасини янада ривожлантириш, технологик платформаларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, хорижий инвесторларни Ўзбекистон бозорларига жалб қилиш, ЎзРВБ бозорлари тўғрисида маълумотларни ташқи фойдаланувчиларга узатиш ва бошқа масалалар бўйича музокаралар ўтказиб, фикр алмашдилар.

2023 йилга режалар

Яқин келажакда ЎзРВБнинг валютавий своп бозорига фоизли своп инструментини (interest rate swap) жорий этиш ва у бўйича операцияларни кенгайтириш мақсадида, савдо жараёнларини халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилишини таъминлаш ҳамда ушбу бозорга маркет-мейкерлик фаолиятини жорий этиш кўзда тутилган.

Давлат қимматли қоғозлари бўйича:

·       ДҚҚ иккиламчи бозорида тузилган битимлар натижаларига кўра амалга ошириладиган ҳисоб-китобларни Т+2 режимига ўтказиш ҳамда пул маблағларни олдиндан депонентламасдан савдоларда иштирок этиш шароитини яратиш;

 ·       ДҚҚ бозорига марказий контрагент фаолиятини жорий этиш, жумладан, риск ва дефолт менежмент тизимини яратиш ҳамда ликвидлик провайдерини жорий этиш;

 ·       РЕПО бозорида “РЕПО савати” ҳамда янгиланган РЕПО савдо платформаси  ишлаб чиқиш;

 ·       ДҚҚ бозорида ЎзРВБ томонидан кафолат жамғармаси ҳамда савдо иштирокчилари томонидан захира жамғармасини яратиш ва ундан фойдаланиш механизмлари яратиш;

  Шу билан бирга савдо иштирокчиларига турли рискларни хеджирлаш мақсадида базавий активи ДҚҚ, пул бозорининг индекси бўлган фьючерс шартномалари билан операциялар амалга оширилишини йўлга қўйиш каби ишлар киради.

ЎзРВБнинг фьючерслар бозорида давлат қимматли қоғозлари қиймати, шунингдек биржа бозорининг бошқа турли кўрсаткичлари ва индекслари бўйича фьючерс шартномаларини жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, савдо якунлари бўйича шаклланадиган маълумотларни пуллик асосида маркет-дата кўринишида ташқи фойдаланувчиларга сотишни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, ЎзРВБнинг ДҚҚ бозорига ҳорижий инвесторларнинг тўғридан-тўғри киришига шароит яратиш ҳамда улар томонидан тузилан битимлар натижаларига кўра ҳисоб-китобларни амалга оширилишини таъминлаш мақсадида SWIFT халқаро банклараро ахборот узатиш ва тўловларни амалга ошириш тизимига уланиш ишлари жадал равишда давом этмоқда.

Алоҳида лойиха сифатида ЎзРВБ бозорларида тузилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш функциясига эга ЎзРВБ таъсисчилигида алоҳида ташкилот “Clearinghouse”ни тузиш ишлари бошланган.


Report Page