2022 йил январь ойи пенсия ва нафақа тўловлари банк пластик карточкаларига юклаб берилди
2022 йилнинг январь ойи пенсия ва нафақа тўловларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш мақсадида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси томонидан барча тижорат банклари билан ҳамкорликда зарурий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан вилоятимиздаги 380 мингга яқин пенционер фуқароларимизга жорий йилнинг январь ойи пенсия ва нафақа тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш мақсадида жами 298.2 млрд.сўмга тўлов қайдномалари шакллантирилиб, жорий йилнинг 6 январь куни Пенсия жамғармасининг вилоят бошқармаси орқали маблағлар тегишли банк филиалларига тўлиқ молиялаштириб берилди.
Молиялаштирилган маблағларнинг 126.7 млрд.сўми 5-6 январь кунлари банк пластик карталари орқали олувчи фуқароларнинг банк пластик карточкаларига тўлиқ юклаб берилиши таъминланди.
Пенсия ва нафақа тўловларини нақд пул шаклида олувчилар учун АТ Халқ банкининг ҳудудий филиаллари томонидан маблағлар фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб берилиши назоратга олинди.
Манба: Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамҳармаси Андижон вилояти бошқармаси матбуот хизмати