2021 йилда табиий офатлар хавфи мавжуд ҳудудлардан 125 нафар фуқаро доимий, 248 нафар фуқаро эса вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилган

2021 йилда табиий офатлар хавфи мавжуд ҳудудлардан 125 нафар фуқаро доимий, 248 нафар фуқаро эса вақтинча яшаш учун хавфсиз ҳудудларга кўчирилган

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ФВВ ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев маълум қилди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Республикамиз ҳудудларида учрайдиган табиий офатлар орасидаги гидрометеорологик хавфли жараёнларнинг ҳосил бўлишида атмосфера омиллари асосий ўрин эгаллайди. Улар оқибатида ҳаёт хавфсизлиги бузилади, инсонларнинг қурбон бўлиши, халқ хўжалиги объектларига турли даражада моддий зарар етиш эҳтимоли ортади. Булардан сел, сув тошқини, қор кўчкиларига аълоҳида эътибор қаратамиз, чунки Ўзбекистон ҳудудининг географик ўрни ва иқлим шароитлари ушбу ҳодисаларнинг содир бўлишига замин яратади.

Кўп йиллик кузатишлар мбайнида Ўзбекистонда гидрометеорологик хавфлар мавжуд бўлган асосий ҳудудлар деб:

◾️ Фарғона водийси (Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари);

◾️ Жанубий Ўзбекистон (Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари);

◾️ Шимоли-Шарқий ва Шарқий Ўзбекистон (Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятлари) белгиланган. 

Қор кўчиши, кучли шамол (довул), жала каби об-ҳавонинг кескин ўзгариши натижасида турли дам олиш масканларига, аҳоли пунктларига жиддий зарар етказилиши, сайёҳлар ва спортчиларнинг жароҳатланишига сабаб бўлувчи нохуш вазиятлар мажмуаси гидрометеорологик хавфли жараёнларни келтириб чиқаради.

Табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг содир бўлиш эхтимоли мавжуд экан, албатта, уларнинг олдини олишга асосий эътиборимизни қаратишимиз керак, зеро, республикамиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишдан иборатдир.

Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиши ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссияси мажлисининг топшириқларини бажариш мақсадида, ўтган 2021 йил давомида манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, табиий офатлар хавфи мавжуд ҳудудлардан кўчирилиши лозим бўлган жами 71 та хўжаликдан (364 нафар фуқаро) 25 та хўжалик (125 нафар фуқаро) хавфсиз ҳудудларга доимий, 46 та хўжалик (248 нафар фуқаро) вақтинча яшаш учун кўчирилган. 

Шунингдек, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар органлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат 136 та назорат-кузатув постлари ташкил этилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда хавфли ҳудудларда дарёлар, сойлар ва каналлар ўзанларини тозалаш, қирғоқ ва дамбаларни мустаҳкамлаш бўйича 170 та махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиб, уларга 20 мингга яқин иштирокчи ва 1858 та техника жалб этилди. Тадбирларда 42,8 минг м3 тупроқ, 45,7 минг м3 қум-шағал, 2840,1 м3 бетон ишлари бажарилиб, 58,7 километрдан ортиқ масофадаги магистрал каналлар, дарёлар ва сойлар ўзанларининг тозаланишига эришилди.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда қирғоқларни мустаҳкамлаш, хавфли ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктларини кўчириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва дам олиш зоналарининг болаларни ва дам олувчиларни қабул қилишга тайёрлигини текшириш, юқори тоғли ҳудудларда жойлашган тошиш хавфи мавжуд кўлларни кузатиш, назорат-кузатув ва огоҳлантириш постларини қўйиш, шунингдек, қор захираларини ва баланд тоғлардаги кўлларнинг ҳолатини баҳолаш, қор кўчкиси ва сел хавфи мавжуд ҳудудларни аниқлаш бўйича 2 маротаба аэровизуал кузатув амалга оширилди.

Республикамиз ҳудудида фаолият кўрсатувчи мобиль алоқа операторлари томонидан фавқулодда вазият хавфи ҳақида мамлакатимиз аҳолисига хабар бериш йўлга қўйилган бўлиб, жами 140 дан ортиқ SMS хабарлари юборилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорологик хизмати маркази томонидан қор кўчкиси, сел, кучли шамол билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича 230 дан ортиқ хабарлар берилган.

Таассуфлиси шуки, ўтган йилги кучли ёғингарчилик кунларда республикамизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида 27 маротаба сел тошқинлари юзага келди, уларнинг оқибатида 64 та хонадонга ёмғир сувлари тошиб кирди.

2022 йил давомида бажарилиши зарур бўлган тадбирлар.

Давлат геология қўмитасининг Хавфли геологик жараёнларни кузатиш Давлат хизмати ва “Ўзгидромет” маркази томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, республиканинг хавфли ҳудудларидаги жами 43 та хўжаликни (205 нафар фуқаро) (Қашқадарё вилоятида 17 та, Наманган ва Жиззах вилоятларида 1 тадан, Сурхондарё вилоятида 4 та, Самарқанд вилоятида 5 та Тошкент вилоятида 3 та ва Фарғона вилоятида 13 та) хавфсиз ҳудудларга доимий кўчириш талаб этилмоқда.

2022 йилда вилоят ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияларига республика бюджети маблағларидан ажратилиши кўзда тутилган 129,4 млрд сўм маблағлар ҳисобига Андижон вилоятида 7 та, Жиззах вилоятида 12 та, Қашқадарё вилоятида 10 та, Навоий вилоятида 12 та, Наманган вилоятида 12 та, Самарқанд вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Тошкент вилоятида 14 та ва Фарғона вилоятида 7 та, жами 87 та вилоятлар ҳокимликлари тасарруфидаги дарёлар, сойлар ва сел йўллари қирғоқларини мустаҳкамлаш, ўзанларини тозалаш ва дамбаларини тиклаш ишлари режалаштирилган.

Мавсумни беталофат ўтказиш, шунингдек, бахор-ёз мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган қор кўчкиси, сел, тошқин, кучли шамол ва ер кўчкиси билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

◾️ тоғ олди ва тоғли ҳудудларга боришдан аввал кутилаётган об-ҳаво маълумотларини ўрганинг, қор кўчкиси ва сел келиши тўғрисида хабарлар берилганда сафарни бошқа кунга қолдиринг;

         ◾️ тоғли ҳудудларда ҳаракатланганда “хавфли ҳудуд”, “қор кўчкиси” белгилари ўрнатилган жойларга, шунингдек, махсус ўраб қўйилган хавфли ҳудудларга кирманг; 

◾️ қор кўчкиси ва сел оқими билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда асосан шаҳарлардан келган аҳоли ёки сайёҳлар жабрланади, маҳаллий аҳоли эса ҳудуд географиясини яхши билганлиги боис хавфсиз ҳаракатларни амалга ошира олади, шу сабабли тоғли ҳудудларга борганда ҳудудни яхши биладиган маҳаллий аҳолининг кўмагидан фойдаланинг.

Report Page